Хориждаги юртдошларимиз аҳволидан консуллик бехабарми?

Коронавирус эпидемияси сайёрамиз аҳолисининг турмуш шароити оғирлашишига сабаб бўлмоқда. Албатта, бу муаммолар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаяпти, аммо халқимизнинг сабр-тоқати, ҳукуматнинг оқилона сиёсати уларга тўғри ечим топишда қўл келаётир. Қўни-қўшни ҳамжиҳатлиги, маҳалла ва бошқа ташкилот мутасаддиларининг фаоллиги сабаб ишсиз, турмуши оғирлашган аҳоли вакилларига керакли кўмак берилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, бугунги таҳликали вазиятда энг кўп жабр кўраётганлардан бири — Ватандан олисда бўлган мамлакатимиз фуқаролари, меҳнат мигрантларидир. Шу туфайли кейинги пайтларда ишлаш ёки ўқиш мақсадида чет элга чиқиб кетган айрим фуқароларнинг кўмак сўраб қилаётган видео, аудио мурожаатлари сони ортиб кетди.

Вазиятдан келиб чиқиб,
Президентимиз 7 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида хорижий мамлакатларда қийин вазиятда қолиб кетган яна 11 минг фуқарони қайтариш борасида топшириқ берди. Ўтган қисқа муддат ичида эса мингдан ортиқ юртдошларимиз мамлакатимизга қайтарилиб, махсус карантин зоналарига жойлаштирилди. Хўш, карантин даврида хориждаги ўзбекистонликларга қандай кўмак берилмоқда? Бу борада Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги нима ишларни амалга оширяпти? Хориждаги фуқароларимизнинг видео, аудио мурожаатлари чиққунга қадар улар асл вазиятдан бехабармиди?

Консуллик қандай ёрдам кўрсатяпти?

— Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари чет элда бўлиб турган ҳамюртларимизнинг ҳол-аҳволидан доимий равишда хабардор бўлиб турибди, — дейди Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходими Шуҳрат Ҳакимов. — Уларнинг мурожаатлари эътибордан четда қолаётгани йўқ. Мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва Бош консулхоналари ҳузурида оператив штаблар ташкил этилган.

Бундан ташқари, хориждаги ваколатхоналарининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва алоқа телефонлари узлуксиз ишлаб турибди. Бизга турли масалаларда мурожаатлар келиб тушмоқда. Бу ҳақда Республика махсус комиссиясига керакли ахборотларни етказяпмиз ҳамда уларнинг қарорларига кўра, тезкор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яна бир янгилик — мамлакатимизнинг Москва шаҳридаги элчихонаси ва Россия ҳудудларидаги Бош консулхоналари бугундан (14 майдан) эътиборан, пандемия туфайли оғир вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга моддий ёрдам тақдим қилишни бошлайди. Бир марталик пул маблағлари элчихонада очилган хайрия ҳисобрақамига келиб тушган маблағлар ҳисобидан ажратилади.

Фуқаро қаерда бўлмасин, давлат ҳимоясида бўлиши керак

Албатта, бу ишларнинг барчаси бир зумда ҳал бўлиб қолмайди. Аммо айрим фуқаролар консулликка боғлана олмагани ёки улардан кўмак кутавериб, чарчашганини билдиришмоқда. Мусофирнинг нони қаттиқ, дейди халқимиз. Айниқса, ҳозирги синовли кунларда вазият янада таранглашаётгани ҳам бор гап. Боиси ишсиз, даромадсиз тўрт девор ичига қамалиб қолган, яқинларидан неча минг километрлаб узоқда бўлган кишилар кимга ҳам додини айтади? Улар қаерда бўлмасин, давлатимиз ҳимояси остида бўлиши керак эмасми?

— Албатта, бугунги синовли кунларда энг катта жабр кўрганлар меҳнат мигрантлари ҳисобланади, — дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутахассиси Ортиқхўжа Норов. — Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, пандемия шароитида хорижда оғир аҳволга тушиб қолган мигрантларга ёрдам бериш мақсадида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида «#BIRGAMIZ» лойиҳаси ҳамда хайрия тадбирларини амалга ошириш учун «www.birgamiz.com» сайти ишга туширилди. Бундан ташқари, Россия Федерациясининг кучли карантин ҳудудида ишсиз қолиб кетган фуқароларни вазият оғирлашмаган туман-шаҳарларга ўтказиш ва уларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Салоҳиятли иш берувчилар ва ишлаш истагидаги фуқаролар ўртасида алоқани таъминлаш учун кўп тилли колл-центр ва тегишли маълумот каналлари яратилди. Шундай бўлса-да, юртдошларимизни иш билан таъминлаш осон кечаётгани йўқ. Россия ҳукуматининг меҳнаткаш мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор тадбирларига қарамай, иш берувчилар иқтисодиётнинг пасайиши ва патентсиз ишчилар сабабли маъмурий жарима тўлашнинг олдини олиш учун чет эл фуқароларини ишга олишга эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Ўз навбатида, ишчи мигрантлар ҳам ишончсиз иш берувчилар томонидан алданиб қолиш эҳтимолидан хавотирда.

Бу синовли кунлар ҳам, албатта, ортда қолади. Аммо айни вазиятнинг нақадар нозик эканини барчамиз бирдек ҳис қилишимиз зарур. Бунда биргина шошма-шошарлик билан қабул қилинган қарор халқимиз манфаатлари ва давлатимиз иқтисодиётининг катта зарар кўришига олиб келиши мумкин. Биргина ташкилот ёки фақатгина давлат муассасаларининг саъй-ҳаракатлари муаммони бартараф этиш учун етарли эмас. Бунинг учун барчамиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз зарур.

Санжар ЭШМУРОДОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш