Ишсиз қолган фуқаролар бандлиги қандай таъминланмоқда?

Бугун инсоният синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Дунё мамлакатлари томонидан зарур чоралар кўрилганига қарамай, коронавирус инфекцияси ер юзини ўргимчак тўри каби қамраб олди. Пандемия нафақат тиббиёт, балки иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларига қақшатқич зарба берди. Айниқса, ишсизлар сонининг кескин даражада ортиши бир қанча мамлакатлар учун жиддий муаммога айланди.

Афсуски, бу ҳолат мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Юртимизда ўрнатилган карантин шароити, қолаверса, чет мамлакатларга чиқишдаги муаммолар туфайли ҳар йили хориж давлатларига ишлаш учун борадиган фуқароларимиз ўз иш жойидан, доимий даромадидан маҳрум бўлди. Қолаверса, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажми кескин камайиши туфайли кўпчилик фуқаролар моддий тушумларсиз қолиб кетди.

— Карантин чекловлари сабабли чет элга ишга боролмай қолган ва вақтинча ишсиз қолган фуқаролар бандлигини таъминлаш масаласи бугун энг долзарб вазифа, — дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъул ходими Шаҳноза Равшанова. — Шу нуқтаи назардан, Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсиз аҳоли «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» дастурлари доирасидаги қурилиш ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилмоқда. Шунингдек, якка-ёлғиз, ўзгалар кўмагига муҳтож аҳолини парваришлаш, «Кўчма савдо марказлари»да сотувчи, қўшимча ташкил этилган блок-постларга посбон каби жами 20га яқин йўналиш бўйича иш билан таъминланмоқда. Бундан ташқари, чет элга ишга боролмай қолган фуқаролар пойтахтимизнинг Сергели ва Олмазор туманлари ҳамда Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги қурилиш ишларига жойлаштирилмоқда.

Ишсиз фуқаролар ислоҳотларни нега ўз ҳаётида ҳис этмаяпти?

Бироқ бу саъй-ҳаракатларга қарамай, ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Афсуски, юртимиздаги ишсиз фуқароларнинг ҳаммаси ҳам бугун ислоҳотларни ўз ҳаётида ҳис этаётгани йўқ.

— Бандлик масаласи ҳар қачонгидан-да, долзарб бўлиб турган шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида депутатлар томонидан «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилингани долзарб аҳамиятга эга, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Қулматов. — Қайд этиш жоиз, амалдаги — «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонун меҳнат ва бандлик соҳасидаги мавжуд муаммолар ҳамда долзарб масалаларни ҳал қилишга қаратилмаган. Янги таҳрирдаги қонунда белгиланганидек, меҳнат органлари билан тузилган шартномалар асосида аҳолини ишга жойлаштиришга кўмаклашувчи агентлар амалиётга киритилмоқда. Уларга ишсиз аҳолини ишга жойлаштиришда кўмаклашганлиги учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган миқдорда рағбатлантирувчи тўловлар амалга оширилади.

Шунингдек, бугунги кунда ишсизлик нафақаси илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахслар учун 180 минг 224 сўм бўлса, эндиликда бу 509 минг 492 сўм (меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 75 фоизи) этиб белгиланди. Жисмоний шахсларга енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш учун ажратиладиган субсидиялар миқдори сезиларли миқдорда оширилмоқда. Шу билан бирга, ҳужжатда ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар берилмоқда.

Хусусан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан субсидиялар иш берувчиларга меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир харажатларнинг ўрнини қоплаш учун — ҳар бир ходимга 6 ой давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 баравари миқдорида ажратилади.

Камбағалликни аниқлаш бўйича аниқ мезон йўқ. Нега?

Яна бир гап. Бугунги кунда ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларга енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғчилик, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилишга кўмаклашиш орқали мамлакатимизда камбағал аҳоли қатламини қисқартириш, ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида давлат томонидан субсидиялар ажратилмоқда. Биргина май ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан аҳолига 60 миллиард сўмдан зиёд субсидиялар берилди. Бироқ масала шуки, бу маблағларнинг қанчаси ҳақиқий эгаларига етиб бормоқда?!

— Дарҳақиқат, субсидияларнинг ҳақиқий эгаларига ажратилишида муаммоларнинг борлиги ҳақиқат, — дейди Шаҳноза Равшанова. — Бунга асосий сабаб эса мамлакатимизда камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонларининг йўқлигидадир. Мисол учун, кимдир доимий иш билан таъминланган, лекин етарли даромадга эга эмас. Кимдир эса ишламайди, аммо ўзининг шахсий автомашинаси бор. Аслида давлат томонидан ажратилган субсидияларни олиш учун фуқаро ҳудудлардаги бандлик марказларига фақат ариза билан мурожаат қилиши кифоя. Бироқ юқоридаги каби ҳолатлар сабабли кўпинча субсидияларни ажратишда муаммолар юзага келади. Шундай вақтларда масъуллар фуқародан қўшимча хужжатлар талаб қилишга мажбур бўлади. Ўйлайманки, камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонларига аниқлик киритилса, бундай англашилмовчиликлар ўз-ўзидан барҳам топади.

Хулоса ўрнида

Бир сўз билан айтганда, бугунги пандемия шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий эҳтиёжманд қатламга, доимий даромадидан маҳрум бўлган инсонларга кўмак бериш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳар қачонгидан-да муҳим. Шундай экан, бу йўлда барча имкониятларни ишга солиш, ишсизликни камайтиришга доир барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарур.

Саъдулло ТУРСУНОВ

«Мahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш