«Обод қишлоқ» дастури нега охиригача бажарилмади?

Маълумки, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида йиллар давомида ривожланишдан ортда қолган, қаровсиз ҳудудлар янгича қиёфа касб этмоқда. Бироқ айрим жойларда мазкур дастурлар доирасида белгиланган вазифалар тўлақонли бажарилмай, чала қолмоқдаки, бу ҳолат аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўляпти.

Жумладан, Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги «Қоражон» маҳалласи 2019 йилда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган эди. Афсуски, маҳаллада дастур доирасидаги ишлар охиригача бажарилмади.

— Дастур асосида маҳалламиз учун янги бино қурилди, — дейди йиғин раиси Дониёр Ўринов. — Аммо бинонинг охирги пардозлаш ишлари чала қолиб кетди. Шунингдек, бошқа қишлоқларда бўлгани каби амфитеатр, футбол майдончаси ва кутубхона қурилади, дейишганди. Аммо бундай бўлмади. Қишлоқ врачлик пункти масаласи ҳам ечилмаяпти. Маҳалламиз туман марказидан 15 километр узоқда жойлашган. Тиббий хизматга эҳтиёж туғилганда йўл узоқлик қилади. ҚВПда эса олий маълумотли шифокор йўқ. 8 километр узоқликдаги Кескантерак қишлоқ оилавий поликлиникасига қатнаш ҳам ортиқча вақт ва харажат талаб қилаётир.

Тендер эълон қилинди, бироқ талабгор йўқ

Айни ҳолат бўйича Навбаҳор тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Азиз Хўжаевнинг айтишича, собиқ Қоражон ҚВП айни пайтда туман тиббиёт бирлашмаси «Тез ёрдам» бўлимининг филиалига айлантирилган. Қоражонликлар Кескантерак қишлоқ оилавий поликлиникаси тиббий хизматидан фойдаланиши лозим ва мазкур шифо маскани Дониёр Ўринов айтганидек, 8 километр эмас, 2-3 километр узоқликда жойлашган.

— Ҳудудда «Обод қишлоқ» дастури асосида амфитеатр ва кутубхона қуриш режада белгиланмаган, сунъий қопламали майдончага келсак, бунинг учун ҳам бюджетдан маблағ ажратилмаган, — дейди Азиз Хўжаев. — Майдонча тадбиркорлар томонидан қурилиши лозим эди. Тендер эълон қилинди, аммо ҳеч ким сунъий қопламали майдонча қуришга талабгор бўлмади. Тендер танлови ҳозир ҳам тўхтатилгани йўқ, талабгор тадбиркор чиқса, маҳаллада майдонча барпо этилади. Йиғиннинг янги биноси эса расман фойдаланишга топширилмаган, чунки ҳали қурилиш ишлари охиригача етказилмаган.

Ўтган йили тумандаги «Оқ олтин» маҳалласида ҳам дастур асосида бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, умумтаълим мактаби, болалар боғчаси бинолари мукаммал таъмирланди, 90 фоиз аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бироқ мазкур ҳудудда ҳам айрим юмушлар чала қолиб кетди. Йиғин аҳлини қоражонликлар каби битмаган маҳалла биноси, режада бору, амалда йўқ футбол майдончаси ташвишга солмоқда.

Раислар нега ишдан кетмоқда?

Маълумотларга кўра, айни пайтда тумандаги 6 та маҳалла раиси ўз лавозимидан озод этишни сўраб ариза ёзган. Уч йил муддатга сайланган оқсоқоллар нима учун бир йилга етмай ишдан кетишни истаб қолишди? Бу ҳақда туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бош мутахассиси Азамат Примовдан сўраганимизда, у: «Навкар», «Қоражон», Мирзо Улуғбек, «Янгийўл», «Қушқочди» ва «Қоражон» маҳаллаларининг раислари ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзганини айтди.

Сўраб-суриштирганимизда эса раислар бу хоҳишни билдиришга мажбур бўлаётгани аён бўлди. Маълумки, бугун аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиши, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун, асосан, полиз маҳсулотлари ва сабзавотлар етиштириш тавсия этилмоқда. Қишлоқ жойда томорқа майдонлари мўл-кўл ва экин-тикиндан ташқари, чорвачилик ортидан рўзғор тебратувчи оилалар мол-ҳоли учун ҳам экин экишни истайди. 

Айрим ҳудудларда эса томорқани суғориш борасида муайян муаммолар мавжуд. Ана шундай вазиятда туман ҳокимлиги вакиллари «аҳоли томорқа маданиятига амал қилмаяпти, демак, оқсоқол фуқароларга сўзини ўтказолмаяпти» деган хулоса билан йиғин раисларини айблаши «ўз хоҳиши билан ариза ёзиш»га сабаб бўлмоқда. Ҳатто ҳокимликдан «аризангизни ёзинг!» деган талаб ҳам қўйиляпти. Аслида маҳалла раисларини халқ сайлайди, қайсидир муаммолар сабаб уларни  ишдан бўшатишга ҳокимлик ҳақлимикан?

Биз бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида туман ҳокимлигига мурожаат қилдик.

— Аҳолининг томорқадан самарали фойдаланишини таъминлаш борасида ҳамиша маҳалла раислари билан суҳбатлашилади, ердан фойдаланмаётган фуқароларга нисбатан таъсир чораси кўриш лозимлиги уқтирилади, лекин шахсан туман ҳокими ҳеч кимга «фуқароларга сўзингни ўзказолмасанг, аризангни ёз» деган талабни қўймаган, — дейди ҳокимлик матбуот хизмати раҳбари Элёр Бобоназаров. — Айрим раислар томорқадан самарали фойдаланмаётган маҳалладошига нисбатан таъсир чора кўрилишини, жарима жазоси қўлланилишини истамай, норози бўлгани рост. Лекин, такрор айтаман, ҳоким томонидан раисларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказилгани йўқ.

Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Дилшод Очилов ҳам Элёр Бобоназаровнинг гапини тасдиқлади.

...Биз мазкур чиқишимиз билан кимнидир «оқ», кимнидир «қора» демоқчи эмасмиз. Аслида бугунги шароитнинг ўзи бир-биримиздан айб изламай, ҳар бир ишга виждонан, адолатли ёндашиш лозимлигини кўрсатиб турибди. Қолаверса, адолат бўлмаган жойда адоват бўлади, гап-сўз кўпаяди. Буни ҳокимлик вакиллари ҳам, сайловларда «халқ хизматини қиламан» деб номзодини қўйиб, одамлар ишончини қозонган раислар ҳам тўғри тушуниши лозим. Бундан ташқари, амалдаги раисни лавозимидан озод этиб, янгидан сайланадиган раис мавжуд муаммони ҳал қилишига кафолат бормикан?

Холбиби САФАРОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш