Азим МУЛЛАХОНОВ: «Санъаткор фақат яхши кунда эмас, оғир кунларда ҳам халққа далда бўлиши керак»

Деразамнинг остида тонгда,

Сайраган єуш сизмасму, ота?

Ё тўнимга кўклам мозорда,

Ёпишган гул сизмасму, ота?..»

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов ижросидаги «Ота» номли ушбу қўшиқни эшитганда ким ҳам отасини қўмсамайди?! Суянган тоғи — отасини йўқотганлар ёки ундан олисда юрганлар қалбига бу қўшиқ қанчалик яқин ва малҳам бўлса, падари бузруквори ҳаёт бўлган бахтли инсонлар учун ҳам бу қўшиқнинг қадри шунча юқори. Аслида яхши қўшиқнинг вазифаси ҳам шу: барчани бирдек жунбушга келтирсин, баробар йиғлатсин, баробар ўйга чорласин, хулосага ундасин...

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, халқимизнинг севимли ижодкори, устазода санъаткор Азим Муллахоновнинг ижодида эса бадиий қиммати безавол, қайси замон ё қай даврада эшитманг, қалб торларини чертувчи, ички туғёнларга туртки берувчи сара қўшиқлар бисёр. Ижодкор билан санъат оламидаги муаммолар, санъаткорнинг хулқ-атвори, синовли кунларда санъатнинг вазифаси қандай бўлиши кераклиги хусусида суҳбатлашдик.

— Санъаткор маънавияти, одоби ва ахлоқи, хулқи ҳақида айни пайтда яхши фикрлардан кўра, ёмон муносабатлар кўпроқ билдирилмоқда. Ҳатто «энг порлаган юлдуз»лар ҳам бугун муҳокамалар марказида. Сизнингча, санъаткор учун фақат яхши ижоднинг, қобилиятнинг ўзи кифоя қиладими?

— Санъаткорни халқ ардоқлайди, эъзозлайди. Ўз навбатида, санъаткор ҳам эл орасида доимо ўзи ҳақида яхши фикрлар юришини хоҳлайди. Аммо бу осон эмас. Ўйлашимча, бунинг  учун 3 та жиҳат муҳим: аввало, санъаткор халқни ўйлаши, хизматлари учун жуда катта эмас, балки одамларнинг чўнтаги кўтарадиган нарх қўйиб тўйга бориши керак. Яна бир омил — санъат одами манманликни йиғиштириб қўйиши керак. Мен буюк санъаткорлар Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаровларнинг тўйларда ўзларини қандай тутишганини кўрганман. Ўшанда тўйхонага киргунча 50 метрли йўлак бўлса ҳам, ўша санъаткорнинг ҳурмати учун узун гиламлар ёзиб, қаршилашарди. Ваҳоланки, ушбу буюк санъаткорлар асло ҳурматталаб бўлишмаган. Одамлар уларни астойдил яхши кўрганидан шундай кутиб олишган. Қолаверса, устоз санъаткорларнинг одамийлиги, доно фикрлари, саховати ҳам халқни доимо тўлқинлантирган, севгисини оширган.

Санъаткорга зарур бўлган яна бир жиҳат — мол-дунёсини кўз-кўз қилавермаслик ва бўлар-бўлмас фикрлар билдириб, «донолик» қилавермаслик, деб ўйлайман. Чунки ҳозир интернет ривожланиб кетган, одамларнинг онги юқорилаб бормоқда. Яхши кўрган санъаткорини кузатади, агар озгина сохталикни сезиб қолдими (масалан, бир артист иккинчисини ёмонласа, бошқа бирови уйини мақтаб видео жойласа, яна бошқа артист ақли етмаган мавзуда ваъзхонлик қилса), дарров ундан ихлоси қайтади. Тўғри, демократик давлатда яшаяпмиз, ҳамма ўз фикрини билдиришга ҳақли. Аммо санъаткордан халқ нимани кутади? Яхши ижодни, халқнинг кўнглини олишни. Сохталик қилса, ўзини билағон кўрсатса, халқнинг ҳурмати сўнади.

— Аслида санъаткорлар яхши кунларда хизмат қилишади. Аммо бугун элимиз бошига синов тушган дамлар. Айтинг-чи, айни вазиятда санъат аҳлининг вазифаси қандай бўлиши керак?

— Менимча, санъаткор санъати билан халққа дармон бўлиши жоиз. Ҳиммати бўлса, ҳаммага ошкор қилмасдан ёрдамини кўрсатсин. Бойлигини кўз-кўз қилиш эса айни кунларда умуман ортиқча. Аслини олганда ҳамма санъаткорлар ҳам бой эмас. Аммо ўзини реклама қилиш, давлатманд кўрсатиш шоу-бизнесда рейтинг ошириш қуролига айлангандек. Қанча даромади бўлмасин, санъаткор халқ бошига оғир кун тушганда қўлдан келган яхшилигини аямаслиги керак.

— Сирдарёга офат юз берган жойга борган санъаткорларнинг жабрдийдалар билан расмга тушгани ҳам кескин норозиликларга сабаб бўлди...

Ахир, бутун умр меҳнат қилиб тиклаган уй-жойи, кўпайтирган мол-ҳоли бир кунда сувга оқиб кетсаю, айрим «санъаткорлар» улардан ҳол сўрагани бориб, тиржайиб ўзини сельфи қилса, ижтимоий тармоқларга жойласа, бу қайси мезонларга тўғри келади? Саховатни ҳам аслида кўрсатмай, билинтирмай қилиш керак-ку?!

Фикримча, қурилишлар бошланса, фалокат бўлган ҳудудларга бориб бепул концерт уюштириш ёки концертдан тушган маблағни талафот кўрганларга хайрия қилиш — энг мақбул кўмакдир. Ана шунда аҳоли билан учрашувлар қувончли ўтади, концертлар кўнгилга сиғади.

— Эстрадага жуда кўп ёшлар кириб келишяпти, аммо санъатимиз бир жойда депсиниб тургандек. Ёш ва навқирон кадрларнинг кўплиги, сизнингча, нима учун ривожланишга туртки бермаяпти?

— Ҳозир санъатдаги мезонлар йўқолган. Демократия эпкинлари санъатга ҳам кириб келди. Илгари бадиий кенгаш қаттиқ назорат қиларди. Унча-бунча одам санъаткорликни эплай олмасди. Масалан, ҳаваскорлик деган мезон бўларди. Радиода мен 10 йил ҳаваскор бўлиб чиқиб, кейин профессионал санъатга ўтказилганман. Мана шу мезонлар олиб ташлангандан кейин ривожланиш ўрнига пасайиш кузатилди. Ҳозир телевидение пулли бўлган, радио ҳам пул берсангиз ашулангизни қўяди. Хусусий каналлар кўпайган. Улар ўзининг муайян қоидаларига бўйсунади. Бадиий назоратнинг йўқлиги боис ҳаваскорлик даражасидан ҳам паст савиядаги ашулачилар кўпайди. Тингловчининг қулоғи саёз куй-қўшиққа ўрганди. Менинг фикримча, санъатда, албатта, назорат бўлиши керак. Қолаверса, санъаткор халқнинг олдида ҳар бир гапига, бачкана қилиғига масъул эканини, айтадиган ашуласининг матнигаю мусиқасига жавобгар эканини унутмаслиги лозим.

— Юқорида тўйлар ҳақида гап очдингиз. Халқ бир умр ишлаб пул йиғса ҳам севган санъаткорини тўйига олиб келолмайди — юлдузларнинг нархи осмонда. Ваҳоланки, уни юлдуз қилиб кўтарган ҳам шу халқ. Тўйлар учун нарх белгилашда нега адолат йўқ? 

— Аслида мен тўйларда муайян нарх белгилаш тарафдориман. Айтайлик, турли мезонлар асосида бир миллиондан ўн миллион сўмгача белгиланса ва бу нарх ўзгармас бўлиб, ўша суммадан фоиз чиқарилиб, солиққа тортилса, муаллифлик ҳуқуқи учун (бастакор ёки шоирга) пул чиқарилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Нарх белгилашда ҳар бир санъаткорнинг концерт чипталари баҳосидан келиб чиқилса, эътирозига ўрин қолмасди. Масалан, тўйга борган санъаткор фонограмма орқали қўшиқ ижро этса, 500 минг сўм, жонли ижрода ёнида мусиқачилари билан келса, беш миллион сўм қабилида тарифлар ишланса, адолатдан бўларди. Ана ўшанда шоирларнинг ҳам муаллифлик ҳуқуқи поймол бўлмасди. Аммо бу таклифларим аксарият санъаткорларга ёқмади. Шу боис ушбу мавзуда ҳали изланиш керак.

— Маҳалла ҳаётига аралашиб турасизми?

— Албатта, маҳалла ҳаётимиз билан чамбарчас боғлиқ. Идорагами ёки маҳалла билан боғлиқ бирор тадбиргами чақиришса доим бораман. Маҳалламга, халқимизга санъатимиз билан холис хизматга ҳамиша шайман.

Юлдуз ҲОЖИЕВА суҳбатлашди.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш