Нега ҳар йили картошка нархи кун тартибида туради?

Карантин даврида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби кескин ошди. Хусусан, бозорларда картошка тақчиллиги кузатилиб, нархи кўтарилди. Айрим «уддабуронлар» шундай вазиятдан фойдаланиб, мўмай даромадни кўзламоқчи ҳам бўлишди. Аслида бу муаммо ҳар йили шу даврга келиб кузатилади. Хўш, бунга нима сабаб бўлмоқда? Бу ҳолатга қачон барҳам берилади? Ушбу муаммони ҳал қилиш учун қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

Муаммонинг оқибати эмас, сабаблари билан курашиш керак

Ҳар йили картошка нархи ошиб кетиши билан, албатта, ҳукумат томонидан керакли чора-тадбирлар кўрилади. Хусусан, деҳқон бозорларида арзон нархларда маҳсулот сотувчи «Элга хизмат» дўкон-ярмаркалари ишга туширилади. Нархлар назоратга олинади. Аммо ҳар йилги воқелик шуни кўрсатяптики, чоралар муаммони бартараф этмайди, унинг аҳолига таъсирини камайтиради, холос.

Демак, биз муаммонинг келиб чиқиш сабаби билан эмас, унинг оқибатлари билангина курашмоқдамиз. Шу боис маълум муддатга чекинган етишмовчилик ҳар йили яна қайта бош кўтаради. Уч-тўрт йил аввал картошка билан боғлиқ шундай ҳолат юз берган эди. Харидор топилмай, чирий бошлаган тонналаб картошка чиқиндихоналарга чиқариб ташланганди. Кейин уни етиштириш ҳажми пасайди. Оқибатда нима бўлди: бозорларимизни ўз картошкамиз билан таъминлай олмай қолдик.

— Республикамизда ҳар йили ўртача 2,7 миллион тонна картошка етиштирилиб, шундан, 1,5 миллион тонна истеъмол учун, 500 минг тонна уруғлик учун ишлатилмоқда, — дейди Ўзбекистон картошка етиштирувчилар уюшмаси раиси Элёр Тошпўлатов. — Афсуски, шундай бўлса-да, аҳоли истеъмоли учун йилига 300 минг тонна картошка етишмайди. Об-ҳавонинг ноқулай келиши, экинзорларга зараркундалар ҳужуми туфайли ҳосил янада камайиши ва эҳтиёжнинг ортиб кетишига сабаб бўлади. Шунингдек, ёнилғи ва ўғит масаласи ҳам оғриқли муаммолардан ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, аҳоли истеъмолини қоплаш учун 2019 йилда четдан 291 минг тонна (уруғлик учун – 10 минг тонна), 2020 йил январь-март ойларида эса 130 минг тонна (уруғлик учун – 12 минг тонна) картошка импорт қилинди. Бу эса, албатта, ички бозордаги нархга ўз таъсирини ўтказади. Бир сўз билан айтганда, соҳадаги муаммони ҳал қилиш учун истеъмолга етарли даражада маҳсулот ишлаб чиқариш, картошкани импорт эмас, экспорт қилиш қобилиятига эга бўлишимиз зарур. Бунинг учун эса, албатта, экин майдонларини кенгайтириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш талаб этилади.

Янги ҳужжат муаммоларни ҳал эта оладими?

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 6 майда «Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ушбу ҳужжат айни йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириб, соҳани янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

— Қарорга биноан, республикамизнинг картошка етиштириш ҳосилдорлиги нисбатан юқори бўлган 40 та тумани (жами 40,1 минг гектар) картошкачиликка ихтисослаштирилиб, улардан 23 тасида уруғлик картошка етиштириш белгиланди, — дейди Э.Тошпўлатов. — Шунингдек, 2020-2021 йилларда 23 туманда, 2022-2023 йилларда эса қолган 17 туманда картошкачилик кластери ва кооперациялари ташкил этилади. Кластерларнинг асосий йўналишлари — инновацион ва ресурс тежамкор технологиялар асосида яхлит майдонларда истеъмол ва уруғлик картошка етиштириш ҳамда соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишдир. Бу, албатта, мамлакатимизда картошкага бўлган талабнинг қондирилишини таъминлайди. Шунингдек, маҳсулотни импорт қилувчи мамлакатдан экспорт қилувчи мамлакатга айланамиз.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 майдан бошлаб картошка етиштирувчи фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари, шунингдек, картошкачилик кластерлари ва кооперацияларининг уруғлик картошка харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун уларга 12 ой муддатгача тижорат кредитлари ажратилиши, 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатга четдан олиб кирилаётган уруғлик картошка божхона божидан озод этилиши белгиланди. Шубҳасиз, давлат томонидан тақдим этилаётган бундай имтиёзлар картошкачиликни сердаромад соҳага айлантиради ва деҳқонларимизнинг ғайратига-ғайрат қўшади.

Яхши уруғдан яхши ҳосил олиш мумкин

Картошка ҳосилдорлигини ошириш, сифатини янада кўтаришда уруғчилик соҳасини ривожлантириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Сабаби, фақатгина яхши уруғдан яхши ҳосил олиш мумкин. 

Шу боис қарорда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти зиммасига бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришнинг илмий назарий асосларини такомиллаштириш, картошка уруғларини тайёрлаш ва илғор агротехнологияларни қўллаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади.

— Қарор билан «in vitro» лабораторияси фаолияти йўлга қўйиладиган бўлди, — дейди Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Фахриддин Расулов. — Бунинг учун грант маблағлари жалб қилинади. Ушбу лабораториянинг аҳамияти — маҳаллий ёки хориждан келтирилган картошка навларининг вирусдан холи уруғчилигини йўлга қўйишга эришишдир. Маълумки, аксарият деҳқонларимиз далаларга картошка туганаклари ҳосил бўлган уруғларни экади. Улар ҳар йили экилиши туфайли турли касаллик ва вируслар билан зарарланади, натижада ҳосилдорлиги 15-20 фоизгача камаяди. Шу сабабли олимларимиз «in vitro» лабораториясида ҳосилдор картошка навларининг тўқималаридан янги, касалликка чидамли, маҳаллий шароитга мос уруғларни яратади.

Хулоса қилиб айтганда, қарорда белгиланган вазифалар бажарилса, картошка етишмовчилиги муаммоси бартараф этилибгина қолмай, соҳа тараққий этиб, картошка етиштиришдаги илғор мамлакатлардан бирига айланамиз.

Санжар ЭШМУРОДОВ

«Mаhalla»

Изоҳ 1

Изоҳ қолдириш