«Санъатга ташқи кўриниш эмас, иқтидор керак»

Ўзбек сериаллари ичида машҳур бўлган «Опа-сингиллар»да Анзират образини яратган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Носирова театр саҳнасида янгидан-янги образларни кашф этмоқда. Актриса шу бугунгача театр, кино ва дубляж санъатида ўзига хос юзлаб образлари билан томошабинлар юрагини забт этган.

Саҳифамизнинг бу галги меҳмони Гулчеҳра Носирова билан санъат ва ундаги муаммолар ҳақида суҳбатлашдик.

 

Театрда катта бўлганман

Театр ҳамиша ибрат даргоҳи бўлган. Саҳнада ўйналаётган кечинмалар аслида ҳаётдан бир лавҳа. Фарқи шуки, уни кўриш, тинглаш, ҳис қилиш, хулоса чиқариш мумкин. Томошабиннинг кўраётган асардан кўнгли тўлмаса, юраги «жиз» этмаса, қарсак чалмайди. Актёр ҳам ўз ролига борлиғини бермаса, ундаги кечинмалар билан бир лаҳза яшаб кўрмаса, ҳеч кимни ишонтира олмайди. Айниқса, бугуннинг томошабини фақат маҳорат ва истеъдодни кўра олсагина, саҳнадаги ижрога қойил қолади. Каттаю кичик образларимнинг ҳаммаси мен учун қадрли. Болалигимдан «санъаткор бўламан», деганман. Бошқа касб ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман. Ҳамма болалар каби боғчада эмас, театрда катта бўлганман, десам муболаға бўлмайди. Спектакллар, премьераларни кўрган сайин санъатга муҳаббатим ортаверарди. Чунки илк устозим — дадажоним Ҳакимжон Носиров Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг актёри бўлган. Институтни тугатгач, отамнинг хоҳишига кўра, Муқимий театрига ишга кирганман. Шунга ҳам 35 йил бўлибди. Катта саҳнада ўйнаган илк ролим «Чароғонда сўнган юлдузлар» спектаклидаги Зойира образи бўлган. Юзлаб спектаклларда турли хил образларни яратганман. «Зафар — қуёш фарзанди», «Дилафрузга тўрт ошиқ», «Алпомиш», «Ака-ука совчилар», «Бахт қўрғони» спектаклларида яратган образларим мен учун қадрли.

Бир марталик фильмларга меҳнат қилинмайди

Кўпчилик «Опа-сингиллар» сериалидаги Анзират образим билан эслашади. Учрашувларда, кўча-кўйда «ана Анзират» дейишади. Бу образ аслида салбий қилиб талқин этилиши керак эди. Аммо мен сал юмшатиброқ, аёл дардини қориштириб ўйнаганман. Чунки салбий образларимдан ҳам яхшилик қидираман. Томошабин реал ҳаётдаги образини кўрсагина шуни унутмайди. Ҳозир, асосан, оналар образини беришяпти. «Кўнгил кўчалари» сериалида Элёр Носиров билан эр-хотин образини яратган эдик. Орадан йиллар ўтиб «Журналист» сериалида яна бирга роль ижро этдик. «Кўзларинг маъюс», «Супер келинчак» каби ўнлаб илк тижорий фильмларда ҳам образлар яратганман. Кинода ўнлаб, юзлаб ролларни ижро қилиш мумкин. Бироқ театрдаги битта ролга қувват етмай қолади. Боиси спектаклни томошабинлар эътиборига ҳавола этгунга қадар 3-4 ой репетиция қилинади. Йиқиладиган жойи бўладими, йиғлайдиган жойи бўладими, ҳар куни қайтариб такрорлайсан. Спектаклда топширилган ҳар битта ролни юракдан ўйнаш керак. Қалб кўпроқ ишлайди. Юзга кўпроқ ажин тушиб, соч тез оқаради. Шу боис театрда ҳамма ҳам ишлай олмайди. Унинг тоши оғир, борлиғингни беришинг керак. Театр — ҳақиқий фидойи санъаткорнинг макони. Жонингни, куч-қувватингни бағишласанггина халқнинг олқишини оласан. Аммо бугунги фильмлар ва сериаллар шошмашошарлик билан олиняпти. Бир кунда олишади, монтаж қилишади, дубляж қилишади ва шу куни экранга берворишади. Хато кетмадимикан, деган қўрқув ҳам йўқ. Томошабин олдидаги масъулият ҳақида гапирилмаса ҳам бўлади. Негадир ёшлар жуда шошишади. Баъзида ўша кинода ёки сериалда ўйнаган кичик эпизодик ролимдан ўзим ҳам қониқмай қоламан. Бу, албатта, савиясиз ва бир марта кўриладиган асарга айланиши табиий.

Бир пайтлар «Табассум» деган эшиттириш бўларди, ҳар ҳафта эфирга узатиларди. Санъатимиз дарғалари Суръат Пўлатов, Бахтиёр Ихтиёров, Ҳусан Шарипов, Равшан Солиҳовлар билан ўша эшиттиришда баробар ишлаганман. Жуда машҳур эди. Халқимиз шу эшиттиришни интиқлик билан кутарди. Кечаю кундуз меҳнат қилинарди. Ҳар бир сўз устида соатлаб ўйланарди. Ҳозир-чи? Олдингидай сўз ёдлашлар йўқ. Борган заҳоти ролни ўйнаб бериш керак, холос.

Томошабин нимадан норози?

Томошабинни йиғлатиш ҳам, кулдириш ҳам қийин. Ҳаттоки кийинишдан тортиб, ўзини тутишигача эътибор қаратишади. Ҳозирги томошабинлар нимадан норози? Улар ёш санъаткорларнинг ташқи қиёфасидан норози. Ёшлар ҳар қандай ҳолатда ҳам саҳнага чиройли қиёфада чиқишга ҳаракат қилиб қолишган. Яқинда ижодий учрашувга боргандик. Бир аёл туриб танқид қила бошлади: «Нега ёш санъаткорларга кийиниш ва ўзини тутишни ўргатмайсизлар? Лаблари шиширилган, татуаж, киприклар улама, юзида табиийлик йўқ. Ўргатсанглар бўлмайдими?». Тўғри, бунда бизнинг ҳам айбимиз бор.

Бир фильмда актриса Ситора Алимжонова билан она-бола образини ўйнадик. Фильмда қизнинг кўзи кўр бўлиб қолгач, жарроҳлик амалиётидан кейин кўзлари кўра бошлаган саҳна олиниш жараёни. Ситорага қарасам, киприк улатиб олган экан, кўзларини юмиб ётибди. Гримчига «Бу жуда кулгули-ку», десам, елкасини қисди. Кейин мен актрисага ётиқлик билан тушунтирдим. «Кўз олдингизга келтиринг, операциядан чиққан одам қай ҳолатда бўлади? Томошабин сизни бу узун киприкларда кўриб устингиздан кулмайдими», дедим. Ситора буни тўғри қабул қилди. Ўша куни узун киприкларини олдиртириб келгач,  кейин ўша саҳнани ярим тунда ижро этганмиз. Кейинчалик, билишимча, бундай киприкларни олиб ташлаш ҳам анча машаққатли ва оғриқли жараён экан. Ёш актрисалар хунук бўлиб кўринишдан қўрқишлари керакмас. Аслида санъатини, образини борлиғи билан ижро этишга интилиши, томошабин ҳафсаласини пир қилишдан қўрқишлари керак.

Санъаткор ўқишдан тўхтамаслиги жоиз

Дубляж — мураккаб санъат. Мен дубляжга кириб келганимда жуда ёш эдим. Устоз санъаткорлар билан бирга ишлашимга тўғри келган. Халқ артисти Раззоқ Ҳамроевнинг ўгитларини олганман. Шу пайтгача жуда кўп фильмларга, сериалларга овоз берганман. Дубляж санъатининг ўзига хос сир-синоатлари ва қийинчиликлари бор. Руҳият ва образга хос ҳолатда овоз берилсагина дубляж муваффақиятли чиқиши мумкин. Бизда дубляж санъатининг катта мактаби бор, десак муболаға бўлмайди. Аммо кейинги пайтда мана шу масъулиятни ҳам унутаётганлар йўқ эмас. Аслида санъатга қадам қўйган ҳар қандай инсон ўқиш ва изланишдан тўхтамаслиги керак. Санъат бир умр меҳнатни ва билимни талаб этади.

Хулоса ўрнида

Бугун бутун дунёни коронавирус деган балонинг ваҳимаси қамраб олган. Афсуски, бу вирус юртимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Бу касалликни четдан олиб келишган экан, деб ижтимоий тармоқларда одамлар муҳокама қилишяпти. Ҳаттоки, уларнинг шаънига бўлмағур ҳақоратлар ҳам ёғиляпти. Аслида бундай пайтда бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз керак. Руҳий мадад беришимиз керак. «Ибн Сино» деган эски фильм бор. Ўша фильмда вабо, яъни қора ўлим касаллиги тасвирланган. Воқеа Бухорода бўлиб, халқ касалликдан қўрқиб уйларини ташлаб, шаҳарни ҳам ташлаб қоча бошлайди. Ибн Сино эса шаҳарга кириб боради. У ердаги беморларни кўришдан олдин сиркали сув билан қўлларини ювади. Эгнидаги кийимларини алмаштириб касалларни кўздан кечиради. Бу дегани оддий гигиеник қоидаларга риоя этишнинг ўзи ҳам ўзимизни ва оила аъзоларимизни хавфлардан сақлайди.

Ўйлайманки, халқимиз бу ҳолатни ҳамжиҳатлик билан елкама-елка туриб енгиб ўтади. Бугунги кунда ҳувиллаб турган театримиз яна ўз томошабинларини янги-янги спектакллар билан қарши олади.

Нилуфар ЮНУСОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш