Фитр садақаси ва фидяни кимлар бериши керак?

Муқаддас Рамазон покланиш, гуноҳ ва маъсиятлардан халос бўлиш ойи ҳисобланади. Мазкур ойда мусулмонлар учун рўза тутиш билан бирга Рамазон билан боғлиқ баъзи шаръий амалларни бажариш ҳам буюрилган. Бу — фитр садақа ва фидяни беришдир. Шу боис кўпчиликда айни шу амалларни адо этиш билан боғлиқ саволлар кўпаяди: Фитр садақаси ва фидя бериш қандай амал ҳисобланади? Уларни кимлар бериши керак? Миқдори қанча? Қайси тоифадаги одамлар фитр садақа ва фидяни олса бўлади?

Нисобга етарли мол-мулкка эга ҳар бир мусулмонга вожиб

Рамазон ойи тугаб, ҳайит кунининг тонги ёришиши билан фитр садақасини бериш вожиб бўлади ва ҳайит намози ўқиб бўлингунга қадар бериб улгурилиши керак. Имом Абу Довуд ва Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилган: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан аввал, одамлар намозга чиқишларидан бурун фитр закотини адо қилишни буюргандилар». Фитр садақасининг вожиб бўлиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутбада айтган сўзлари ила собит бўлган: «Ҳар бир балоғатга етган-етмаган ҳур ва қулнинг тарафидан буғдойдан ярим соъ ёки хурмо ва арпадан бир соъ фитр садақасини адо қилинглар». Бир соъ — 3800 гр., ярим соъ — 1900 гр.ни ташкил этади. Фитр садақаси миқдори буғдой ёки майиздан икки килограмм, хурмо ёки арпадан тўрт килограммдир.

Фитр садақасини бериш яшаб турган уйи, қиш-ёзда киядиган кийими, уй-рўзғор буюмлари каби эҳтиёжига керакли нарсалардан ортиқча бўлган, нисобга етарли мол-мулкка эга ҳар бир мусулмоннинг зиммасига юклатилган. Мусулмон эркагу аёл, балоғатга етган-етмаган, хоҳ оқил, хоҳ мажнун бўлсин, нисоб эгаси бўлсалар, фитр садақасини бериш мажбуриятига эга ҳисобланишади. Шунингдек, мусулмон, нисобга моли етган эркак ўзи ва балоғатга етмаган, нисоб эгаси бўлмаган фарзандлари учун фитр садақасини бериши лозим. Аёл киши, балоғатга етган болалар нисоб эгаси бўлсалар зиммаларига фитр садақаси вожиб, нисоб эгаси бўлмасалар вожиб эмас.

Узрли сабабларга кўра рўза тута олмайдиганларга рухсат этилади

Ислом шариатида маълум бир амал ўрнига мол сарфлаш «фидя» дейилади. Масалан, Рамазон ойи рўзасини узрли сабаблар туфайли тута олмай қолганлар бунинг учун фидя берадилар. Кундан-кунга қувватдан кетиб борадиган, қайта кучга тўлмайдиган қариялар, тузалишига умид бўлмаган беморлар рўза тутмаслигига шариатимиз рухсат беради. Улар Рамазоннинг ҳар бир куни учун фитр садақаси миқдорида мискинларга фидя беришади. Улар истасалар, фидяларининг ҳаммасини бир қилиб, Рамазон ойининг бошида ёки охирида беришлари мумкин.

Исломда инсонни унинг тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Аллоҳ таоло рўзани фарз қилиш билан бирга «Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида фидя — бир мискин таоми бордир» деб марҳамат қилади («Бақара» сураси, 184-оят). Ҳадиси шарифда: «Бу оят насх бўлмаган, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмаслар, шунинг учун ҳар бир кун ўрнига камбағални таомлантиришади», дейилган. Бошқа ҳадиси шарифда: «Бу рухсат фақат рўзани кўтара олмайдиган ва тузалмас касалларгагина берилади», дейилган.

Фидя бир камбағалнинг бир кунлик ўртача тирикчилигини таъминлайдиган овқат миқдори бўлиб, унинг ҳажми таом ёки унга тўғри келадиган пул бирлигида белгиланади. Бунда ҳар бир жойнинг иқтисодий-маиший шарт-шароитидан келиб чиқилади.

Рўза тутишда вақтинчалик қийинчиликка учраб, кейин яна рўза тутиш имконига эга бўладиган касаллар, қуввати тикланган кексалар қазо рўзасини янаги Рамазон келгунча тутиб беришлари лозим.

Камбағал, мискин, қарздор, толиби илм...ларга бериш лозим

Фитр садақаси ва фидя закот олиши мумкин бўлган кишиларга берилади. Акс ҳолда қилинган садақалар қабул бўлмай қолади. Булар — моли нисобга етмайдиган камбағал, ҳеч нарсаси йўқ мискин, давлат томонидан белгиланган садақаларни йиғувчи киши, молу дунёси нисобга етмайдиган қарздор, толиби илмлар ва пули тугаган ёки пулини йўқотган йўловчи (мусофир)лар ва ҳоказо. Шунингдек, фитр садақасини зиммийларга, яъни бизнинг ўлкаларда яшаётган ғайридинларга ҳам берса бўлади.

Улуғ ажру савоблар билан мукофотланади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 2020 йил (1441 ҳижрий йил) Рамазон ойи учун фитр садақаси ва фидя миқдорига доир қарорида, мезон қилиб олинган нархлар Тошкент шаҳрига оид бўлиб, ҳар бир вилоят вакилликлари ўз ҳудудидаги бозорлардаги ўртача нархлардан келиб чиққан ҳолда фитр садақаси ва фидя миқдорини белгилаши кўрсатилди.

Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг. буғдой ўртача тўрт минг сўм, 1 кг. арпа ўртача уч минг сўм, 1 кг. майиз ўртача ўттиз беш минг сўм ва 1 кг. хурмо ўртача ўттиз минг сўм экани маълум бўлди. Шунга кўра, 2020 йил (1441 ҳ.) учун фитр садақасининг миқдори: ≈ 2 килограмм буғдой 8 000 (саккиз минг) сўм; ≈ 4 килограмм арпа 12 000 (ўн икки минг) сўм; ≈ 2 килограмм майиз 70 000 (етмиш минг) сўм; ≈ 4 килограмм хурмо 120 000 (бир юз йигирма минг) сўм деб белгиланди. Ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда, юқоридаги тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.

Бу йилги фидя миқдори эса бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати ўртача қийматидан келиб чиқиб 20 000 (йигирма минг) сўм этиб белгиланди.

Мухтасар айтганда, садақа ва эҳсонлар молиявий ибодат бўлиб, уни адо этган киши улуғ ажру савобларга эга бўлади. Айниқса, муборак Рамазон ойида қилинган эзгу амаллар Аллоҳ даргоҳида улкан даражада мукофотланади.

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари ва «Носирхон» жоме масжиди имом-хатиби.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш