Раҳбарларга тил масаласи бўйича маслаҳатчи керакми?

Пойтахтимиздаги «Амир Темур хиёбони» метро бекатидан «Юнус Ражабий» бекатига ўтиш йўлидаги темир тўсинларга «Окрашено» (бўялган) деган ёзувни илиб қўйишган экан. Шу ерда бир фурсат кузатиб турдим. Йўлдан ўтаётган ҳар икки одамдан бири рус тилини яхши билмагани ёки сўзнинг таржимасини тезда илғай олмагани туфайли тўсинга қўл текизиб кетяпти. Ўйлаб қолдим, шу сўзнинг ёнига «бўялган» деган ўзбекча ёзувни ҳам тиркаб қўйиш шунчалик мушкулми? Ахир, давлат тили ўзбек тили бўлса, устига-устак, йўловчиларнинг катта қисмини ўзбеклар ташкил этса...

Дарҳақиқат, бундай ҳолатларни кўча-кўйда ҳар куни, ҳар қаерда учратиш мумкин. Айниқса, кўпгина давлат ташкилотларининг реклама эълонлари, расмий хатлари, буйруқлари ҳам рус тилида тақдим этилишига ўрганиб қолганмиз. Айрим давлат ташкилотлари расмий сайтларида ҳам шундай камчиликларга дуч келамиз...

Кейинги йилларда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини кўтариш, унинг бор имкониятини тўлақонли намоён этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йил 20 январда Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга биноан, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳокимликлар тузилмаларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинди.

Қайд этиш керак, ушбу амалиёт давлат ташкилотларида юқоридаги каби жузъий камчиликларни бартараф этиш, ўзбек тилининг чин маънода давлат тили сифатидаги мавқеини кўтариш, ташкилотларнинг ўзбек тилида иш юритишини таъминлаш йўлидаги оқилона қарор бўлди. Маслаҳатчи мақомига кўра, раҳбарнинг ўринбосарига тенглаштирилиши ҳам унинг зиммасида катта масъулият турганини исботлайди.

Тил масаласида лоқайдлик кетмайди

Жорий йилнинг 9 март куни Бош вазир Абдулла Арипов раислигида кўча ва аҳоли пунктларини номлаш, пешлавҳалар, реклама ва эълонларнинг давлат тилида берилиши сингари масалалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган мажлисда айни шу масала — раҳбарларнинг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчисини тайинлаш ва уларнинг самарали фаолият олиб боришини ташкил этишга ҳам алоҳида урғу берилди. Йиғилишда, афсуски, ҳозиргача марказий давлат бошқаруви органларида муаммо кўламини ҳис этиш, маслаҳатчи тайинлаш жараёни эътибордан четда қолаётгани танқид қилинди. Хусусан, 9 март санасига қадар 24 та вазирликнинг 14 тасида бу лавозим жорий этилгани, 11 та давлат қўмитасидан фақат 5 тасида маслаҳатчи тайинлангани қайд этилди. Айрим ташкилотлар эса зўрма-зўраки топшириқни ёпиш билан бандлиги, маслаҳатчилик вазифасини соҳага алоқаси йўқ ходимларга юклаб қўяётгани қаттиқ танқид остига олинди.

— Тил — инсон тафаккури, жамият маънавияти кўзгуси, асосий алоқа воситасидир, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Феруза Азимова. — Она тилимизнинг миллий жозибасини сақлаш, қадрлашга ҳар биримиз бирдек масъулмиз. Айниқса, биз, маслаҳатчилар соҳадаги муаммоларга лоқайд қарашга ҳаққимиз йўқ. Хусусан, бу йўлда ташкилотлар фаолиятининг давлат тилига оид қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишини танқидий ўрганиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўришимиз зарур. Маслаҳатчилардан ҳудудлардаги барча ташқи ёзувлар, шу жумладан, лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлаш ҳам талаб этилади. Ташкилотдаги ходимларнинг ўзбек тилини чуқур ўрганиши, уни ҳурмат қилишга чорлаш, бу борада керакли чораларни кўриб, тарғибот ишларини олиб боришимиз керак. Ҳар бир давлат органида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини оширсак, бутун бир жамиятда бунга эришган бўламиз.

Илм-фан тилдан айри ривожланмайди

Бугунги кунда ҳам тиббиёт, математика, фалсафа ва бошқа бир қанча фанлардаги атамалар лотин ёки юнон тилидан олинган. Сабаби, фанларга асос солинаётган антик даврда Юнонистон ва Римда илм-фан билан бирга, риторика, нотиқлик каби тилга хос соҳалар ҳам ривожланган. Ўрта асрларда эса шарқ алломалари оламга машҳур бўлган. Бу даврда араб тили шарқ мамлакатларида илм-фан билан бирга такомилга етган.

Ўзбек тилининг мавқеини кўтариш, оммабоплигини ошириш, ривожлантириш йўлидаги амаллар ҳам нафақат халқимизда ватанпарварлик руҳини кучайтиради, балки илм-фан ривожида муҳим аҳамият касб этади.

— Инновацион ривожланиш вазирлигида иш бошлаганимдан сўнг бу соҳада ўзбек тилини татбиқ қилиш зарурат эканини ҳис қилдим, — дейди Инновацион ривожланиш вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси аъзоси Исажон Султонов. — Боиси ушбу соҳанинг ўзи мамлакатимиз учун янги бир тизимдир. Йўналишда хориж тилидан кириб келган атамалар жуда кўп. Соҳа ходимлари бу сўзларни бемалол тушуниши мумкин. Аммо оддий аҳоли учун уларнинг мазмун-моҳиятига етиб бориш қийин. Шу боис уларнинг ўзбекча муқобилини топиш ёки ўзбек тилида аниқ, барча учун тушунарли бўлган изоҳини яратиш фақатгина тилшунос олимлар, филологлар қўлидан келиши мумкин. Шу боис давлат ташкилотларида ушбу лавозимнинг жорий этилиши замон талаби эди, десак, хато бўлмайди.

Атамалар комиссиясида фаолият юритиб, биология, математика, ахборот технологиялари, физика, кимё соҳаларида атамалар жуда кўплиги ва яна янгидан-янги атамалар шиддат билан кириб келаётганига гувоҳ бўляпман. Юқорида таъкидлаганимдек, тезда уларнинг ўзбекча муқобилини топиш ва оддий аҳолига тушунарли тарзда изоҳини тақдим этиш жоиз. Шунда ўсиб келаётган ёш авлод болалигиданоқ бу атамаларнинг мағзини чақа олади. Улғайгач, фанни чуқурроқ ўрганиш, турли кашфиёт ва янгиликларни ҳаётга татбиқ этишга вақт сарфлайди. Шундагина тилимиз нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда юқори мавқега эга бўлади.

Айни пайтда мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини кўтариш борасида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бу йўлдаги ҳаракатлар натижаси давлат ташкилотлари раҳбарларининг тил масалалари бўйича маслаҳатчиларининг қанчалик ташаббускорлиги, фидойилигига ҳам боғлиқ. Зеро, барча жабҳаларда юртимизнинг илғор давлатлар қаторидан жой олишида ўзбек тили ривожи улкан аҳамият касб этади.

Санжар ЭШМУРОДОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш