Қишлоқдаги сув муаммоси қачон барҳам топади?

Фарғона туманидаги «Тошқўрғоназиз» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 100 нафардан ортиқ аҳоли мана, бир неча йилдирки, тоза ичимлик ва оқова сув етишмаслиги масаласида жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Масъуллар ҳар йили бу борада ваъда беришади, бироқ сув муаммоси ҳануз барҳам топганича йўқ.

Ҳудудда сувсизликдан қақраб кетган ариқлар, томорқа экин майдонлари, кун иссиғида қовжираб бораётган навниҳолларнинг бугунги кўриниши тобора хунук манзара касб этмоқда.

— Маҳалламиздаги иккита сув жўмрагининг бири ишласа, иккинчисидан сув чиқмайди, — дейди маҳалла фаоли Муҳаммаджон Қодиров. — Аёллар, болалар ҳар куни 1-1,5 чақирим йўл босиб, навбат талашиб, ичимлик суви ташиб келишга мажбур. Экин экиш, суғориш имконияти йўқлигидан томорқадан даромад олиш тобора қийинлашиб бормоқда, мевали дарахтларимиз қуриб қоляпти. Бу борада амалий ёрдам сўраб жуда кўп идораларга мурожаат қилдик. Ҳар сафар мутасаддилар келиб ҳолатни ўрганишади, муаммони давлат дастурига киритиш орқали ҳал этишга ваъда беришади. Аммо амалий ишга келганда «Отангга бор – онангга бор» қабилида иш тутишдан нарига ўтишмайди.

Томорқа экинлари қуриб бормоқда

— Бир амаллаб томорқадан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди шу маҳаллада яшовчи Зайнаб Султонова. — Кўкламда 1 килограмм картошка уруғини 3 минг 500 сўмдан сотиб олиб экканмиз. Экинларимиз сувсизликдан яхши ривожланмаяпти. Бундай бўлгандан кейин ҳосилдорлик чўғи ҳам шунга яраша бўлади-да. Оқин суви етарли бўлганида томорқамиздан уч-тўрт мартагача ҳосил олиш имконига эга бўлардик.

Етарли миқдорда сув ичмаган кўчатларнинг ривожи суст, айримлари қуриб бормоқда. Иложсиз қолган томорқачи экинларни катта сиғимли идишларда сув олиб келиб, суғоришга мажбур бўлмоқда. Янада ачинарлиси, маҳалладаги аёллар кийим-кечакларни қўшни қишлоқлар ёки ўзлари улғайган ота уйларига бориб ювиб келишга мажбур. Болалар ҳам ўқиш, ҳунар ўрганиш ўрнига кун бўйи сувга навбат кутади.

— Маҳалламиздаги 8 та кўчада қарийб 2,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусниддин Мадаминов. — Тўғри, Тошқўрғоназиз кўчасида яшовчи аҳоли тоза ичимлик ва оқова сув етишмаслигидан жуда  қийна­л­­япти. Аслида маҳалла ҳудудида фойдаланилмай турган сув минораси бор. Сув қудуғи қазиш орқали бу муаммони ҳал этиш мумкин. Лекин бу ишлар ўзига хос сарф-харажатни талаб этади. Бу масалада масъул идораларга ўз таклифларимизни берганмиз. Амалий ишлар бошланса, маҳалла аҳли ҳам қараб турмайди. Оқин суви етказиб бериш юзасидан тумандаги «Сувистеъмолчи» нодавлат ташкилоти билан шартнома тузганмиз. Улар оқин суви таъминоти билан боғлиқ ишларда имкон қадар ёрдам беришмоқда, лекин етарли даражада эмас. Чунки оқин сувининг асосий қисми Қирғизистон Республикаси ҳудудидан келгани боис узилишлар кўп. Мана, олти ой деганда маҳаллага оқин суви келди.

Дарҳақиқат,  «Тошқўрғоназиз» маҳалласи «Обод қишлоқ» дастурига тушганига икки йил бўлди. Дастур доирасида ички йўлларни асфальтлаш, ижтимоий соҳа муассасаларини реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Айнан тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 600 миллион сўм маблағ ажратилган эди...

— Афсуски, бу борада белгиланган ишлар 70-75 фоизга бажарилган, холос, — дейди «Сувоқова» ДУКнинг Фарғона тумани филиали раҳбари Ўткирбек Турғунов. — Натижада Тошқўрғоназиз кўчасининг сув таъминоти масаласи муаммолигича қолди. Тендер ғолиби сифатида бу ишларни бажарган «Фарғона сув монтаж инвест» МЧЖ мутасаддиларига бошланган ишни охирига етказиб беришлари юзасидан бир неча бор мурожаат қилганмиз. Аммо улар турли баҳоналардан нарига ўтмай, ишни охиригача етказгани йўқ. Ҳозирда мазкур тадбиркорлик субъектига нисбатан фаолиятидаги қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Туман масъуллари масалани имкон қадар бартараф этиш чораларини излаяпти. Хусусан, «Тошқўрғон­азиз»да бошланган ишларни охирига етказиш учун  ўрта ҳисобда 250 миллион сўм маблағ зарур бўлади. Фарғона тумани ҳокими Илҳом Носиров иштирокида ўтказилган сайёр қабулда маҳалладаги бу муаммони ҳал этиш учун маҳаллий бюджетдан 100 миллион сўм маблағ ажратишга келишилди.

Сув муаммоси ҳануз долзарб масала

Ўтган йилда туман «Сувоқова» ДУК филиали ва аҳоли билан ҳамкорликда 47 километрдан ортиқ тоза ичимлик суви тармоқлари тортилди. Тумандаги «Дўстлик», «Янгиобод» маҳаллаларида янги сув минораси ўрнатилди. «Хуршиди тобон», «Гулшан», «Миндон», «Баҳор» йиғинларидаги сув миноралари қайта реконструкция қилинди.

— Аммо бу мавжуд муаммоларни бартараф этиш имконини бермайди, — дейди туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Тоҳиржон Исоқов. — Таъмирга  муҳтож сув миноралари бор, айрим сув тармоқлари эса яроқлилик муддатини ўтаб бўлган. Шу мақсадда «Фарғона сув таъминот» масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан тоза ичимлик сув тармоқлари етиб бормаган 12 та маҳаллада 9211 метр сув тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бир қараганда ҳамма масала ҳал бўладигандек гўё. Лекин шу пайтга қадар ўз ечимини топмай келаётган муаммонинг бартараф этилишига кимдир ишоняпти, кимдир эса йўқ. Шундай экан, биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Расул КАМОЛ

«Маhalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш