Талабалар ва абитуриентлар нимадан хавотирда?

Коронавирус пандемияси барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам янгича ёндашув билан ишлашни тақазо этди. Шу боис таълим тизимига масофавий технологиялар жорий қилиниб, 10 мингдан зиёд таълим муассасасидаги 7 миллион ўқувчи ва 500 минг талабага онлайн дарс бериш йўлга қўйилди. Бу янги механизм карантин шароитида ҳам фанларни ўз вақтида ўзлаштиришни таъминлаб бермоқда.

Энди жорий ўқув йилини сифатли якунлаш вазифаси турибди. Умумтаълим мактабларида дарс жараёнлари онлайн шаклда якунланиши маълум қилинди. Бироқ академик лицей, коллеж ва олий таълим муассасаларида-чи? Якуний имтиҳонлар, абитуриентларнинг ҳужжат топшириш жараёни қай тартибда амалга оширилади? Бу борада таҳририятимизга кўплаб саволлар келмоқда. Саволларга жавоб олиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мурожаат қилдик. Қуйида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовнинг энг муҳим саволларга йўллаган жавобларини эълон қиламиз.

Талабаликка қабул қилиш жараёнида ўзгариш борми?

– Бу йил абитуриентлар қай тарзда ҳужжат топширишади? Имтиҳонлар қандай тартибда ўтказилади?

– Маълумки, 2020 йилдан кириш имтиҳонлари жами 5 та – учта мажбурий ва иккита мутахассислик фани бўйича ўтказилиши белгиланган эди. Лекин карантин шароити ёшларнинг имтиҳонга тўла тайёргарлик кўриш имкониятини ҳам чеклади. Шу боис жорий йилнинг 30 апрель куни Президентимиз раҳбарлигида ўтган йиғилишда белгиланган топшириқлар ва тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик, идора, ташкилотлар томонидан киритилган таклифлар асосида абитуриентларга масофадан, онлайн шаклда, интернет орқали ҳужжат топшириш имкониятини яратиш, кириш тест синовларини содда шаклда ва қисқа вақт ичида ўтказиш каби енгилликлар яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Абитуриентларни қийнаб қўймаслик мақсадида фақат 2020-2021 ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2 та мутахассислик фанларидан ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу 2 та мутахассислик фанлари 2019 йил декабрь ойида белгиланган тартибда тасдиқланиб, кенг жамоатчиликка эълон қилинган эди.

Кейинги ўқув йилидан бошлаб, ҳамма жараён белгиланган тартиб-қоидалар асосида бўлишини такроран эслатиб ўтамиз.

Контракт пули тўламаган талабага диплом берилмайдими?

– Олий таълим муассасаси битирувчи курс талабаларига контракт пулларини тўлаш керак, демоқда. Агар тўланмаса, талаба якуний назоратларга киритилмайди ва унга битирганлик тўғрисидаги диплом берилмайди, деб эшитдим. Шу тўғрими?

– Олдин ҳам айтганимиздек, карантин даврида ўқув йили учун тўлов-контракт пулларини тўлиқ тўлашга улгурмаган талабалар ўқишдан четлатилмайди. Бу битирувчи курс талабаларига ҳам тааллуқли. Ҳар бир олий таълим муассасаси ўзининг молиявий имкониятидан келиб чиқиб, контрaкт тўлови муддатини мустақил узайтириш ваколатига эга.

Юқоридагилардан келиб чиқиб тўловларни тўлиқ амалга оширмаган битирувчи курс талабалари шартли равишда, истисно тариқасида якуний назоратларга киритилиши мумкин, лекин уларга ўқув йили учун белгиланган тўловни тўлиқ амалга оширганларидан сўнг олий таълим муассасасини тугатганлиги тўғрисидаги тегишли диплом берилади.

Академик лицей ва коллеж битирувчилари имтиҳонларни қандай топширишади?

– Академик лицей ва коллежларда якуний давлат аттестациялари имтиҳонлари қай тарзда ўтказилади?

– Якуний давлат аттестацияларини ўқув режага мувофиқ, онлайн тест шаклида ўтказиш режалаштирилган. Академик лицей ўқувчилари учун давлат имтиҳонлари шаклида 60 та тест (Ўзбекистон тарихи фани, йўналишлар бўйича чуқурлаштирилган фанлар)дан иборат тестлар тўплами блокларга ажралган ҳолда, кўп вариантлилик принципи асосида ишлаб чиқилади ва ўқувчилар масофавий тарзда интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда имтиҳон топширадилар.

Коллеж ўқувчилари ҳам 2019/2020 ўқув йили учун истисно тариқасида, якуний давлат аттестациясини онлайн тарзда ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, малакавий ишни бажарган битирувчилар ўз тақдимотларини интернет тармоғи орқали касб-ҳунар коллежларига тақдим этишлари мумкин бўлади.

Магистрлар диссертациясини қандай ҳимоя қилади?

– Магистратура мутахассисликлари битирувчиларининг магистрлик диссертациялари ҳимоялари қандай тартибда ўтказилади?

– Магистратура мутахассисликлари битирувчиларининг магистрлик диссертациялари ҳимоялари ZOOM ёки бошқа дастурлар орқали масофавий шаклда ўтказилади.

Минг ўринли биноларда имтиҳон топшириш хавфли эмасми?

– Коронавирус пандемияси пайтида минг ўринли катта биноларда имтиҳон олиш жараёнлари инфекциянинг кенг тарқалиш хавфини келтириб чиқармайдими?

– Алоҳида таъкидлаш керакки, инфекция бутунлай бартараф этилмаган шароитда абитуриентларнинг 1000 ўринли биноларда 3-4 соат қолиб кетишига йўл қўйилмайди. Шунинг учун ҳам мазкур ўқув йилида тест синовлари ўтказиладиган биноларда кўпи билан 700 тагача ўрин тайёрланади. Ҳар бир абитуриент учун камида 3 кв.м. жой ажратилади, санитария-гигиена талабларига биноан, уларда ниқоб, қўлқоп билан тестда иштирок этиши таъминланади. Абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчангач, бинога киритилади. Бинолар камида 4 маротаба дезинфекция қилинади. Қайд этилган ушбу жараён ҳам карантин чекловлари бутунлай олиб ташлангандан сўнг амалга оширилади.

Алоҳида иқтидор талаб этиладиган йўналишларда-чи?

– Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига талабаликка қабул қилиш жараёнларида ўзгаришлар борми?

– Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига ҳужжатлар топшириш муддатларига ўзгартиришлар киритилмаган. Ўтказиладиган имтиҳонларни соддалаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Абитуриентлар ижодий имтиҳонга фақат бир марта келиб кетади.

Магистратурага ҳужжат топшириш ҳам ўзгардими?

– Магистратурага кириш учун ҳужжатлар топшириш жараёни қандай ўтказилади ва муддатларида ўзгаришлар бўладими? Имтиҳон жараёнлари-чи?

– Магистратурага кириш учун ҳужжатлар белгиланган тартибда 1 июлдан 30 июлгача (шу куни ҳам) қабул қилинади. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб магистратурага кириш учун абитуриентларга электрон тарзда ҳужжатларни топшириш имкониятлари яратилади.

Магистратурага кириш имтиҳонлари карантин тадбирларидан келиб чиққан ҳолда Низомда белгиланган шаклларда ёки тест шаклида ўтказилиши мумкин. Кириш имтиҳонлари натижалари муайян олий таълим муассасаларининг расмий веб сайтларида эълон қилинади.

Рустам Юсупов тайёрлади.

Изоҳ 2
Sotiboldiyev navruzbek

2020-05-19 13:22:40

Men maskiva shahrida oqiman hozir uzbdaman oqishlarimni da srochni yopib kelganman hamma dakumetlarim qolimda oqishni uzbga kochirish uchun nima qilishim kerak ?

Изоҳ қолдириш