Солиқ тизимини рақамлаштириш фойда келтиряпти(ми?)

Айни пайтда солиқларни тўлаш тизимини рақамлаштириш биринчи навбатда, солиқ тўловчиларнинг эҳтиёж ва имкониятларига қаратилган. Тизим қанчалик қулай ва содда бўлса, ҳар бир фуқаро учун давлат олдидаги барча солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажариш шунчалик осон бўлади.

Ўтган йили «Солиқларни автоматлаштирилган йиғиш тизими» – «САЙТ» давлат солиқ қўмитасининг сўнгги ва муваффақиятли янгиликларидан бири бўлганди. Ушбу лойиҳа 2019 йилда Наманган вилоятида синов тариқасида жорий этилди.

Хўш, ушбу вақт мобайнида солиқ тизимини рақамлаштириш борасида қандай ишлар амалга оширилди? Лойиҳа кўзланган натижани бера олдими?

Дастур орқали 43,5 млрд. сўм солиқлар ундирилди

— Ўтказилган таҳлилларга кўра, солиқларни автоматлаштирилган йиғиш тизими туфайли солиқ инспекторларининг иш самарадорлиги 2-3 бараварга ошди, — дейди Давлат солиқ қўмитасининг жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Зарифжон Зокиров. — Мисол учун, Наманган вилоятида аҳоли махсус қурилма (терминал) ёрдамида «САЙТ» дастури ишга туширилганлиги ҳақида хабардор этилди. Aгар солиқ инспекторида бундай қурилма бўлмаса, уларга солиқ тўламаслик ҳуқуқи берилди. Натижада 2019 йил I чоракда 125 нафар солиқ инспектори томонидан 9,4 млрд. сўм маҳаллий солиқлар йиғилган (1 нафар солиқ хизматчисига ўртача 75 млн. сўмдан тўғри келган) бўлса, «САЙТ» тизими орқали 2020 йилнинг I чорагида 27 млрд. сўм солиқ ундирилди (1 нафар солиқ хизматчисига ўртача 177 млн. сўмдан тўғри келган). Ҳокимият органлари томонидан маҳаллий бюджетларнинг ошириб бажарилган қисмидан 1 959 дона терминал сотиб олиш учун 8,4 млрд. сўм маблағ ажратилди.

 «САЙТ» дастури орқали солиқ тўловчига берилган чек одатдагидан фарқ қилади. Унда солиқ тўлаш тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар, шунингдек, солиқ хизмати органи ходимининг маълумотлари мавжуд бўлади ва солиқ тўловчининг мобил телефон рақамига солиқ тўлови амалга оширилганлиги тўғрисида SМS хабар ҳам боради. Бундан ташқари, ҳудудидаги мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорлиги мавжуд жисмоний шахсларни инспекторнинг навигатор тизими (GPS) орқали аниқлаш имконияти яратилган.

«САЙТ» тизими солиқ инспекторига солиқларни мустақил равишда йиғиш ва бир вақтнинг ўзида амалга оширган ишларини қайд этиш имконини беради. Шу билан бирга, диспетчерлик web иловаси орқали унинг реал вақт режимида амалга оширган ишлари баҳолаб борилади.

Йил бошидан буён Жиззах, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида 1 118 дона терминал тўлиқ ишга туширилди. Мазкур ҳудудларда «САЙТ» дастури орқали 2020 йил январь-апрель ойларида маҳаллий бюджетларга 43,5 млрд. сўм солиқ  ундирилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, «САЙТ» тизими республиканинг барча ҳудудларида тўлиқ жорий этилиши 2020 йилда маҳаллий солиқлардан қўшимча 285 млрд. сўм маблағ тушириш имкониятини беради. Бу эса терминаллар учун сарфланган маблағларга нисбатан 35 бараварга кўп демакдир.

Виртуал кассалардан «тушумлар»ни яшириб бўлмайди

— Бугунги кунда давлат солиқ хизмати органлари рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали солиқ тўловчилар билан мулоқотни шаффофлик ва ўзаро ҳамкорлик тамойиллари асосида йўлга қўймоқда, — дейди Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ текширувлари ва мавзули экспресс-ўрганишлар бошқармаси бошлиғи Акмалжон Расулов. — Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорлик субъектларини онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал кассалардан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Айни вақтга қадар 5 турдаги онлайн-НКМ, 4 турдаги виртуал касса ва 7 та техник хизмат кўрсатиш маркази Давлат реестрига киритилди.

Ҳозиргача 21 мингга яқин алкоголь, тамаки, дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари, дўконлар ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари онлайн  назорат-касса машиналари билан таъминланди.

Мамлакатимиз чакана бозорининг йирик иштирокчилари тўлиқ виртуал кассадан фойдаланишга ўтмоқда. Масалан, Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи шулар жумласидан. Онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал кассадан фойдаланиш истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини оширади. Маълумотлар базасида электрон чек сақланади, бу мунозарали масалаларни ҳал этишни соддалаштиради. Шунингдек, солиқ органлари билан ўзаро тезкор ҳамкорликни таъминлайди – маълумотларни реал вақт режимида узатиб боради.

Бундан ташқари, солиқ органларидан ҳақиқий тушумларни яширмасдан, шаффоф фаолият юритиш имкониятини тақдим этади. Буларнинг барчаси истеъмолчилар ва солиқ органлари билан ишончли муносабатларни мустаҳкамлашни кафолатлайди, компаниянинг ижобий имижини шакллантиради.

Рақамлаштириш «яширин иқтисодиёт»га чек қўяди(ми?)

Юртимизда рақамлаштиришнинг кенг жорий этилаётгани натижасида электрон тижорат ривожланди. Telegram каналлари, Instagram, Facebook орқали уйдан чиқмасдан товарлар ва хизматларни сотиш амалга оширилмоқда. Бундай онлайн-дўконларнинг ассортименти кўпинча тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ўртача дўконлардан фарқ қилмайди. Маҳсулот ёки хизмат ҳақини тўлашда, бундай «сотувчи»лар аксарият ҳолларда пулни жисмоний шахслар картасига (Р2Р) ўтказишни сўрашади. Aмалиёт шуни кўрсатмоқдаки, мазкур «тадбиркорлар»нинг аксарияти давлат рўйхатидан ўтмаган. Улар даромадларини декларация қилмайди ва шу сабабли солиққа тортилмайди, бу «яширин иқтисодиёт»нинг ўсишига олиб келади. Бунинг олдини олиш борасида бир қанча лойиҳалар тайёрланмоқда.

Солиқлар йиғилувчанлигини янада ошириш учун Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси халқаро экспертлар билан биргаликда 2020 йил 1 январдан бошлаб солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш бўйича уч йиллик дастурни амалга оширмоқдалар.

Солиқ соҳасига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, хизматлар сифатини ошириш, жараёнларда инсон омили аралашувини чеклаш Давлат солиқ қўмитасининг асосий устувор вазифаси ҳисобланади. Бу коррупция ва «яширин иқтисодиёт»ни қисқартиришга ёрдам беради ва бизнеснинг шаффоф юритилишини таъминлайди.

«САЙТ» терминалларини ишлатишнинг кейинги босқичида ҳужжатсиз фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар, кадастри мавжуд бўлмаган объектлар ва ижара шартномаси тузмаган шахсларни электрон рўйхатини шакллантириб, қонуний ишлашга ўтишини назорат қилиш модули ишга туширилиши режалаштирилган.

Нилуфар ЮНУСОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш