Наша экишга рухсат берилдими?

1990 йиллар бошидаги наркотик моддалар билан боғлиқ ҳолат ҳали кўпчилигимизнинг ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Ўша пайтда турли жиноий гуруҳлар бир ёқда турсин, аҳоли хонадонларида наша, кўкнор каби ўсимликлар муаммоларсиз етиштирила бошланганди. Давраларда гиёҳванд моддалар чекиш одатий ҳолга айланди. Наркомания натижасида келиб чиқадиган оғир жиноятлар сони кескин кўпайиб кетди. Яхшики, кейинги даврларда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан иллатга қарши очилган «уруш» тезда самарасини берди. Вазият қўлга олинди. Аммо яқинда аҳоли орасида Ўзбекистонда наша етиштиришга рухсат берилгани тўғрисидаги миш-мишлар тарқалгани ҳам сир эмас. Хўш, бу ҳақиқатга нечоғли мос? Мавзу юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов билан суҳбатлашдик.

Наша эккан жиноий жавобгарликка тортилади

— Мамлакатимиз Жиноят кодексига мувофиқ, тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш тақиқланган, — дейди Ш. Ғиёсов. — Бундай ҳаракат базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Жиноят ўртача катталикдаги экин майдонида содир этилган бўлса, фуқаро беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Катта майдонларда гиёҳванд ўсимлик етиштирган кимса эса беш йилдан ўн йилгача қамалади. Шунга қарамай, тиббиёт, фармацевтика мақсадларида фойдаланиш учун давлат корхоналари томонидан оз миқдорда юқоридаги ўсимликларни етиштиришга рухсат бор. Бу ҳам белгиланган қатъий назорат остида, ҳисоб-китоб билан амалга оширилиши мумкин.

Янги қонунда нима дейилган?

Шу билан бирга, Президентимиз томонидан жорий йил 17 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан юридик шахсларга каннабис — наша етиштиришга рухсат берилди. Эндиликда махсус лицензияга эга бўлган юридик шахслар наркотик ва психотроп моддалар етиштириш ва тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида каннабис етиштириши, импорт ва экспорт қилиши, қайта ишлаши, сақлаши, сотиши, сотиб олиши ва ташиш ҳуқуқига эга бўлади. Мазкур фаолият билан шуғулланиш ниятида бўлган юридик шахслар ҳукумат томонидан белгиланган тартибда лицензия олиши лозим. Албатта, мазкур ҳолат ҳам

Ички ишлар вазирлиги ва қатор бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қатъий назорат қилинади. Экин майдонларининг аҳоли яшаш пунктларидан узоқда бўлиши, белгиланган зарур миқдордан ошиб кетмаслиги, майдон атрофининг ҳимояланиши талаб қилинади.

Шубҳасиз, уруғлар, кўчатлар миқдори тўғрисидаги маълумотлар ҳам йиғиб борилади. Каннабис етиштирмоқчи бўлган юридик шахслар олдига ўсимлик таркибидаги тетрагидроканнабинол гиёҳванд модда миқдори 0,2 фоиздан ошмаслиги кераклигига оид шарт ҳам қўйилади.

 Бу нима учун зарур?

 Кейинги йилларда мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳолини зарур дори-дармонлар билан таъминлаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.  Аммо ҳориждан келтириладиган дориларнинг нархи ҳамон баландлигича қоляпти. Бу ўринда таркибида гиёҳванд моддалар мавжуд бўлган дори воситалари қиймати жуда юқори бўлиши ҳам табиий. Шу билан бирга, фармацевтика соҳасида фаолият олиб бораётган турли мақомдаги юридик шахслар шу пайтгача ўз эҳтиёжлари учун каннабис ўсимлигини етиштириш ҳуқуқига эга бўлмагани соҳа тараққиётини тўхтатиб турган жиҳатлардан бири экани ҳам сир эмас. Янги қонун мазкур ҳолатларга барҳам бериб, фармацевтика эҳтиёжлари учун каннабис етиштиришни тартибга солади. Айниқса, таркибида юқори миқдорда наркотик бўлган, тегишли идоралар текширувидан ўтмаган дориларнинг четдан кириб келишининг олди олинади.

Гиёҳванд дориларни кимлар сотяпти?

Мамлакатимиз ички ишлар органлари томонидан гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар, айниқса, кучли таъсир қилувчи дори-дармонлар ва синтетик наркотик моддаларнинг республикамиз ҳудудига олиб кирилиши ҳамда тарқатилишининг олдини олишга қаратилган профилактик тезкор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Мисол учун, жорий йил 16 январь куни Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида яшовчи Н.Н. 54 миллион сўм эвазига 19 минг 790 дона «Трамадол» дори воситасини сотаётган вақтида ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси ходимлари томонидан ушланди. Худди шунингдек, 9 январь куни Бекобод туманида 56 ёшли шахс 5 литр сиғимли елим идишга жойланган 319 грамм марихуана гиёҳвандлик воситасини 500 АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинган.

Жиноятчилар қўлидан бир тонна наркотик олиб қўйилди

Умуман, 2019 йил давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган кенг қамровли профилактик тезкор тадбирларда эса гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 4611 та жиноий ҳолат аниқланиб, ноқонуний муомаладан 1 тоннага яқин гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилган. Масалан, 2019 йил 6 ва 16 март кунлари Самарқанд вилоятида Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан катта миқдорда гиёҳвандлик воситаларини республикамиз ҳудудига олиб ўтиб, сотиш ва тарқатиш билан шуғулланаётган 9 кишидан иборат уюшган гуруҳ «фаолияти» фош этилди. Жиноий гуруҳдан 2,4 килограмм героин, 25,7 килограмм опий гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинди.

Энг кўп наркотик истеъмол қилувчи мамлакатлар қайси?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирда гиёҳвандлик иллати дунё бўйлаб ортиб бормоқда. Бу борада қўшни Афғонистон давлати хавотирга сабаб бўлувчи манбалардан бири бўлиб қоляпти. Бу мамлакатда кўкнори экинлари етиштириладиган майдонлар ҳамда опий наркотик моддасини ишлаб чиқариш ҳажми 2-3 баробарга ортган.

Афғонистонда етиштириладиган наркотик моддалар Эрон ва Туркия, Покистон ва Марказий Осиё орқали дунёга тарқалади.  Айни пайтда дунёда энг кўп гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчи инсонлар АҚШ ва Россия давлатларида истиқомат қилади.

Улуғбек ИБОДИНОВ

 «Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш