Коррупцияга қарши курашнинг бугунги тизими ўзини оқлаяптими?

Жамият тараққиётига дахл қилаётган, соҳа оёғига тушов бўлаётган камчиликлар ҳақида кўп ва хўп гапирилди, гапирилмоқда. Аммо бу билан нимадир ўзгараётгани, вазият яхшиланаётганини ҳис қиляпмизми? Ташкил этилган порталлар, бир нечта ташкилоту комиссиялар муаммоларни манзилли ҳал эта оляптими? Жавоб «ҳа», бўлса, нега ҳамон мансабдор «жиноятчилар» бор, нега шамолга томлар дош бермаяптию, нега минглаб одамларнинг уйлари сув остида қолмоқда? Хуллас, «нега»лар учун сабаблар талайгина. Бироқ изоҳига келганда «лаббай» топилмайди.

Мансабдорлар 51,3 млрд. сўм зарар етказди

Бош прокуратура маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида республика бўйича жами 87 та жиноят иши бўйича 115 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган. Улар томонидан давлат ва жамият манфаатларига 51,3 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида унинг 18,3 млрд. сўми ундирилди.

Афсуски, жамиятимизда илдиз отган иллатларга қарши ҳар қанча курашмайлик, натижа кутилгандек бўлмаяпти. Татбиқ этилган тажрибалар доим ҳам ўзини оқламаяпти. Вазият эски ҳаммом, эски тослигича қолмоқда. Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида Бош прократуранинг 2019 йилги фаолияти ҳисоботини берган Ниғматилла Йўлдошевнинг маърузасида келтирилган далиллар ҳам буни исботлайди.

Жумладан, Инвестиция дастурига киритилган 1 минг 379 та қурилиш лойиҳаси қайта экспертизадан ўтказилиб, 1,5 триллион сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинган. Қурилишга ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилгани устидан олиб борилган назорат тадбирларида эса 75 миллиард сўм маблағ талон-торож қилингани аниқланиб, 300 нафардан ортиқ шахс жавобгарликка тортилган.

Янги тузилма аввалгиларидан фарқ қиладими?

Хўш, бугун ушбу иллатга қарши қандай курашяпмиз? Очиғини айтганда, бугун биз фақатгина кичик ҳажмдаги маиший коррупция билан курашишга ўралашиб қолдик ва бу борада қилинаётган ишларни баралла жар солишга одатландик. Бугунги ҳолатдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, коррупцияга қарши курашни ваколатли мансабдорлардан бошлаш керак.

Сенат мажлисида Бош прокурор коррупцияга қарши кураш ва унинг олдини олиш билан шуғулланувчи янги орган ҳақида маълумот берар экан, англадикки, эндиликда янги тузилма коррупцияга қарши курашда асосий эътиборни юқори ва юқори турувчи идоралар ҳамда маҳаллий бошқарув органларидаги шундай ҳолатларга қаратади. Тезкор қидирув ишларини олиб боришда парламент, Президент Администрацияси, ҳукумат аъзолари, республика даражасидаги хўжалик юритувчи идора раҳбарлари, банк раҳбарлари, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари даражасидаги мансабдор шахслар ишини ўрганади.

— Энди маиший коррупциядан элитар коррупцияни ўрганишга чиқишимиз керак, — деди Бош прокурор. — Шунингдек, давлат харидлари, бюджет маблағларининг сарфланиши бўйича жараённи назорат қилиш, декларация тизимини жорий этиш ишлари янги орган зиммасига юклатилади. Буларнинг барчаси прокурорлик назорати асосида олиб борилади.

Таъкидланишича, агентлик бирон давлат идораси, парламент, Президент ҳузурида эмас, алоҳида бўлади. 

Умид қиламизки, агентлик иш бошлагач, зиммасига юклатилган вазифани рисоладагидек бажаради. Зеро, унинг коррупцияга қарши кураш бўйича мавжуд тузилмалардан фарқи — мустақил орган эканидадир. Натижани эса яна вақт кўрсатади. Йўқса, бу иллат давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлаверади.

«Коррупцияга қарши ички аудит» самара берадими?

Бу иллатни йўқотишда ташкилотларда «коррупцияга қарши ички аудит» тизимининг самарали ишлаши ҳам талаб этилади. Хўш, бу тизим чиндан ҳам, коррупция илдизига болта ура оладими? Қайд этиш керакки, коррупцияга қарши курашишнинг энг асосий йўли — давлат органлари фаолияти ва иш жараёнларини шаффоф қилишдир. Бунда энг асосий эътиборни ишга олиш, давлат харидлари, рухсатнома ва лицензиялар бериш каби жараёнларда очиқ-ошкораликни таъминлашга қаратиш лозим.

Шу маънода давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 11 февралида ўтказилган йиғилишда вазирлик, компания ва ҳокимликларда ички коррупцияга қарши чораларни ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи «комплаенс назорат» тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.

— «Комплаенс назорат»нинг асосий таркибий қисми бўлган ички аудит тизими ташкилотларда коррупцияга қарши кураш чора-тадбирларини амалга ошириш, антикоррупцион чекловларга риоя этилиши устидан назорат қилади, — дейди Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Маъруфжон Қурбонов. — У нафақат иқтисодиёт, балки жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни прогноз қилиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш, унга мойиллиги бор тармоқ ёки мансабдор шахслар доирасини аниқлашга хизмат қилади.

Бу тизим орқали ташкилотларда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилишга масъул бўлинма ёки мансабдор шахс мавжудлиги, ходимлар ва бошқарув персоналининг хизмат этикаси қоидаларининг ишлаб чиқилиши, манфаатлар тўқнашувининг олди олингани, норасмий ҳисобот юритиш ҳамда ҳужжатларнинг қалбакилаштирилишига йўл қўймаслик каби ҳолатлар ўрганилади.

Чиндан ҳам, ташкилотларда коррупцияга қарши муросасиз курашиш сиёсатининг ишлаб чиқилиши ички аудит тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

*  *  *

Сирасини айтганда, ҳар бир ташкилот коррупциядан холи соҳага айланиши учун, аввало, раҳбару ходим виждонан ҳаракат қилиши, ўзгаларнинг ҳаққидан қўрқиши лозим. Ҳар ким тафтишни ўзидан бошламас экан, ўнлаб комиссияю номи юракка ғулғула солувчи ташкилотлар ҳам бу иллатни йўқ қила олмайди. 

Садоқат МАХСУМОВА, ЎЗЖОКУ докторанти

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш