Янги қонун: Қандай жарималар белгиланди?

Замон шиддати бир зум тин олай демайди. Ўзгаришлар, ислоҳотлар ва янгиликлар... Бир-бирини қувалаб юраверади. Табиийки, бу жараён инсонлар ҳаётида ҳам ўз аксини топмай қолмайди. Жамият аъзолари хатти-ҳаракатлари эса қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бу ривожланишлар палласига мос равишда ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам такомиллаштириб бориш зарурлигини кўрсатади.

Юртимизда ҳам айни жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 17 мартида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши бунинг амалдаги ифодаси бўлди. Ҳужжат билан қатор қонунлар ва кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хўш, улар нималардан иборат? Ўзгартиришларнинг кундалик ҳаётимизга таъсири қандай бўлади?

Тўй тартибини бузганлар жаримага тортилади

— Нуроний отахон-онахонларимизнинг «Топган-тутганинг тўйга буюрсин, ҳар кимни тўйларга етказсин», дея дуога қўл очиши замирида халқимизнинг ширин орзу-истаклари, ҳаваслари рўёби мужассам, аслида, — дейди Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова. — Тўй жамоатчилик иштирокидаги тантана ҳисобланса-да, уни ўтказиш бир ёки икки оиланинг молиявий имкониятларига боғлиқ. Аммо бу ўринда тўй эгалари қатъий амал қилиши шарт бўлган ҳолатлар ҳам мавжудки, кейинги вақтларда ана шу бурч ва масъулият, афсуски, аксарият одамларимиз томонидан унутиб қўйилди. Шу боис тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда «сендан мен ўтаман» қабилидаги манмансираш, шуҳратпарастлик, ортиқча дабдабабозлик ва исрофгарчилик, сохта обрў орттиришга бўлган ҳою ҳавас авжига чиқди.

Шу омиллардан келиб чиқиб, 2019 йил 14 сентябрда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари томонидан «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланди. Жорий йил 17 март куни қабул қилинган қонунга асосан эса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик учун жавобгарликни назарда тутувчи модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, бундай тадбирларни ўтказувчи шахс томонидан белгиланган тартибга риоя этмаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Ҳозирда бу миқдор 2 млн. 230 минг сўмни ташкил қилади.

Тўйхона эгалари, эътибор қилинг!

Янгиликка кўра, тўйхоналар, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан тўй ва маросимларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Ҳозирда унинг миқдори 6 млн. 690 минг сўмдир.Агар ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилса, тўлов суммаси 50 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур тартиб қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан, 3 ой ўтгач, амалга киритилади. Бу келгусида орзу-ҳавас билан тўй қилиш умидида юрган ҳамюртларимиз ва тўйхона соҳиблари учун ўзига хос огоҳлик қўнғироғи бўлади.

Ҳар нарсада меъёр бўлгани яхши. Шундай экан, дабдаба ортидан кўр-кўрона қувиб, тўй-маросимларимизни қарз ботқоғига ботиш, етишмовчилик, ғам-алам ва кулфат келтирувчи ташвишга эмас, аксинча меҳр-оқибатимиз, самимиятимиз ва чин инсоний фазилатларимизни мустаҳкамловчи, хурсандчилик келтирувчи маросимга айлантириш ҳаракатида бўлишимиз лозим.

Жарима учун чегирма бериладими?

Эътиборлиси, янги қонун билан жаримани ўз вақтида тўлаганларга чегирмалар белгиланди. Қандай қилиб дейсизми? Гап шундаки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс яна бир жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини назарда тутувчи модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўласа, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.

Соддалаштирилган тартиб маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун суд томонидан жарима солинганда қўлланилмайди. Шунингдек, жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест билдирилганда, ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилганда ҳам чегирмалар берилмайди.

Саҳифани «Mahalla» мухбири

Садоқат МАХСУМОВА тайёрлади.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш