Маданият арбоблари – сизлар ким билан?

Яқинда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистон Адлия вазирилиги ташаббуси билан илгари сурилган расмий доираларда давлат тили устувор бўлишини таъминловчи қонун лойиҳаси юзасидан муносабат билдирди. Унинг гўёки Ўзбекистонда рус тили тарфдорлари кўпчилик экани, ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватловчилар эса камчиликни ташкил қилиши ҳақидаги фикрлари юртдошларимизнинг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда. Суверен давлат ҳудудида тил масаласи тартибга солиниши, авваало, шу мамлакатнинг ички сиёсати масалаларига киради. Шундай экан, давлат тили хусусида Захарованинг бундай фикрлар билдириши мустақил юртда яшаётган бирор ўзбекни бафарқ қолдирмади. Хўш, нима учун ўзбек тилининг давлат тили даражасидаги қадди-бастини тиклаш ҳаракатлари бундай қарама-қаршиликлар келтириб чиқармоқда? Аслида нима сабабдан ўзбек тили шу пайтгача давлат тили сифатида ўзининг тўлиқ мақомига эга бўлмади? Мазкур саволлар юзасидан филология фанлари доктори, профессор Зуҳриддин Исомиддиновнинг таҳлили кўпчиликни ўйлантириши, хулосага чорлаши аниқ. 

Маданият арбоблари, йўл бошланг!

Ҳар бир янги даврга оёқ қўйилган паллада жамиятда аввалги осон ва силлиқ йўлдан кета бериш маъқулми ёки янги замон тақозоси билан пайдо бўлган, ҳали ўрганилмаган йўлдан илгарилашми, деган дилемма кўндаланг бўлади. Бундай онда шахснинг маслаги, имон-эътиқоди яққол кўринади.

Бугун, ХХI асрнинг йигирманчи йиллари аввалига келиб ўзбек зиёлилари, маданият арбоблари ҳам икки йўл бошида ҳайрон тургандай. Йўқ, ижтимоий эврилишлар, алғов-далғов қиладиган иқтисодий бўҳронлар вазиятида эмасмиз, худога шукур. Замона тинч, барча давлатлар, айниқса, яқин қўшнилар билан муносабатимиз яхши. Хўш, унда гап нимада?

Гап мустақиллик шароитида яшаётган миллатимизнинг келажаги, ўзлигини сақлаб қолиш-қолмаслиги ҳақида. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, ўзбек элининг фарзандлари келажакда ўз она тилида гаплашадими ё машъум глобаллашув домига тортилиб, ўрис ё инглиззабон аҳолига айланадими — ана шу ҳақда. Буни ноўрин ваҳима деб қабул қиласизми ё реал аҳвол ҳақиқатан ҳам шунга қараб кетяпти деб тан оласизми, яна ихтиёр ўзингизда.

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Қозоғистонда қозоқ мактаблари озлигини эшитиб, кулгандик. Энди кулиш навбати уларга келганми дейман. Қозоғистонда-ку, у пайтда руслар қозоқлардан кўпроқ эди. Хўш, бизда-чи? Тошкентнинг ўзида ҳозир ўзбеклар рус тилли аҳолидан уч баравар кўп. Ана энди Чўлпон айтгани каби бўлади: кулган бошқалардир, йиғлаган менман! 

Яна эслатамиз, Тошкент аҳолисининг 75 фоизи — ўзбеклардан иборат. Аммо педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев шу йилнинг 17 март куни Халқаро пресс-клубда Тошкентдаги ўрта умумтаълим мактабларининг қарийб 53 фоизида рус тилида таълим бериляпти, Ўзбекистон пойтахтида ўзбек мактаблари русча мактаблардан кам, деб айтиши биланоқ, “Яндекс Дзен” сайти уни шундай талқин қилдики, нафақат рус миллатига мансуб Интернет фойдаланувчилари, балки баъзи “маданий” ўзбеклар ҳам оғизларига келган гапни қайтармай “пост” ёзишга тушишди. Сайтнинг сирли равишда “Baiki Rusicha” деган муаллифи эса масалани бузиб талқин этибгина қолмай, йиғилиш ҳақидаги бир бетлик “ҳисобот”ида ошкора сурбетлик билан “... запреты и ограничения на русский язык могут спровоцировать к неконтролируемым событиям”, деб дағдаға қилишга ҳам ўтди. Ўҳ-ҳў! Йўқ, Украинадаги каби русча мактабларни ёпиб, ўзбекчага ўтказиш таклиф қилинмаган, балки ўзбеклар ўз фарзандини ўзбек тилли мактабларга берганлари яхши дейилган эди, холос. Шугина! Бир ўзбек олими, ўз юртида, она тилининг тақдирига куйинишга ҳам ҳақсиз бўлсинми?

“Зомби”лашган ўзбеклар-чи?! Уларни озмунча деб ўйлайсизми?

Навоийнинг “тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” дегани ёдимизда. Буни тил масаласида ўз фикрига эга бўлмаган, ким нима деса эргашиб кетаверадиган одамларга ҳам қўллаб, ундайларни ўз она тилига, демакки, она халқига нисбатан лоқайд, манқурт кимсалар десак, янглишмасак керак.

“Чунки қул ўз она тилида сўзлашишдан ор қилади”

...1989 йилнинг баҳор ойлари. Биз яшайдиган “дом” тагидаги сўрида фикр олишув одатий ҳолга айланди. Чунки давлат тили ҳақида мунозаралар қизғин давом этар, ҳар ким бунга муносабат билдиргиси келар эди.

– Ҳеч кераги йўқ, – деди темир йўл идорасида хизмат қиладиган бир қўшнимиз. – Ўзбек тилининг давлат тили бўлишига, масалан, мен қаршиман.

– Бу – қулнинг гапи! – деди чўрт кесиб бошқа бир қўшни.

– Ие, мени қул деяпсизми? – деди ранги гезариб униси.

– Ҳа, сиз қулсиз. Керак бўлса, исботлаб бераман ҳам.

– Исботланг!

– Сиз уйингизда болаларингиз билан ўрисча гаплашасиз, тўғрими? Мана шунинг ўзи сизнинг қуллигингиз исботи. Чунки қул ўз она тилида сўзлашишдан ор қилади, хўжайинининг тилида гапиради, бола-чақасини ҳам шунга ўргатади, хўжайини ёқтирган куй-қўшиқни севади. Исботи – шу!

“Қул”лиги бўйнига қўйилган қўшни чурқ этиб оғиз оча олмади, бошқалар ҳам бу масалада тортишиш ўринсизлигини англадилар (айтмоқчи, бояги қўшнимиз ҳам келаси йилдан бошлаб фарзандларини ўзбек мактабларига ўтказди, бир-икки йил ўқитди ҳам).

Шунга ҳам ўттиз йилдан ошибди, аммо мундай қарасангиз, деярли ҳеч нарса ўзгармагандай. Бир фарқи, анов қўшнимизнинг ўзбек мактабларида бир-икки йил ўқиб, яна “аслига қайтган” болалари ҳам бу орада улғайиб, оилали бўлишди, уларнинг фарзандлари энди мактаб алмаштириб ўтирмай, русчада ўқияпти, тамом-вассалом.

Нега, нимага шунақа бўляпти? Қонун нега ижро этилмаяпти? Бунинг тагида бизга билдирилмайдиган қанақа “сув ости оқимлари” бўлса экан?

Яна билмадиму, ўтмиш замонларда эл кўзига ҳар турли ҳужжатлар эълон қилиш орқали одамларнинг ҳоврини босиб, амалда эса шунинг акси бажарилган ҳоллар ҳам учраган. Бўлмаса, 1989 йил 21 октябрда Давлат тили ҳақида қонун чиққанидан кейин, Тошкентда, бошқа жойларда руслар ҳам фарзандларини ўзбек мактабларига ўтказишганини кўрган эдик. Аммо орадан йиллар ўтгани сайин бунинг акси юз бера бошлади: энди ўрисларгина эмас, ўзини “маданиятли” деб билган, “келажакка интиладиган” одамларнинг аксари она тилини истиқболсиз санаб, фарзандларини русча мактабларга ўқишга қўядиган бўлди. Бу “эврилиш” кучайиб шу даражага етдики, роса бир йил аввал – 2019 йилнинг 30 апрелида ўн саккиз нафар “узбек” маданият ва санъат намояндалари энди яшириб ўтирмасдан, рус тилига расмий тил мақоми берилишини талаб қилиб ҳам чиқди.

Ўзбек тили қачон чинакам давлат тили бўлади?

Бир қарашда, бунинг ҳеч бир ваҳима қиладиган жойи йўқдай. Аммо бу ҳолда рус тилида иш юритиш “қонуний” тус олади, унингсиз ҳам қаддини аранг тутиб турган “давлат тили” бир-икки йил ўтар-ўтмас бир чеккага йиғиштириб қўйилиб, мустақил ўзбек давлати ўз тилида эмас, собиқ мустамлакачилар тилида жаҳонга юзланади, дунёдан келадиган ахборотни ҳам уларнинг “призма”си орқали қабул қила бошлайди...

Ниҳоят, муз кўчди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди, Давлат тили ҳақидаги қонун эълон қилинган кун — энди байрам деб белгиланди. Буларнинг бари — нафақат тил, балки кўп-кўп масалаларда ортга қайтмаслигимизни, бунинг учун қатъият, сиёсий ирода бизда етарли эканини кўрсатиб турибди.

Аммо қонун чиқиши ва байрам қилиниши бошқа, амалий иш бошқа. Бир-икки маҳкаманинг фаолияти ва юз нафарча тил жонкуярининг уриниши билан бу оғир тошни жойидан силжитиш амри маҳол. Бутун халқимиз якдил бўлиб киришсагина ўзбек тили чинакам давлат тили бўлади.

Қанийди, давлат тили дегани бир канал бўлсаю ҳамма ёпирилиб қазиб битирса. Бир улкан хода ҳам эмаски, бутун эл кўтариб аравага ортиб қўйса. Фақат бир жиҳати аён: ўзбек тилининг чинакам давлат тили бўлиши оғир юк, уни умумхалқ ҳаракатига айлантирмасак, иш унмай, йўлда қолади.

Бунинг ечими ҳақида ўйланганда академик Иззат Султон айтган бир воқеа ёдимга тушади. Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охирида Тошкентда бир муаммо пайдо бўлган. Гап шундаки, Тошкентда ўша пайтда Чилонзор массиви қурила бошлагану, у ёққа кўчиб боришга ҳеч ким кўнмаган, чунки биласиз, ўзбек эли “ўз уйим – ўлан тўшагим” дейди, ота-бобосидан қолган эски ҳовлида уларнинг “чироғини ёқиб” яшашга ўрганган. Ҳукуматнинг боши қотади: нима қилиш керак, одамларни қандай қилиб хархашасиз кўчириш мумкин? Шунда Усмон ота Юсупов, зиёлилар бошлаб беришсин, халқ албатта уларга эргашади, деган гапни айтган экан.

Мамлакат раҳбарияти зиёлиларга мурожаат қилади. Олимлар, шоиру ёзувчилар, инженерлар, санъаткорлар, врачлар, катта-кичик раҳбарлар баҳамжиҳат Чилонзорга кўчишади. Ана шунда бошқалар ҳам улар ортидан кўча бошлаб, Чилонзорга кўчиш катта бир умумхалқ ҳаракатига, ўзига хос эпопеяга айланади  (машҳур “Ёр-ёр”, “Маҳаллада дув-дув гап” кинокомедиялари ўша воқеаларнинг бадиий ёдгорлигидир. Бу фильмлардан кўзланган туб ғоя – кулгили саҳналар зимнида “Эски чолдевори қуриб кетсин, кўп қаватли уйда яшашга нима етсин!” деган фикрни одамлар шуурига сингдириш бўлган).

Демак, зиёлиларнинг, маданият арбобларининг халқ олдидаги обрў-эътибори, уларнинг фидойилиги ҳазилакам куч эмас экан.

Болаларини русча мактабга берадиганлар — зиёли одамлар

Одам ўқимишли, илғор фикрли, маданиятли бўлсин. Аммо шу фазилатлари устига фидойилик етишмаса, нафи йўқ. Афсуски, болаларини русча мактабга берадиганларнинг аксари зиёлилар, маданият ходимлари, арбоблардир. Яна афсуски, миллат етакчилари саналган кўп зиёлиларимиз ватанпарвар эмас. Озар, гуржи, эстон, япон ва бошқа ўнлаб маданиятли эллар интеллигентларининг биздаги маданият арбобларидан муҳим фарқи бор — она тили уларнинг жону дили, миллат келажагини улар шу тилдан ташқарида кўролмайди.

Кўкракка муштлаб, “Она тилим, миллатим!” деб айюҳаннос соладиган талай ватанпарвар арбобларнинг неваралари русча мактабга жойланган, улар кечки пайт ишдан қайтган “дедуля”сига “Ассалом-алайкум!” деб салом берганида оғизларидан сўзи ўзбекча, талаффузи русча товушлар чиқади. Бундай ота-оналар фарзандлари кейинчалик шу мамлакат равнақига ҳисса қўшиб яшашини эмас, йўлини топиб, ўзга юртларга кўчиб кетишини орзу қилади, ўша ерларда “достойний” кун кўришлари ғамини ейди, бунинг чораси шу дея, боласини бошқа тилли мактабларга беради.

Эҳтимол, “мен ҳам ўзбекман, боламни она тилимда ўқитгим келади, бироқ ўзбек мактабларида таълим аҳволи қандайлиги ўзингизга ҳам маълум-ку?” дейдиганлар чиқар. Биламиз, аммо маорифимизнинг пешонасига иккинчи сорт мактаб бўлиш тақдир ёзуғи эмаслиги ҳам аён. Бу — вақтинча ҳол. Лотин ёзувига ўтиб, етмиш йил давомида чоп этилган сон-саноқсиз адабиётдан узилиб қолиш, шунинг устига яна аллакимнинг қутқуси билан жорий этилиб, чорак аср қўлланиб, яқинда бартараф бўлган “рейтинг тизими” оқибатлари, ўн-ўн беш йилларга чўзилган иқтисодий қийинчилик ва ҳоказолар сабаб бунга. Бироқ хорижий автомашиналарнинг энг жўни бўлган “Дэу”ларни миниб, шундан фахрланиб ҳам юрибмиз-ку, ахир.

Болам русча (ёки инглизча) яхши билим олсин-да, чет элга бориб, яхши маош олиб ишласин, деб ўқитиш — юқорироқ даражали гастербайтерликка тайёрлашнинг бир шакли, аслида. Бу ҳолда фарзанд ҳам булбул уясидаги какку қушга ўхшаб улғаяди — ота-онасини ташлаб олисларга учиб кетади. Фарзандига меҳрли, унинг ўз ёнида, ватанида яшашини, шу эл равнақи учун қўлдан келганича хизмат қилишини ўйлаган ота-она уни ўз тилида ўқитади, ўзгалар руҳиятида тарбия қилмайди. Шунинг учун ҳам оддий ўзбекнинг боласи ўзбек тилли мактабга қатнайди, бу ота, бу боболарда самимиятдан бошқа нарса йўқ, “Во миллато!” деб изҳори фазл қила туриб, боласини бошқа мактабга қўядиган кишилар эмас улар.

Ватанпарварлик давлат чегарасини қўриқлашдан иборат эмас

Мен бояроқ ватанпарвар эмаслар, деган гапни билмасдан айтиб юборганим йўқ. Ватанпарварлик фақат давлат чегарасини қўриқлашдан иборат эмас. Элни севиш ва ҳимоя қилиш ундан ҳам муҳим. Бу эса, она тилини ардоқлашдан бошланади. Она тили учун куймаган, унинг тақдирига бепарво одам она халқини севмайди, ундай киши, агар беш йил чегара қўриқласа ҳам, асло ватанпарвар бўлолмайди.

Президентимиз ўзбек халқининг иродасини рўёбга чиқариб, она тилимиз чин маънода, тўла-тўкис давлат тили бўлиши учун астойдил бел боғлаган бир пайтда турли вазирлик ва идораларда катта-кичик лавозимларда хизмат қилаётган амалдорлар, рассомлар, ёзувчилар, санъаткорлар, олимлар, шифокорлар, муҳандислар, ишқилиб, биз миллатнинг гули деб биладиган неча ўн минг нафар маданият арбоблари бу ташаббусга фақат оғиз кўпиртириб мақташ орқали қўшилган бўладиларми ёки зиммаларига халқни эргаштиришдай катта миссия тушганини яхши англаб, шахсан ҳар бири ўз оила аъзоларини: фарзанд ва невараларини ўзбек тилида таълим бериладиган мактабга ўтказиш орқали ҳисса қўшадиларми – гап шунда.

Халқ уларга эргашмай қолмайди. Ана шундагина аҳли юрт ўзбекчилик сари юз буради. Зеро, она тилимизни ҳарчанд алқаб, уни давлат тилига айлантириш бўйича мукаммал қонуну қоидалар чиқарсагу, бу қонунларнинг рўёбга чиқишидан манфаатдор бўладиганлар — ўсиб келаётган ёшлар она тилида эмас, бошқа бир тилда таълим олиб улғайса? Миллатнинг эртанги куни таҳликада қолмайдими?

Шундай экан, маданият арбоблари – сизлар ким билан?

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш