Ўтган йили уй олмоқчи бўлган 7140 нафар аёлга нега рад жавоби берилган?

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, юртимизда оғир аҳволга тушиб қолган, муҳтож аёлларни уй-жой билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо кейинги пайтларда оммавий ахборот воситалари орқали айрим ҳолларда уй-жойларни ажратишда ноҳақликларга йўл қўйилгани, оғир аҳволга тушиб қолган, ногирон, ёлғиз аёллар қолиб, уй-жойлар барча имкониятларга эга фуқароларга тақдим қилингани тўғрисидаги шикоятлар бўй кўрсатяпти. Хўш, бу қанчалик тўғри? Кимлар аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган Президент фармонидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишга уриняпти? Мазкур саволлар билан мамлакатимиз Бош прокуратураси бошқарма прокурори Адҳам Одинаевга мурожаат қилдик.

Туман ҳокимининг ўринбосари 5 нафар хотин-қизни уй-жойга муҳтожлар рўйхатига асоссиз киритган

— Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни қабул қилган. Хотин-қизларга арзон уй-жойлар ана шу низом талабларидан келиб чиқиб тақсимланиши керак, — дейди А.Одинаев. — Аммо прокуратура органлари томонидан ўтказилган текширувлар жойларда бу борада қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганини кўрсатмоқда. Жумладан, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги уй-жойга муҳтож бўлган талабгорларни танлаш бўйича комиссиялар фаолияти тўғри ташкил этилмаганлиги, юклатилган вазифалар тўлақонли ижро этилмаётганлиги, ҳақиқатда уй-жойга муҳтож аёлларни уй-жой билан таъминлаш аҳволи қониқарсиз эканлиги аниқланяпти. Хусусан, айрим ҳудудларда арзон уй-жойлар қурилмаганлиги оқибатида, уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатга киритилган аёлларнинг 84 нафари, шундан Қорақалпоғистон Республикасида 47, Навоийда 22, Сирдарёда 8, Бухорода 4, Сурхондарёда 2 ва Хоразмда 1 нафари уй-жой олмаган. Масалан, Нукус, Тахтакўпир, Шуманай, Конимех ва Зарафшон туманларида яшовчи уй-жойга муҳтож аёлларнинг бирортасига уй-жойлар берилмаган. Умуман, республика бўйича 100 дан ортиқ ҳолатларда уй-жойлар оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизлар ўрнига, ҳақиқатда уй-жойга муҳтож бўлмаган аёлларга ажратиб берилган.

Мисол учун, Наманган туманида 51 нафар оғир ижтимоий аҳволдаги аёллар уй-жой учун навбат кутиб турган бўлса-да, туман хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси С.Бозорова уй-жойга муҳтож бўлмаган онаси Ж.Бозоровага кўп қаватли уйлардан 2 хонали хонадон ажратилишига эришган. Мазкур ҳолат юзасидан Наманган туман прокуратураси томонидан туман ҳокимининг ўринбосари Т.Сиддиқова ҳамда қўмита мутахассиси С.Бозорова интизомий жавобгарликка тортилиб, Ж.Бозоровага ажратилган хонадон 1-гуруҳ ногирони Ю.Боқиевага берилиши таъминланган.

Шу каби Андижон тумани ҳокимининг ўринбосари Н.Зокирова 5 нафар хотин-қиз уй-жойга муҳтожлар рўйхатига асоссиз киритилганлиги учун интизомий жавобгарликка тортилган. Шеробод тумани хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Н.Амонов эса ижтимоий ҳимояга муҳтож Д.Бектошевадан уй-жой ажратиш эвазига 7 млн. сўм пора олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.

1576 нафар аёл уй-жой билан таъминланди. Аммо...

Умуман, 2019 йилда уй-жой олиш учун мурожаат қилган 8716 нафар хотин-қизнинг 7 140 нафарига рад жавоби берилиб, Низом талабларига асосан уй-жойга муҳтож сифатида рўйхати шакллантирилган 1576 нафар хотин-қизнинг 1492 нафари ёки 94 фоизига уй-жой сотиб олишлари учун 25,8 млрд. сўм бошланғич бадал маблағлари Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан тўлаб берилган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 91, Андижонда 132, Бухорода 88, Жиззахда 110, Қашқадарёда 110, Навоийда 54, Наманганда 92, Самарқандда 120, Сурхондарёда 110, Сирдарёда 90, Тошкент вилоятида 180, Фарғонада 154, Хоразмда 95 ва Тошкент шаҳрида 66 нафар аёлга ажратилган арзон уй-жойларнинг бошланғич бадали тўланган.

Аризаларни кўриб чиқишда белгиланган тартиблар бузилаётир

Шу билан бирга, арзон уй-жойларни бериш учун аризаларни қабул қилиш, талабгорларни танлаш ва уларга ёзма тавсия беришда Низом талаблари бузилиш ҳоллари учраяпти. Жумладан, ариза берувчиларнинг уй-жойга муҳтож хотин-қизлар тоифасига кириши ариза ва ҳужжатлар тақдим этилгач, 15 кун муддат ичида кўриб чиқилиши лозим бўлса-да, ўтган йилда Сирдарёда 106, Самарқандда 66, Фарғонада 42, Навоийда 16 та, 2020 йилнинг 2 ойида эса Қашқадарёда 348, Сирдарёда 39 ва Фарғонада 31 та аризалар белгиланган муддатда кўриб чиқилмаган. Уй-жойга муҳтожлик даражасини аниқлаш, ёзма тавсияни биринчи навбатда энг юқори балл тўплаганларга берилиши қоидаларига риоя этилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг тегишли  қарорига асосан, 2020 йилнинг 20 мартига қадар 1576 нафар уй-жойга муҳтож бўлган аёлларнинг рўйхати шакллантирилиши лозим бўлса-да, таҳлил даврига фақат 1116 нафар бундай тоифадаги аёллар рўйхати шакллантирилган.

 Нима қилмоқ керак?

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, прокуратура органлари хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатилиши устидан назоратни кучайтирди. Уларни  иш билан таъминлаш учун «Ҳар бир оила — тадбиркор», «Yoshlar — kelajagimiz» дастурлари асосида имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашиши, соҳада профилактика тадбирларини ўтказиш назоратнинг асосий йўналишлари ҳисобланади. Бу борада оғир ижтимоий вазиятдаги хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш учун қурилаётган уй-жойларни белгиланган муддатда ва сифатли қурилиши устидан қатъий назорат ўрнатилади.

Улуғбек ИБОДИНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 1
Ssssssssssssss

2020-03-20 15:54:47

Xorazm viloyati Xonqa tumanida umuman xech kim bilmaydi kim olgan olmaganini na xokimlik na boshqa idora axborot beradi mana 3 yildirki. Xech kim bilmaydi ushbu joydan kim olgan olmaganini, imi jimida o‘zlari xal qilib qo‘yaverishadi.

Изоҳ қолдириш