Пойтахтдан уй сотиб олишдаги нотенглик тизими бекор бўлдими?

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 20 май куни «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат билан давлат божининг айрим турлари бекор қилиниб, тўлов миқдорлари оптималлаштирилди. Битимларни тасдиқлаганлик ва мерос ишларини расмийлаштирганлик учун давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятлари аниқлаштирилди.

Хўш, янги қонуннинг мазмун-моҳияти нималардан иборат? У оддий одамларга қандай енгилликлар яратади?

Уй олишдаги алоҳида бож ставкаси бекор қилинди

Маълумки, дунёнинг барча мамлакатларида ўз шахсий ҳаётида юқори натижаларга эришмоқчи бўлган инсонлар марказга интилишади ва салоҳиятларини тўла намойиш этишга, бу орқали оиласи, яқинларининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга уринишади. Натижада ўз-ўзидан йирик пойтахтлар ёки мегаполис шаҳарларда яшаш ва яшаб қолиш учун рақобат кучаяди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда ҳам вилоятларда яшовчи фуқароларнинг пойтахтдан уй-жой харид қилиш масаласи ҳар доим энг долзарб мавзулардан бири бўлиб келган. Бироқ авваллари Тошкент шаҳридан кўчмас мулк сотиб олиш учун амалда бўлган тартиб-қоидалар, ўрнатилган нотенглик тизими узоқ вақт одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келди.

Жумладан, шу вақтгача Тошкент пропискаси бўлмаган фуқаро фақатгина бирламчи бозордан ўз номига уй сотиб олиб, пойтахт пропискасига эга бўлиши мумкин эди. Қўшимчасига фуқародан мол-мулкнинг олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун шартнома суммасининг 5 фоизи миқдорида давлат божи ундириларди.

Айтиш лозимки, айни шу жиҳатдан ҳам янги қонун халқимизни қийнаб келган қатор муаммоларга ечим бўлди. Қолаверса, масаланинг бир неча йиллардан бери қизғин мунозараларга сабаб бўлаётган прописка ва ички миграцияга тааллуқли экани кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Қонунга кўра, юртимизда доимий яшовчи ва республиканинг бошқа ҳудудларида доимий пропискага эга бўлган мамлакатимиз фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйлардан сотиб олинганда, кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш учун ундириладиган 5 фоизли давлат божи бекор қилинди.

Давлат нотариуси хусусий фаолият билан шуғулланиши мумкин

Яна бир муҳим янгилик шуки, эндиликда «Нотариат тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, давлат нотариал идораси нотариуси хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш истагини билдирса, нотариус унга бу ҳуқуқни берувчи лицензия берилгани учун давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Қонун билан давлат божи миқдорларига ҳам ўзгартириш киритилиб, аниқ суммаларда белгиланмоқда. Жумладан, нотариал ҳаракатлар бажарилганлиги учун икки ёки ундан ортиқ шахс номидан ёки икки ва ундан ортиқ шахс номига берилган битта ишончномани тасдиқлашда ёки битта ариза шаҳодатлантирилганда давлат божи битта ҳаракатга нисбатан ундирилиши белгиланди.

Бундан ташқари, ҳар қандай давлат хизматидан фойдаланиш, шу жумладан, лицензия, рухсатнома олиш, давлат рўйхатидан ўтиш ва бошқа хизматлар учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил мурожаат этилганда, бож ва бошқа тўловлар Давлат хизматлари марказлари орқали ёки бевосита хизмат кўрсатувчи органларга мурожаат этилганда тўланадиган суммадан 90 фоиз миқдорида ундирилиши қайд этиб қўйилди.

Шунингдек, адвокатлик тузилмаларини, уларнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни, юридик маслаҳатхоналарнинг низомларини давлат рўйхатидан ўтказганлик ҳамда юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга олганлик учун ундириладиган давлат божи ставкалари бўйича қўшимча киритилаётгани мамлакатимизда адвокатлик хизматларининг такомиллашувига олиб келади.

Кимлар давлат божидан озод этилди?

Янги қонун билан айрим давлат бошқаруви органлари мамлакат манфаатларини кўзлаб, судларга даъво аризалари киритганда, улар давлат божидан озод қилиниши кўзда тутилган. Жумладан, Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини кўзлаб бериладиган даъво аризалари учун давлат божидан озод қилинмоқда.

Худди шундай, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва уларнинг ҳудудий органлари ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ, барча судларга кўриб чиқиш учун аризалар киритганда давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Бахтиёр УМАРОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш