Санитар тозалаш хизматлари ҳамма маҳаллада ҳам мавжуд эмас. Нега?

Табиат ҳақида гап кетганида, боболаримиз ўгитини ёд олиб, уларнинг сувга туфламагани, чумолига ҳам озор бермагани ҳақида сўзлаймиз. Лекин бевосита атроф-муҳит тозалигига етарлича эътибор бермаймиз. Маълумотларга кўра, ўрта асрларда Европа кўчаларидаги чиқиндилар оммавий касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. XV асрга келиб шаҳар кўчаларини чиқиндилардан тозалаш масаласи кун тартибига қўйилган. Саноат асрига келиб эса шаҳарларда сув қувурлари пайдо бўлди. Бугун ҳам коронавирус сабаб дунё аҳли оддий гегиена қоидалари, тозалик нечоғлик муҳим эканини теран ҳис этяпти.

Афсуски, юртимизда ҳам экологик муаммолар талайгина. Айниқса, санитар тозалик борасидаги ишларимиз ташвишланарли. Биргина мисол, ҳар йили 7 миллион тоннадан зиёд маиший чиқинди чиқади. Бироқ уларнинг атиги 19 фоизи қайта ишлашга йўналтирилган. Қурилишлар ва саноат жадал ривож топиб бориши натижасида чиқиндилар ҳажми янада кўпаймоқда. Қолаверса, ҳамма маҳаллада ҳам санитар тозалаш хизмати йўлга қўйилмаган. Бу эса соҳада туб ўзгаришлар вақти етганидан далолат беради. 

Президент нега танқид қилди?

— Жорий йилнинг 6 март куни Президентимиз раислигида атроф-муҳитни асраш ва чиқиндиларни бошқариш тартибини такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда соҳадаги ишлар танқидий таҳлил қилинди, — дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Шавкат Абдураззоқов. — Жумладан, кундалик маиший чиқиндиларни бошқариш тизими мавжуд эмаслиги, яъни улар ўз вақтида олиб чиқилмаслиги, унинг қайта ишланмаслиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш борасидаги ишларимиз қониқарли эмаслиги танқид қилинди. Шу боис қўмита тизимидаги барча ташкилотлар, айниқса, тоза ҳудуд тизимини такомиллаштириш, давлат-хусусий шерикчилик асосида маиший чиқиндиларни бошқариш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда аҳолига санитар хизмат кўрсатиш қамровини 2021 йилда 100 фоизга етказиш, 221 та чиқинди полигонини санитария-экология талабига мувофиқлаштириш зарурлиги белгиланди. Жорий йилда Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларида, кейинчалик бошқа ҳудудларда қурилиш чиқиндиси полигонлари ҳамда чиқиндини қайта ишлаш лойиҳаларини ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.

Айни пайтда ана шу каби муҳим вазифалар ижросини бажаришга киришилган. Биргина мисол, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Маиший чиқинди полигонларини рекультивация қилиш ва полигонларни қуриш лойиҳаси доирасида амалий ишлар бажариляпти.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида ҳудудлардаги мавжуд 41 та полигондан 33 таси рекультивация қилиниши ва замонавий талаблар асосида 8 тасини реконструкция қилиш, шу билан бирга, чекка ҳудудларда 23 та янги мини-полигонлар, 13 та чиқиндиларни қайта юклаш станциялари, 8 та чиқиндиларни компост қилиш жойлари, 8 та чиқиндиларни саралаш ускуналарини ўрнатиш учун 180 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит маблағларини ажратиш кўзда тутилган.

— Чиқиндиларнинг катта улуши пойтахтимизга тўғри келишини ҳисобга олиб, дастлаб Тошкент шаҳар маиший чиқинди полигонидаги ҳолатни жойига чиқиб ўргандик, — дейди Ш.Абдураззақов. — Ўрганиш давомида Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган маиший чиқинди полигонининг санитар ҳолати қониқарсиз эканига гувоҳ бўлдик. Шу боис зарур чора-тадбирларни белгилаб олдик. Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, полигондаги чиқиндиларнинг таркиби ҳамда атроф-муҳитга келтираётган таъсирини ўрганиш ишлари олиб борилади. Мазкур ўрганиш натижасига кўра, чиқиндини қайта ишловчи корхоналарни жалб қилишни кўзлаганмиз.

Бу келгусида чиқинди полигонининг кенгайиб кетмаслигини таъминлайди. Умуман олганда, соҳага давлат-хусусий шерикчиликни кенг жорий этиш ижобий натижалар салмоғини оширишга хизмат қилади. Шу сабаб республика шаҳарларида санитар тозалаш хизматларини кўрсатиб келаётган «Тоза ҳудуд» ва «Махсустранс» ДУКларни давлат-хусусий шерикчилик шарти билан тадбиркорлик субъектларига бириктириб беришни режалаштирганмиз.

Малакали кадрларсиз ҳеч бир соҳа ривож топмайди

Сир эмас, малакали кадрларсиз ҳеч бир соҳани ривожлантириб бўлмайди. Айнан ўз касбининг усталаригина маълум соҳада кескин ўзгаришлар қилади. Бугун экология соҳасида ҳам кадрлар етишмаслиги кун тартибида турган масала ҳисобланади. Хўш, бу борада қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

— Бир неча йиллар давомида бу соҳа учун кадрлар тайёрлашда муаммолар кузатилган, — дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова. — Аниқ-тиниқ тизим йўқ эди ва бу ҳолат Президент томонидан адолатли ва қаттиқ танқидга учради. Шунингдек, давлат раҳбари илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва соҳага янги инновацион технологияларни жорий этишда кадрлар тайёрлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берди. Жумладан, университетларда экология факультетлари, соҳа учун алоҳида ихтисослаштирилган олий ўқув юртини ташкил этиш ҳақида кўрсатма берилди.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунга қадар моддий-техника база ва кадрлар етишмаслиги туфайли бу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларида лоқайдлик юзага келди. Шу боис бугунги куннинг долзарб вазифаси — соҳага мақсадли грантлар жалб этиш, уларнинг портфелини шакллантириш, янги технологияларни жорий этиш, чиқиндиларни йўқ қилиш бўйича кичик стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат-хусусий шериклигини кенгайтириш, соҳага ёш мутахассисларни жалб этиш ва хорижда стажировка ташкил этишдан иборат.

Қонун устуворлиги таъминланиши зарур

Қурилиш соҳасининг кенгайиши, саноат ва тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланиши натижасида чиқиндилар миқдори ҳам ошиши табиий. Масалан, ҳозир ҳавога ифлослантирувчи моддалар чиқариш ҳажмининг 60 фоизи ёқилғи-энергетика, 20 фоизи тоғ-кон ва металлургия соҳасига тўғри келмоқда. Буни доимий назорат қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш зарур. Соҳада қонун устуворлиги бўлмас экан, табиатга нисбатан беписанд қарашга тўла барҳам бериб бўлмайди. Аммо жойлардаги маъсулларнинг эътиборсизлиги оқибатида қонун ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари кузатиляпти.

— Чиқиндиларни йиғиш, тизимли равишда уларни тегишли полигонларга олиб бориб кўмиш, утилизация қилиш, хавфсизлигини таъминлаш борасида кўплаб қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган, — дейди Ш.Абдураззоқов. — Ёқилғи-энергетика, тоғ-кон ва металлургия соҳасидаги корхоналар томонидан ҳавога ифлослантирувчи моддалар чиқариш ҳолати танқидий таҳлил этилгани ҳам бежиз эмас. Шу боис бу борадаги назоратни янада кучайтириб, қонунбузилиш ҳолатларини танқидий таҳлил қиляпмиз. Шунингдек, маҳаллалардаги аҳоли орасида тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Чиқиндиларни турига қараб олиб чиқиб кетиш учун жойларга 3-4 турдаги кичик контейнерлар ўрнатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида чиқиндига бўлган муносабат ўзгариб, унга қайта ишланувчи хомашё сифатида қаралмоқда. Юртимизда ҳам бу борадаги дастлабки ишлар бошланган. Айни пайтда эса соҳани янада ривожлантириш куннинг долзарб вазифаси бўлиб турибди. Бу вазифани адо этиш эса нафақат корхона ва давлат ташкилотларининг, балки ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади. Зеро, барчамиз табиатнинг бир бўлагимиз.

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 1

Изоҳ қолдириш