Ёдгорой Мирзаева: «Бокс жароҳатсиз бўлмайди»

Аёллар бокси юртимиз спорти таркибидан жой олганига кўп бўлгани йўқ. Боксчи чемпион қизлар сафи эса йил сайин кенгаймоқда. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи Лочин Қўчқоровнинг таъкидлашича, Бокс федерацияси қошида аёллар бўлими ташкил этилгач, бир ярим мингга яқин қиз уч вазн тоифасида мунтазам шуғуллана бошлади. Уларга олтмишдан ортиқ мутахассис бириктирилди.

Ҳозирда Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида аёллар бўлими фаол ишламоқда. Терма жамоа тузилаётган вақти унга таэквондо, қўл жанги, тайбокс каби спорт турлари билан шуғулланган қизлар келиб қўшилган. Улар орасида ҳаттоки оғир атлетикадан спорт устаси ҳам бор эди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устозлари Ринат Юсупов, Раҳматжон Рўзиохунов, Дилмурод Ҳасанов, Камолиддин Муталов каби мураббийлар машғулотлар олиб боришди. Натижада қисқа вақт ичида Хитойнинг Куинан шаҳрида ўтказилган Осиё-Океания Олимпия саралаш мусобақасида боксчиларимиз 5 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди.

Бокс нозик хилқат вакилалари — хотин-қизларга оғирлик қилмасмикан, деган савол кўпчиликда пайдо бўлиши табиий. Бокс бўйича мамлакатимиз терма жамоаси аъзоси, халқаро тоифадаги спорт устаси, ўзбек бокси тарихида илк бор Олимпиадада иштирок этган Ёдгорой Мирзаева бу ҳақда шундай дейди:

— Ноқулайлик томони, биринчи навбатда, боксда юз жароҳатлари кўп бўлади. Илк марта кўзим кўкарганини кўрган онам «аёлнинг ҳусни юзи билан», дея эътироз билдирганди. Аммо аҳдимдан қайтмаслигимни билиб қўллаб-қувватлаган. Бундан ташқари, боксда бурун синиши, қош йиртилиши, бош ёрилиши, елка ва қўллар лат ейиши мумкин. Бусиз рингда фаолият олиб бориб бўлмайди. Спортчи ҳар қандай вазиятда ғалаба сари интилиши керак. Бугунги кунда эришган натижаларимда илк мураббийим Ойбек Тожиевнинг ўрни беқиёc. Чунки юзимдан жароҳат олган пайтимда вазиятдан қандай руҳий ҳолатда чиқиб кетишим кераклиги ҳақида ҳам сабоқ берган. Биз ҳар қандай ҳолатда нозик хилқат вакилалари бўлиб қолаверамиз. Барибир ойнага қарамасдан туролмаймиз. Лекин бу спорт.

Яна шуни қўшимча қилишим мумкинки, йигитларга қараганда қизлар характери мураккаб. Уларнинг ўзига хос характери, нозик табиати бор. Шу сабабдан ҳам барчага индивидуал ёндашув керак бўлади.

— Мамлакатимизда спортчилар, жумладан, боксчиларни рағбатлантириш йўлга қўйилган. Бу борада аёлларга қандай имтиёзлар бор?

— Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунга келиб рағбатлантириш масалаларида биз аёл спортчиларга ҳам эркаклар терма жамоаси билан бир хил эътибор кўрсатилади. Яъни жаҳон ва Осиё чемпионатларида совриндор бўлган қизлар натижасига қараб, йигитлар билан бир хил мукофот пули олади. Биздан фақат натижа кўрсатиш талаб қилинади, холос.

— Спорт соҳасини ривожлантириш йўлида бир талай ишлар олиб борилмоқда. Сизнингча, соҳанинг энг долзарб муаммолари қайсилар?

— Осиёлик боксчи қизлар жаҳон миқёсида кучли ҳисобланишади. Хитой, Таиланд, Филиппин каби мамлакатларнинг боксчи қизлари жаҳон чемпионатларида ҳам муваффақиятли иштирок этишади. Бу давлатларда узоқ йиллардан буён аёллар бокс мактаби фаолият олиб боради. Ҳаттоки қўшни Қозоғистонда ҳам аёллар бокси терма жамоаси ташкил этилганига 15 йил бўлган. Бизда эса эндигина тўрт йил бўлди, қисқа вақт ичида кўплаб чемпион қизлар етишиб чиқди. Юртимизда соҳага доир кўплаб ишлар қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан спорт базаси яратиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Янгиободдаги базамизда иккита спорт залимиз бор. Лекин у ерда ўзимизнинг ётоқхона йўқ. Ҳозирги базамиз Миллий олимпия қўмитаси ёрдамида қайта таъмирдан чиқарилди. Лекин буни етарли даражада дея олмайман. Шу сабабдан замонавий спорт зали, ётоқхона, ошхона, реабилитация марказига эга бўлган катта база барпо этилади. Ишонаманки, янги қуриладиган спорт базаси узоқ йиллар давомида юртимиз бокси ривожи учун хизмат қилади. Ўзбекистон эркаклар терма жамоасининг қандай кучга эга эканини барча билади. Энди қизларимизни ҳам шу савияга олиб чиқиш бўйича мураббийлар мунтазам шуғулланишмоқда. Агар терма жамоамиз учун алоҳида база бўлса, яқин йиллар ичида биздан ҳам жаҳон миқёсидаги бокс юлдузлари етишиб чиқиши тайин. Яқин вақт ичида шундай имкониятга эга бўламиз дея умид қиляпмиз. Ўйлайманки, ўзбек боксини дунёга янада машҳур қилишда қизлар жамоаси ҳам мустаҳкам ўрин эгаллайди.

Нилуфар ЮНУСОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш