Коронавирус: инсоният синовдан ўтаётган пайтда дунёда қандай ўзгаришлар юз бермоқда?

Бутун дунё аҳлини ваҳимага солаётган коронавирус пандемияси халқаро ва минтақавий тадбирларнинг кун тартибига ўзгартиришлар киритмоқда, турли анжуман ва мусобақаларнинг қолдирилишига сабаб бўлмоқда. Халқаро молиявий бозорларни «шокка» солди, акциялар ва нефть нархи қулади, сайёҳлик тизимига путур етди, компания ва фирмалар синди. Япониянинг 2020 йил Олимпиада ўйинларини ўтказиш орзуси барбод бўлди. Мамлакат Бош вазири Синдзо Абэ коронавирус пандемияси Токио олимпиада ўйинларини кечиктиришдан бошқа йўл қолдирмагани ҳақида баёнот берди. Халқаро Олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах билан ўтказган музокаралардан кейин ўйинлар 2021 йили ўтказилишига келишиб олинганини эълон қилди.

Умумий душманни йўқ қилиш бош мақсадга айланди

Шу ўринда коронавирус турли низоларни тўхтатишга имкон бераётганини таъкидлаш ўринли. Масалан, маршал Ҳалифа Ҳафтар қўмондонлиги остидаги Ливия миллий армияси бор эътиборни коронавирус эпидемиясига қарши курашга қарата олиши учун жанговар ҳаракатлар тўхтатилишини эълон қилди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эса коронавирус сабабли дунёдаги барча низоларни тўхтатишга чақирди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки дунё умумий душман — COVID-19 коронавирус инфекцияси билан юзма-юз турибди. Вирус ирқи, миллати ёки динидан қатъи назар, барчани маҳв этмоқда. Шу боис дунёнинг барча бурчакларида ўт очишни зудлик билан тўхтатиш мақсадга мувофиқ. Гутерриш урушлардан хароб бўлган давлатларда тиббий хизмат тизими жар ёқасида экани, тиббиёт ходимлари тез-тез ҳужумларга дуч келишаётганини назардан қочирмади. 

Пандемия тарқалиши манзарасида Россия Федерацияси Конституциясига ўзгартиш киритиш масаласи кун тартибидан олинмоқда. Ушбу масала юзасидан овоз бериш 22 апрель куни ўтказилиши керак эди, аммо уни кейинга қолдириш юзасидан сиёсий қарор қабул қилинди.  Асосий ҳужжатга ўзгартиш киритиш бўйича умумроссия овоз бериш санаси янги муддатга кўчирилган, аммо у ҳали белгиланмади. Шу туфайли кечиктириш ҳам расман эълон қилинмади.

Коронавирус балоси Қўшма Штатларни ҳам шиддат билан қамраб олди. Шу сабабли АҚШ президенти Дональд Трамп «Катта еттилик» (G7) давлатлари етакчиларининг июнда Кэмп-Давидда ўтказилиши режалаштирилган учрашувини бекор қилди. Польша ҳукумати ҳам коронавирус инфекциясининг тарқалиши сабабли май ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларини кейинга суришини инкор этмаяпти.

Қўшниларимиз ҳам бундан мустасно эмас. Қозоғистонда Наврўзга бағишланган тадбирлар ва Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган ҳарбий парад бекор қилинди. Аввалроқ Қозоғистон ҳукумати коронавирус тарқалиши хавфи сабабли 13 мартдан республикада барча оммавий маданий ва спорт тадбирларини бекор қилишга, қариялар уйларига ташриф буюришни тақиқлашга, ўқувчиларни муддатдан олдин таътилга чиқаришга, Европа, Туркия ва БАА билан авиаалоқани чеклашга қарор қилди. Шунингдек, қозоғистонликларга тўйлар ва туғилган кунларни нишонлашни кейинроққа кўчириш тавсия қилинган.

Саудия Арабистони ҳукумати коронавирус эпидемиясининг олдини олиш мақсадида бутун дунё мусулмонлари учун икки бош муқаддас қадамжо — Маккадаги Масжидул-ҳаром ва Мадинадаги Набавий Масжидда ибодатларни вақтинча тўхтатишга кўрсатма берди. Ушбу чора 20 мартдан кучга кирди ва вазият ўнгланмагунча амал қилади. Энди бу икки бош масжид ҳам ибодатлар учун ёпилади. Қолаверса, февраль охирида Саудия Арабистони расмийлари Макка шаҳрида Умра амалини бажариш ва Мадинада Набавий Масжидни зиёрат қилиш учун келадиган фуқароларнинг мамлакатга киришини вақтинча тўхтатиб қўйганди.

Табиат биздан нимани талаб қилмоқда?

Бутун дунё ташвишда. Вирус ҳеч қандай чегараларни тан олмай тарқалмоқда, шунингдек, охири ҳам кўринмаяпти. Мутахассислар эса вирусга қарши курашиш учун қандайдир воситалар топилмас экан, эпидемия бир йилга чўзилади, деган хавотирли тахминларни ҳам илгари сурмоқда. Коронавирус инсоният жамиятида одамлар ўртасидаги муносабатларни жуда кучли ўзгартириб юборди, олдимизга жиддий саволларни кўндаланг қўймоқда. Нормал ҳаётга қайтиш учун нима қилмоғимиз керак, табиат биздан нимани талаб қилмоқда, нега бизга бундай кутилмаган «ҳадя»ни тақдим этди? Ҳаётимизда дуч келаётган барча муаммоларни ечишнинг қандай йўли бор?

Бир томондан, бу муаммолар инсониятнинг хулқи, феъли, атвори қандай аҳволда эканини рўйи-рост кўрсатиб берди. Бугун дунё ривожланган ва ривожланаётган давлатларга бўлинган. Шимолий ва Жанубий Америка, Европа давлатлари ўз чегараларини ёпиб олса, нима бўлади? Инсоният яна чегара тўсиқларини, шлагбаумларни  ўрнатиш тажрибасига қайтадими?

Коронавирус, бу — барчамиз учун умумий муаммо, у ёнғинлар, вулқонлар, тўфонлар каби муайян халқларга тегишли офат эмас. Ҳеч тасаввур қила оляпмизми, нега табиий офатлар ва балолар йилдан-йилга кучайиб, кенгайиб боряпти?! Балки табиат бизни сергак, уйғоқ яшашга, очкўзлик ва худбинлик балосидан воз кечишга, раҳм-шафқат, меҳр-оқибатли бўлишга ундаётгандир?! Ҳамма ёмонлик ортида яхшилик бор, деган ақида ҳақида кўп эшитганмиз. Эҳтимол, коронавирус туфайли самолётлар парвози, кемалар қатнови, автомобиллар ҳаракати чекланиб, табиатга ис гази чиқиши камаяр, шунда иқлим исишининг олди олинар? Ваҳоланки, олимлар «сайёрани сақлаб қолишга 18 ой вақтимиз бор», дея таъкидлаётган эди. Бу мақсадга эришиш йўлида 2020 йилнинг сўнгига қадар етарли ва қатъий сиёсий ирода ишга солиниши шартлигини эътироф этишганди. «Агар дунёни келаётган бир неча йил ичида даволамасак, у беэътиборлик туфайли 2020 йилгача оғир жароҳат олиши мумкин», деган эди Потсдам иқлим институти асосчиси ва фахрий директори Ҳанс Иоахим Шелнҳубер. Акс ҳолда 2100 йилга келганда, жаҳондаги ўртача ҳаво ҳарорати 1,5 эмас, балки ҳалокатли 3 даражага исиб кетади. Шу сабабдан ис гази миқдорини 2030 йилга қадар 45 фоиз камайтириш бўйича режалар 2020 йил охиридан кечиктирилмай ишлаб чиқилиши талаб этилаётганди. Иқлим ўзгариши асоратлари фақат инсониятнинг ўзига таъсир кўрсатмаётир. Турли ҳисоботлар одамзот томонидан ёввойи табиатнинг улкан қисмига ўнглаб бўлмас зарар етказилаётганини кўрсатиб бермоқда. Олимлар келаётган ўн йилликлар ичида мавжудотларнинг бир миллионга яқин тури бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турганидан огоҳлантирмоқда. БМТнинг Биохилмахиллик бўйича конвенциясига эса 2030 йилгача ёввойи табиатни асраб қолиш чораларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган. Хулоса қилиб айтганда, она сайёрамизни муқаррар ҳалокатдан қисқа вақт ичида сақлаб қолиш муаммоси билан юзлашганча турибмиз. Бироқ сиёсат бу йўлдаги асосий тўғоноқ ўлароқ қолмоқда. Дунёнинг 1 миллиарддан ортиқ аҳолиси карантинга олинган ҳозирги кунда кўрилаётган тадбирлар ва инсоннинг ёрқин фикрлашига йўл очиб бераётган уйда ўтириш чоралари айни хавотирларнинг аришига имкон берса ажабмас. 

Исиган ҳарорат — чигиртка ёмғири учун кафолат

Экспертлар назарида бугун дунё эътиборида турган коронавирус аслини олганда келажакда инсониятга хавф соладиган хатарлар олдида ҳеч нарса эмас. Масалан, Ер магнит қутбларининг аста-секин силжиши уларнинг кескин алмашишига, натижада музлик даври қайтишига сабаб бўлиши мумкин.  Шундай экан, ҳали қурбонлари оддийгина грипп қурбонлари сонига яқишлашмаган коронавирус борасида нега ваҳималар кўтаряпмиз, хавотирга тушяпмиз?  Эътибор беринг, ҳар йили 1 миллиард киши гриппга чалинса, унинг 600-700 минги шифо топмай вафот этяпти. Оддий йўл-транспорт ҳодисалари юз минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритяпти. Ўтган июль ойида дунёда кузатилган иккита чигирткалар босқини ҳаммани ҳайратга солди. Унга эътибор ҳам қилмадик.  Аввало, Лас-Вегас устига чигиртка ёғди. Кейин минглаб чақирим узоқда, урушлардан силласи қуриган Яман устига мўр-малах ёпирилди. Чигирткалар йўлда дуч келган экинни еб битиради. Яқин келажакда Африка, Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги жами 60 мамлакат устига мўр-малах ёпирилиши мумкин. Энг хавотирли жиҳати, бу мамлакатларда чигиртка ёмғирлари тез-тез рўй бериши кутилади ва озиқ-овқат таъминотини издан чиқариши эҳтимоли ортиб бораётир. Жаҳонда иқлим исиши қурт-қумурсқалар, хусусан, чигирткаларнинг овқат ҳазм қилиш хусусиятини ўзгартириб юборган. 2018 йили АҚШ олимлари тарафидан Science (Илм-фан) журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра, исиётган об-ҳаво боис чигирткалар фаоллашиб, жадал кўпайишлари учун қулай имконият яратилади. Айни пайтда уларнинг иштаҳаси ҳам очилади: чўл чигирткаси бир кунда ўз танасига тенг миқдорда озиқ-овқат ейди. Ҳар бир даража исиган ҳарорат чигирткалар етказадиган зарарни 10-25 фоиз кўпайтиради, дегани. Иқлим исиб бораркан, буғдой, шоли, маккажўхори ва бошқа экинларни йиғиб олмасдан туриб, уларни чигирткалар еб битира бошлайди. Айниқса, катта миқдорда буғдой ва шоли экиладиган мамлакатлар кўп азият чекиши мумкин. Африкада охирги йиллари чигирткалар 2,5 миллиард долларлик зарар етказган. Чигиртка балосига дуч келган мамлакатда айни кўрсаткич анча баланд бўлиши ва инсоний ёки иқтисодий инқирозга йўл очиши эҳтимоллари йўқ эмас. Чигирткалар бўйича ­дунёдаги етакчи мутахассислардан бири Мишель Ликок келажакда янада қуруқроқ иқлим юзага келиши чигирткалар тарқалиши учун қулай шароитлар яратиши ва бунинг оқибатлари ёмон бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

Демакки, коронавирус эпидемияси инсониятни яхшиликка етаклайдиган, фикрлашга ва олижаноб ишларни қилишга ундайдиган бир восита бўлиши мумкин. Шоядки, инсон қорни бир бурда нонга ёки бир коса овқатга тўйишини англаб етсак. Табиат қонунига кўра, инсондан ташқари ҳеч бир жонзот, ҳайвонот ва наботат олами керагидан ортиғини истеъмол қилмайди. Биз кўрамизки, йиртқичлар, леопард ёки бўри ўлжасини яшаш учунгина ейди, ортиқчасини олмайди. Инсон ҳам яшаши керак, аммо керагини истеъмол қилиб, қолганини жамият фойдасига хайрия қилмоғи афзал.

Эпидемия — инсоният учун янгилик эмас

Тарихга «коронавирус эпидемияси» номи билан кирган глобал пандемия оддий ишчидан тортиб, ҳукумат раҳбарларигача хавф солмоқда. Микроскопик вирус аслида қудратли ва букилмасдек туюлган бутун тизимни илдизи билан қўпориб ташлашга қодир экан. Эпидемия – инсоният учун янгилик эмас. Ўтмишда бутун-бутун шаҳарларни ҳувиллатиб қўйган ўлатлар тарқалган. Башарият бундай муаммоларни доим енгиб ўтган. Бугун ҳам тавсия этилаётган чораларга амал қилсак, ваҳимага тушмасак, эпидемия, албатта чекинади. 

Абдували САЙБНАЗАРОВ,

сиёсий шарҳловчи.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш