Синовларни сабр ва ҳамжиҳатлик билан енгиб ўтамиз

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Бугун шундай бир даврда яшаяпмизки, дунёнинг бир бурчагида кузатилган кўнгилсизликка бефарқ қараб бўлмайди. «У биздан олисда», «Унинг бизга алоқаси йўқ», деган қарашларнинг умри аллачақон ўтиб бўлганини вазиятнинг ўзи исботлаб турибди. Дунё давлатларини хавотирга солаётган коронавирус бунга яққол мисолдир.

Тўғри, тарихда бу каби ўнлаб, ҳатто юзлаб ҳолатлар кузатилган. Аммо уларнинг ваҳимаси бу даражада эмасди. Нега? Чунки инсонлар интернетга ҳозиргидек муккасидан кетмаганди. Бу билан ҳаммасига глобал тармоқ сабабчи, дейиш фикридан йироқмиз. Аммо, очиғини айтиш керак, одамлар қалбига ваҳима солаётган, тинчини ўғирлаётган, турли асосли ва асоссиз маълумотларни тарқатаётган асосий манба — шу манзил. Коронавирус нафақат бизда, балки ривожланган мамлакатлар фуқароларида ҳам хавотир уйғотгани ҳақиқат. Аслида хавотирга ўрин борми? 

Эътибор қилинг, вирусга қарши барча давлат органлари курашмоқда. Керакли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ҳукуматимиз нафақат юртимиздаги, балки хорижда бўлган фуқароларимизнинг соғлиғи учун ҳам қайғурмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 мартдаги «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳам айни жиҳатлар тўла-тўкис акс этди. Унда барча масъул ташкилотлар зиммасига аниқ вазифалар белгиланди.

Хусусан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамкор ташкилотлар билан бирга коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилиниб, уй шароитида карантинга жойлаштирилган шахсларнинг белгиланган қоидаларга риоя қилиши устидан қатъий ва тизимли назорат ўрнатиши лозимлиги белгиланди. Карантин ўташ даврида ушбу шахсларни биринчи навбатдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, ниқоб ва тиббий буюмлар (дезинфекция воситалари ва бошқалар) билан таъминлаш чораларини кўриш лозимлиги қайд этилди.

Хўш, вазирлик бу борада нималар қилишга улгурдию, қандай ташаббус ва лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда? Карантин пайтида маҳалладошларимиз нималар билан банд?

— Вазирлик масъуллари карантинга олинган фуқароларнинг хонадонларидан мунтазам хабар олмоқда, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходими Шаҳбоз Раҳимов. — Мазкур оилалар керакли дори воситалари билан таъминланяпти. Озиқ-овқат маҳсулотларининг ўз вақтида етказиб берилиши эса маҳалла ходимлари томонидан амалга оширилаётир. Маҳалла фаоллари ҳомийларни жалб қилган ҳолда, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга уйма-уй юриб бепул ниқоб, озиқ-овқат маҳсулотлари улашмоқда. Бундан ташқари, «Менинг маҳалламга коронавирус яқинлаша олмайди!», «Маҳаллам аҳли саломатлиги — юртим бойлиги!» мавзуларида тушунтириш-тарғибот тадбирлари ва акциялари ўтказиляпти.

«Менинг маҳалламга коронавирус яқинлаша олмайди!»

Халқимизда: «Отанг маҳалла, онанг маҳалла», деган нақл бор. Чиндан ҳам, маҳалла инсонларни бир мақсад йўлида бирлаштиради. Бугунги синовли даврда бу вазифа қай даражада оқланмоқда?

— Ҳозир зиммамизга ҳар қачонгидан-да катта масъулият юклатилган, — дейди Фарғона вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи С.Аминжонов. — Боиси маҳаллада турли ёш ва характердаги инсонлар истиқомат қилади. Улар билан тиллашиб, карантин даврида амал қилишлари лозим бўлган қоидалар тушунтирилмоқда. Аҳолининг гигиена қоидаларига амал қилиш бўйича тавсиялар маҳалла марказларида ташкил этилган радиоузеллар орқали бериб бориляпти. Радиоузелларда белгиланган вақт ва дастур асосида йиғин раиси, психологлар, адлия бўлимлари ходимлари чиқишлар қиляпти. Ҳозирда вилоятдаги 1041 та маҳаллада бу усул орқали санитария қоидаларига амал қилиш, саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик, карантин даврида амалга ошириш лозим бўлган муҳим вазифалар эълон қилиняпти.

— Ижтимоий тармоқларда маҳалламиз фуқароларини жамлаган «Маҳалламиз» каналини очганмиз, — дейди Қўқон шаҳридаги «Марғилон дарвозаси» йиғини раиси Шоира Муҳаммадраҳимова. — Маҳалладошларимизга қулайлик яратиш мақсадида гузаримизда арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркасини ташкил этдик. Ярмарка ҳақида шу каналимизда эълон бердик. Мақсадимиз — аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларни уйи яқинидан ҳамёнбоп нархда сотиб олишини таъминлашдир. Ташаббусимизга саховатпеша ишбилармонларимиз ҳам қўшилди. Эндиликда эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари бепул етказиб бериляпти.

Биргаликда енгамиз!

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳри маҳаллаларида ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, карантин вазиятида таҳликали ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида хайрия акциялари ўтказилмоқда. Шунингдек, махсус тепловизор ёрдамида ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини назоратдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Жараёнда бепул тиббий ниқоблар тарқатиляпти.

Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги «Работак» маҳалласи фаоллари ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Ҳудудда «Бирдамлик, меҳр-оқибат ва аҳиллик — коронавирусдан кучли» акцияси ўтказилмоқда.

— Шундай синовли кунларда маҳалланинг ўрни жуда сезилар экан, — дейди «Работак» йиғини раиси Абдуғаффор Шодмонов. — Бирон инсоннинг озгина яхши ишини маҳаллада тарғиб қилсангиз, бошқалар мен ҳам савоб ишга бош қўшай, дея чоғланяпти. Яхши инсонларимиз жуда кўп. Маҳалламиз аҳли меҳрли, оқибатли, уюшқоқ. Тадбирларда ҳамиша фаол. Шу боис акциямиз кутганимиздек самара беряпти.

Ташаббуслар Хоразмда ҳам кенг қулоч ёзмоқда. Хусусан, Ургут туманидаги «Урамас» йиғинида «Беш минг ниқоб» — аҳолига бепул ниқоблар тарқатиш акцияси давом этяпти. Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги «Шодлик» маҳалласида эса «Бизнинг оилада карантин! Сизда-чи?» деб номланган акция қизғин руҳда ташкил этиляпти. Акция доирасида болажонларнинг уйдаги вақтини мазмунли ўтказиш бўйича тавсиялар бериляпти.

*  *  *

Ҳа, биз асрлар давомида барча қийинчиликларни босиқлик ва ҳамжиҳатлик билан ортиқча саросималарсиз енгиб ўтган аҳил, улуғ халқ авлодларимиз. Бугун дунё ҳамжамиятини ўзига хос синовдан ўтказаётган коронавирус пандемиясини ортиқча хавотирcиз енгиб ўтишга ақлимиз ҳам, қурбимиз ҳам етади. Жойларда вирус тарқалишининг олдини олиш ва ҳар бир оиланинг осуда, тўкин турмушини таъминлашда маҳалла институти фаол иштирок этаётгани эса янада аҳамиятлидир.

Садоқат МАХСУМОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш