Токио Олимпиадасига қайси боксчиларимиз боради?

Сўнгги йилларда бокс юртимизда оммабоп спорт турларидан бирига айланиб, унга қизиқувчилар сони сезиларли даражада ортди. Бунга, шубҳасиз, «Рио — 2016» Олимпиадасида қўлга киритилган ғалабалар сабаб бўлди. Бугун барча ёшлар Ҳасанбою Муроджонларни ўз қаҳрамони деб билиши барчамизга аён. Шу боисми, боксчиларимиз иштирок этаётган ҳар қандай мусобақани кузатиб бораётган, уларга қалбан мададкор бўлаётган, рингдаги баҳсларни муҳокама қилаётганлар ён-атрофимизда кўплаб топилади.

Яқинда Иорданиянинг Амман шаҳрида Осиё/Океания минтақалари учун бокс бўйича «Токио — 2020» Олимпиадаси лицензион турнири ҳам ана шундай ҳаяжон билан кузатилди. Якунда вакилларимиз 3 та олтин ва 3 та бронза медалига сазовор бўлиб, эркаклар ўртасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритишди. Хўш, бу аввалги йиллар натижасига нисбатан яхшими ёки ёмон? Риода ортиғи билан оқланган ишончни Токио рингларида ҳам билдириш қанчалик ўринли?

Рио рекордлари яхшиланадими?

— Тўрт йил олдин Бразилия мезбонлик қилган Олимпиада ўйинларида терма жамоамиз 11 нафар боксчи (10 нафар эркак ва 1 нафар аёл боксчи) билан қатнашган, — дейди Ўзбекистон бокс федерацияси мутахассиси Азиз Тўхтамуродов. — Аввалги саралашда боксчилар Қатар мезбонлик қилган жаҳон чемпионати, Хитойда ташкил этилган Осиё лицензион мусобақаси ва Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) мусобақалари орқали Олимпиада лицензиясига эга чиқишганди. Бу сафарги циклда эса фақат қитъавий ва жаҳон миқёсида ташкил этиладиган лицензион мусобақаларда йўлланма олиш имконияти мавжуд.

Бир неча кун олдин Амманда якунланган мусобақада терма жамоамиз 13 та имкониятдан 7 та лицензия қўлга киритди. Олдинда май ойида Францияда жаҳон миқёсида ташкил этиладиган лицензион мусобақа бор. Бу мусобақада эркаклар ўртасида иккита вазнда йўлланмани қўлга киритишни мақсад қилганмиз.

Шуни ҳам ёддан чиқармаслик керакки, Олимпиада ўйинларининг бокс баҳсларида 13 та вазн мавжуд. 2016 йилги Олимпиадада ушбу вазнларнинг 10 таси эркаклар, 3 таси аёлларга тегишли эди. Бу сафар эса эркаклар мусобақасидаги иккита вазн аёлларга ўтди. Аниқроғи, энди Олимпиадада эркаклар ўртасида 8 та, аёллар ўртасида эса 5 та вазнда баҳслар ташкил этилади.

Кимда қандай натижа?

Иордания рингларида боксчиларимиз Ватанимиз шарафини ишончли ҳимоя қилишди. Ғалаба бор жойда мағлубият ҳам бўлади. Аслида йўл қўйилган хатолар келгусидаги муваффақият учун сабоқ бўлади.

Мусобақанинг финал жангларида уч нафар боксчимиз рингга кўтарилди. 57 кг. вазн тоифасида Миразизбек Мирзахалилов финалда мезбон рақибга қарши жанг қилиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Элнур Абдураимов қозоғистонлик Закир Сафиулинни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. 91 кг. вазнли боксчимиз Баҳодир Жалолов эса олтин медаль учун жангда рақибидан 5:0 ҳисобида устун келди. Шаҳобиддин Зоиров, Бобоусмон Батуров ва Санжар Турсунов бу гал бронза медаллари билан кифояланишди.

Ғалабага қатъий тартиб-интизом билан эришилади

Терма жамоамизнинг етакчи вакилларидан бири Баҳодир Жалолов австралиялик Жастис Хьюнига қарши рингга кўтарилди ва ишончли ғалабага эришди.

 

— Ушбу мусобақа йил аввалидаги энг муҳим беллашувлардан бири эди, — дейди
Б.Жалолов.
— Спортда муваффақиятга қатъий тартиб-интизом билан эришилади. Машғулотларни олиб бориш, кун тартибини режали ташкил этиш ҳамма-ҳаммасига эътиборли бўлиш лозим. Баъзида кичик эътиборсизлик қилинган барча меҳнатни ҳавога совуриши мумкин. Ўз устида тинимсиз ишлаш, изланиш, хатоларни ўз вақтида кўра олиш ва уларни бартараф этиш ғалабага олиб борувчи асосий омиллардан, деб биламан. Мақсадсиз инсонни саҳрода адашиб қолган йўловчига ўхшатаман. Боиси у ҳаётда нима қилишини билмайди, вақти самарасиз ўтади. Мақсади бўлган, аммо унга эришиш учун ҳаракат қилмасликни ҳам оқламайман. Киши қачонки олдига катта мақсадни қўйса, унга эришиш учун барча шароит ва яратилган имкониятлардан фойдалана олса, шундагина марра уники бўлади.

«Тўғри танланган техника фойдангга ишлайди»

Лицензион мусобақада ҳам­юртимиз Турсуной Раҳимова таиландлик Ютумас Хитпонгга қарши рингга қўтарилиб, 51 кг. вазн тоифасида Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди. Эътиборлиси, Турсуной боксчи қизларимиз орасида «Токио — 2020»га йўлланма олган биринчи спортчи бўлди.

— Ёшлигимдан Элшод Расуловга ҳавас қилардим, — дейди Т.Раҳимова. — Аммо кун келиб Олимпиадада Ватанимиз шарафини бокс бўйича ҳимоя қилишдек орзуим амалга ошиши хаёлимга ҳам келмаганди. Боиси бу спорт турига жуда кеч кириб келганман, 16 ёшимдан бокс билан шуғулланишни бошлаганман. Аввалига бу спорт тури фақат зарба беришдан иборат, деб ўйлардим. Унинг сир-асрорларини ўрганганим сайин бокс фақат зарбалардан иборат эмаслигини англаганман. Бокс худди шахматга ўхшайди, тўғри танланган техника сенинг фойдангга ишлайди. Спортда ғалаба ва мағлубият ораси бир қадам. Кўпроқ меҳнат қилсанг, қўлинг баланд келади, мағлуб бўлдингми, демак, рақибинг сендан кўп ўз устида ишлаган. Сабр билан тинимсиз ўз маҳоратини ошириб борган спортчи, албатта, мақсадига эришади. Олдимизда янада катта марра турибди. Уни забт этиш учун барча имкониятларимни сафарбар этаман.

Спортда битта қонуният бор: ё ютасан, ё енгиласан. Йиллар давомидаги тинимсиз машғулотлар, қатъий кун тартиби, чекилган машаққатлар заҳматини биргина ғолиблик нашидаси ювиб юборади. Аммо доим ҳам ғалаба қозониб бўлмайди. Мағлубият эса ҳар кимни руҳан синовдан ўтказади. Руҳиятга қилинган зарбани енгиб ўтолган спортчигина шоҳсупага кўтарила олади. Шунинг учун шоҳсупага кўтарилиш таслим бўлганларга эмас, синовларда чиниққанларга насиб этади. Япония рингларида боксчиларимиздан аввалгидан-да ёрқинроқ ғалабаларни кутиб қоламиз. Зеро, минг чиғириқдан ўтаётган спортчиларимизга фақат шоҳсупага кўтарилиш ярашади!

Садоқат МАХСУМОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш