Ер юзида уруш бўлмасин!

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида «Қатортол» маҳалла фуқаролар йиғинида “Юз баҳорни қаршилаган” деб номланган тадбир ташкил этилди. Ҳудуддаги 184-сонли мактаб, 7-сонли болалар боғчаси билан ҳамкорликда ўтказилган кечада Мудофаа вазирлиги вакиллари, туман маҳалла ва оилани қўллаб қуватлаш бўлими мутахассислари, шаҳар фахрийлари кенгаши ва маҳалла фаоллари қатнашди.

Тошкент шаҳридаги «Қатортол» маҳалласида истиқомат қилувчи Александр Феодорович умрининг юзинчи баҳорини қарши олди. Табаррук ёшли бу инсон 1920 йилнинг 13 мартида туғилган бўлиб, ҳаётнинг кўп паст-баландликларини кўрди, оғир дамларни бошидан ўтказди. Унинг ёшлиги уруш даврига тўғри келди. 1937-1939 йилларда Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург)даги Артеллерия техник билим юртида таҳсил олган ҳарбий техник кадр сифатида фронт ортида хизмат қилди. 1940 йилдан 1963 йилларгача Ўрта Осиё Ҳарбий округи, Туркистон Ҳарбий округида техник назорат бўлим бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатди. Ҳарбий соҳада кўрсатган фидокорона хизматлари эвазига “Улуғ Ватан урушининг Германия устидан ғалабаси” медали, “Совет Армиясининг 30 йиллигига” медали, “Қизил Юлдуз” ордени, “Қуролли кучларнинг 40 йиллигига”, “Фидокорона хизматлари учун” медаллари билан тақдирланди. 1939-1945 йилларда фронт ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилди.

— Яратганга шукр, бизга шундай дориломо кунларни кўриш насиб этди, — дейди. Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортида меҳнат қилган Александр Нестеров. — Ҳар куни мана шундай тинч-осойишта кунларимизга шукроналар келтираман. Тинчлигимизга кўз тегмасин, ер юзида уруш бўлмасин. Биз, нуронийларга кўрсатилаётган эътибор учун Президентимизга раҳмат айтаман. Ўз навбатида, бу тадбирни ташкил қилган инсонларга миннатдорлик билдираман.

А.Ф.Нестеров 1963 йилда “Ўзбекгидроэнергострой” трестида муҳандис лавозимида иш бошлади. Фаолияти давомида ўзини етук ва масъулиятли мутахассис кўрсатди. Кейинчалик бошқа идораларда ҳам меҳнат қилди. Кексарганда ҳам тиниб-тинчимади.  2000 йилгача, яъни 80 ёшигача Тошкент Фармацевтика институтида кадрлар бўлими бошлиғи, Узумчилик-боғдорчилик ширкатида муҳандис лавозимларида ишлади. Қаерда ишламасин, масъулият, меҳнаткашлик, қатъиятлиликни шиор қилди. Бу фазилатлари унга ҳамиша обрў олиб келди.

Александр Нестеров ҳаётда ҳам бахтли инсон. У 2 фарзанднинг отаси, 4 та набира ва 6 та эваранинг бобоси. Аср билан тенгдош инсоннинг ҳаёт йўли авлодлари учун доимо ибрат мактаби бўлиб келади.

Инсон ҳаёти давомида эзгулик йўлида хизмат қилиши лозим, — дейди меҳнат фахрийси. — Чунки яхшилик қилиш умрни безашдир.

Тадбир иштирокчилари табаррук инсонни баҳорий айём ва қутлуғ ёш билан муборакбод этишди. Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда мактаб ўқувчилари томонидан намойиш этилган мусиқий ва ҳарбий чиқишлар барчага хушнудлик бағишлади. «Қатортол» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Пардабой Эргашов ва туман ички ишлар бошқармаси паспорт бўлими вакиллари отахонга янги паспорт топширишди.

Ғулом ХИДИРОВ.
«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш