Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қандай чоралар кўраётир?

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Коронавирус эпидемиясини жиловлаш — айни пайтда давлатимизнинг асосий стратегиясига айланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида халқимизни ушбу эпидемия таъсиридан ҳимоялаш мақсадида ижтимоий ва тиббий муҳофазани кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Президентимиз мазкур йиғилишда коронавирусга қарши кураш жараёнларида маҳалланинг таъсири кучли бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлаб, эпидемик вазиятга қарамай айрим жойларда карантин қоидалари қўпол равишда бузилаётгани, хусусан, хонадонларда турли маросимлар уюштирилаётганини афсус билан қайд этди. Маҳаллалар мутасаддилари ҳар бир хонадондаги вазиятдан яхши хабардор бўлиши шартлигини таъкидлади.

Фуқаролар йиғинлари ходимлари бугун нималар билан банд?

Карантин қоидалари жорий қилинган бўлса-да, ҳаёт давом этмоқда. Маҳаллаларнинг айрим кечиктириб бўлмас вазифаларини ҳам бажариш шарт. Жумладан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан бугунги мураккаб шароитда вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари билан онлайн тарзда иш юритилиб, зарур кўрсатмалар бериб борилаётир. Қайд этилган камчиликларни бартараф этиш ва коронавирус инфекциясига қарши фаол курашиш мақсадида юртимиз маҳаллаларида қатор долзарб вазифалар ижросига киришилган.

Хусусан, эҳтиёжманд, қийналган оилалар, ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни озиқ-овақат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳаракатлари тобора кучайиб, бу ҳолат халқимиз бирдамлигини намоён этмоқда. Ижтимоий ҳимоя тадбирлари республикамизнинг ҳар бир маҳалласида кузатилаётгани қалбга таскин беради. Эътиборли жиҳати шуки, маҳалла мутасаддилари фаолият жараёнига замонавий коммуникация технологияларини кенг жорий этишмоқда.

— Аввало, маҳалламиз аҳли учун телеграмм тармоғида махсус гуруҳ ташкил этдик, — дейди пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани «Катта Қорасув» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Наима Жабборова. — Уй шароитида карантин ўтаётган 3 та хонадонимиз бор. Уларнинг белгиланган қоидаларга риоя қилишлари, карантин тартибини бузиб ташқарига чиқишларининг олдини олиш мақсадида ҳудудимиздаги 8-оилавий поликлиника ходимлари билан ҳамкорликда тушунтириш ишларини олиб бордик. Кўчаларимизни ҳар куни 3 мартадан айланиб, овозкучайтиргич ёрдамида одамларни огоҳликка ундамоқдамиз, ташқарида мақсадсиз юрганлар билан алоҳида тушунтириш ўтказилаётир. Синовли кунларда маҳалла мутасаддиларига елкадош бўлаётган саховтпешалар бор, ана шундайлар аҳолига бепул тухум, гўшт тарқатишмоқда. Якка-ёлғиз яшаётган қарияларнинг ҳолидан кунига хабар олиб, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бермоқдамиз.

Бўш вақт жиноятчилик учун қулай...(ми)?

Коронавирус инфекцияси тарқалган даврда уйда қолаётганлар учун фойдали машғулотлар жуда кўп. Жумладан, китоб ўқиб, маънавиятни бойитиш, фарзандлар билан шуғулланиш, уй-жойни тартибга келтириш ва ҳоказо. Аммо бўш вақт айримлар учун жиноятчиликка етакловчи омил бўлиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг фармойиши асосида жорий йилнинг 28 мартидан 28 апрелига қадар «Оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш» тарғибот ойлиги ўтказилмоқда.

— Ойлик давомида оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалланинг жамиятдаги ва фуқаролар ҳаётидаги ўрни ҳамда ролини кучайтириш, оилаларда карантин қоидаларига риоя қилинишига эътибор қаратилади, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова. — Қолаверса, мактаб ёшидаги фарзандларимизнинг таълим олишида танаффус бўлмаслиги учун ота-оналарнинг масъуллиги, оиланинг ҳар бир аъзоси зиммасида бўлган ижтимоий масъулият ҳиссини юксалтириш ҳақида тарғибот олиб борилмоқда. Фарзандларимизни жаҳон ва миллий адабиётнинг ёрқин намуналари билан таништириш, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига қатъий амал қилишларига доир тушунтириш бериш ҳам маҳалла эътиборидан четда қолмаслиги керак.

Халқимизга хос яна бир фазилат — якка-ёлғиз кексаларнинг ҳолидан мунтазам хабар олиш, озиқ-овқат ва дори-дармонсиз қолиб кетишларининг олдини олишда ҳам ойлик доирасидаги вазифалардан. Бир сўз билан айтганда, маҳаллада ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити қанчалик кучли бўлса, синовли кунлар катта талафот етказмайди.

Бугун интернет имкониятларидан фаол фойдаланилмоқда. Аммо айримлар бундай қулайликни аҳоли орасида ваҳима, асоссиз миш-мишлар тарқатиш мақсадида қўллаётгани ҳам бор гап. Ойлик доирасида шу каби вазиятлар доимий назорат қилиб борилмоқда. Бозорлардаги нарх-навонинг асоссиз ошиб кетмаслиги учун маҳаллалар фаоллик кўрсатиши тарғиб этилаётир. Аниқланган ҳолатлар бўйича мутасадди ташкилотлар хабардор қилинмоқда.

Пойтахтимизнинг Учтепа туманида мазкур ойлик доирасида илк тадбир ўтказилди. «Ҳар бир инсон меҳр ва эътиборга лойиқ» шиори остидаги хайрия ишларида Тошкент шаҳридаги кўплаб саховатпеша ҳамюртларимиз ўзларининг беғараз ёрдамлари билан иштирок этишгани ойлик доирасидаги тадбирларнинг аҳамиятини исботлади. Тумандаги 140 дан зиёд кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз яшовчи ва ногиронлиги бор кексалар учун озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда зарур тиббий буюмлар тарқатилди.

Бу каби хайрли ишлар тарғибот ойлиги давомида мунтазам йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Тўйлар тўхтаган, аммо...

Тўй ва маросимлар, меҳмондорчиликлар, одамлар гавжум жойларда оммавий тадбирлар тақиқланган шу кунларда кексалик ёки касаллик туфайли вафот этаётганлар жанозаси ўтказилаётгани бор гап. Халқимиз «Мусулмончиликда тўйга бормасанг-да, мусибат етган хонадонга бориб ҳол-аҳвол сўра» қабилида яшашни одатга айлантирган. Аммо бугунги вазият мутлақо ўзгарган.

— Сўнгги бир ҳафта давомида туманимизда кексалик ва сурункали касалликлар туфайли 5 киши вафот этди, — дейди Боғот тумани ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Эркин Рўзметов. — Тушунтириш ва тарғибот ишларимиз натижасида «Ҳуррият», «Боғзор», «Ёш ўсмир», «Ўзбекистон» ва «Янги қадам» маҳаллаларида уюштирилган жаноза маросимларига марҳумларнинг яқин қариндошларидан иборат 10-15 нафар киши иштирок этди. Қолаверса, маҳаллалар аҳлига дафн маросимларидан бошқа маъракалар ўтказилмаслиги ҳақида тушунтириш берилди. Бугунги вазиятни тўғри баҳолаган боғотликлар карантин қоидалари асосида яшашмоқда.  

Кун тартиби тўғри ташкил этилса, вақт мазмунли ўтади

Вазирлик ходимлари ҳар бир хонадонда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш учун карантин даврига мўлжалланган, тавсиявий характерга эга «Намунавий оила кун тартиби»ни илгари сурмоқдалар. Мазкур кун тартиби оиланинг ҳар бир аъзоси (нуронийлар, ота-она ва фарзандлар) эҳтиёжидан келиб чиқиб, фақатгина уй ичида бажарилиши мумкин бўлган вазифалардан иборат. Аниқ режа интизомга ўргатади. Интизом эса бугунги таҳликали кунларда жуда муҳим. Шундай экан, мазкур тавсиявий кун тартибининг юртдошларимизга фойдаси тегиши шубҳасиз.

Юлдуз ҲОЖИЕВА

«Маhаllа»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш