Олис маҳаллалар раҳбарлар қадами етсагина обод бўладими?

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

2019 йил ҳамда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида газетамизда Самарқанд вилоятининг айрим маҳаллаларида юзага келган ва ечимини кутаётган турли-туман муаммолар хусусида бир қатор танқидий-таҳлилий мақолалар эълон қилинди. Мазкур чиқишларда жойлардаги мутасадди раҳбарларнинг шу масалалар юзасидан жавоблари, уларни бартараф этиш бўйича берган ваъдалари ҳам қайд этиб ўтилганди. Хўш, газетадаги танқидлардан сўнг вазият қайси томонга ўзгарди?

«Айтавериб чарчадик, барибир бефойда...»

Жумладан, газетамизнинг 2019 йил декабрь ойидаги сонларидан бирида Пайариқ тумани «Эрназарқўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини қийнаб келаётган қатор ижтимоий муаммолар ҳақида танқидий материал эълон қилинди. Мана, орадан 6 ойга яқин вақт ўтди. Бу давр мобайнида мақолада тилга олинган масалалар ўз ечимини топдими? Йиғиндаги бугунги вазият, одамларнинг кайфияти қандай?

Юқорида қайд этилган танқидий мақолада бундан ярим аср илгари асфальт қилинган Эрназарқўрғон, Қўриқбуйрак ва Сарияк қишлоқларини боғлаб турувчи асосий кўчанинг бугунги аянчли аҳволи ҳудудда яшовчи 5 мингга яқин аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани, шунингдек, аҳолини суюлтирилган газ, электр энергияси билан таъминлашда юз бераётган жузъий камчиликлар ҳақида айтилган эди.

— Бу масалалар ечими борасида маҳалламизда деярли ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, ҳамон «Эски тос, эски ҳаммом», бу ҳақда масъулларга айтавериб, очиғи, чарчадик, ҳаммаси бефойда экан, — дейди «Эрназарқўрғон» маҳалласи раиси Салоҳиддин Носиров. — Бошқасини қўя туринг, масъуллар ҳаттоки қисқа туташувлар туфайли куйиб кетган айрим симёғочларни ҳам ҳалигача алмаштиришмади. Бу симёғочлар ўрнатилганида мен 10 яшар бола эдим. Ҳозир 70 ёшдаман. Қарийб 60 йилдан буён шамолу ёмғирларга дош бериб келаётган бу устунлар деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган, уларни фақатгина тортилган симлар ушлаб турибди. Шу боис сал кучлироқ шамол турса, қулаб тушиши аниқ.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида «Пайариқ электр тармоқлари» корхонаси Челак бўлими раҳбари Бахтиёр Усмонов билан боғландик.

— Мен бу лавозимга тайинланганимга ҳали икки ой ҳам бўлгани йўқ, шунинг учун мазкур муаммодан мутлақо бехабарман, — деди у. — Мендан олдин ишлаган раҳбар нима деган, қандай ваъда берган, менга қоронғи. Ўзингизга яхши маълум, ҳозир ҳамма жойда карантин. Карантин тугаши биланоқ, биринчи навбатда, ана шу масала билан шуғулланаман. 5-10 та симёғочни алмаштириш жуда катта муаммо эмас. Карантин қоидалари бироз енгиллаштирилиши билан ходимларимиз сиз юқорида қайд этган симёғочларни қисқа фурсатларда алмаштириб беришади.

«Ер беришса, ўзим бино қураман»

Навбатдаги манзилимиз яна шу туманнинг «Оққўрғон» ва «Сорисув» маҳаллалари бўлди. Иккита йиғин, 323-ички ишлар таянч пункти ва «Қўштепа» алоқа бўлими жойлашган, эскириб, деворлари тўкила бошлаган бино ҳақида ҳам газетанинг 2019 йилги сонларидан бирида танқидий мақола берилган эди.

Танқиддан сўнг орадан шунча вақт ўтса-да, афсуски, бу ерда ҳам яна ўша манзара. Йиғинга борадиган ягона йўлак ёмғир сувлари билан тўлиб-тошганидан бу ерда кўча борлигини билиш ҳам қийин. Бинонинг орқа томони эса зах тортиб кетганидан сувоқлари кўчиб ётибди. Бинога кириш қисмида гарчи тўртта ташкилотнинг номи ёзилган тахтачалар турган бўлса-да, эшиклар қулфланган, атрофда ҳеч кимса йўқ.

Ҳолат бўйича Пайариқ тумани ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Дилфуза Мамасолиева билан боғландик.

— Бу йиғинларнинг-ку яроқсиз бўлса ҳам ўз биноси бор, туманимизда бошпанасиз йиғинлар ҳам кам эмас, — дейди Д.Мамасолиева. — Ҳаммасига бир-икки йилда янги бино қуриб беришнинг иложи йўқ. Шу боис энг эҳтиёжманд, аҳволи ўта ночор ҳудудларга биринчи навбатда босқичма-босқич янги бино қуришни дастурга киритиб боряпмиз. «Оққўрғон» ва «Сорисув» маҳаллалари ҳам шулар жумласига киради.

— Мен бу борада туман раҳбарларига ўз таклифимни айтганман, — дея суҳбатга қўшилди «Оққўрғон» йиғини раиси Ширинбой Тўлаганов. — Агарда улар менга жой ажратиб беришса, ўз маблағим ҳисобидан йиғинимизга янги бино қуриб бермоқчиман. Менимча, бу масала жорий йил охиригача, албатта, ўз ечимини топади.

Сирти ялтироқ, ичи қалтироқ...(ми?)

«Оққўрғон» ва «Сорисув» маҳаллаларидан икки чақиримча масофада Жомбой туманига қарашли «Ногаҳон» маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган. Маҳалла биноси сиртдан қараганда бинойидек туюлса-да, ичкарига киришингиз билан димоғингизга урилган бадбўй ҳиддан таъбингиз хира тортади. Негаки, бир вақтлар собиқ хўжалик идораси бўлган бинонинг фақатгина сирти таъмирланган, холос. Ичкаридаги мавжуд 4 та хонанинг иккитаси қаровсиз ҳолда ётибди. Қолган иккитасининг эшигида қўшалоқ қулф осиғлиқ.

Бино атрофидаги пала-партишликдан бу ерга яқин орада одам зоти қадам босганига ишониш қийин. Бу ҳолатнинг сабабини аниқлаш мақсадида қилган уринишларимиз, афсуски, бесамар кетди. Масъуллардан биронтаси билан боғланишнинг, уларни топишнинг иложи бўлмади...

Афсуски, юқоридаги каби ҳолатлар вилоятда саноқли эмас. Мутлақо яроқсиз ҳолга келиб қолган йиғин бинолари, ўйдим-чуқурдан иборат кўчалар, эскирган симёғочлар Жомбой туманидаги «Ҳалвойи», «Оқ олтин», «Наймантепа», Самарқанд туманидаги «Юқори қайнама», «Қуйи қайнама» каби ўнлаб маҳаллалар ҳудудларида ҳам мавжуд.

Хуллас, вилоятнинг Пайариқ ва Жомбой туманларидаги айрим маҳаллаларда кўрган-кечирганларимиз ҳозирча шулар. Тўғри, ҳозир вилоят ҳудуди карантинда. Бу ҳолат мавжуд ижтимоий муаммолар ечимини орқага суриши тайин. Аммо айни пайтда бу дегани, одамлар олдидаги масъулиятни унутиш керак дегани эмас. Баъзан қайсидир вазир ёки раҳбарнинг олис қишлоққа ташрифидан олдин кўчалар асфальтланиши, шағал тўшалиши, электр энергияси узлуксиз узатилиши ҳақида эшитиб қоламиз. Хўш, олис маҳаллалар фақат раҳбарлар қадами етсагина обод бўладими?

Ўйлаймизки, масъуллар юқоридаги масалаларга эътибор қаратади ва биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Ёрмамат РУСТАМОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш