Қачон ногиронликка ижтимоий муаммо сифатида қараймиз?

Туғма хасталик ёки ҳаёт давомида орттирилган бирор оғир касаллик ва фавқулодда ҳолатлар туфайли меҳнат қобилиятини йўқотган инсон ўзгаларнинг доимий кўмаги, меҳр-эътиборига муҳтож бўлади. Маълумотларга кўра, ҳозир мамлакатимизда 700 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилмоқда.

Қонунни ўзгартиришга қандай асослар бор?

Айтиш керакки, мамлакатимизда аҳолининг ушбу қатламини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг барқарор тизими жорий этилган. Шундай бўлса-да, соҳада ечимини кутаётган масалалар ҳам талайгина.

Жумладан, протезлаш йўналишлари бўйича тизимли тарзда илмий изланишлар олиб борилмагани сабабли соҳа ривожи тўхтаб қолган. Ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати билан қамраб олиш кўрсаткичи жуда паст. Яъни ҳар йили бор-йўғи уч фоиздан кўпроқ беморга бу йўналишда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилади.

«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонун қабул қилинганига ўн икки йил бўлди. Мазкур ҳужжатда ногиронликка, асосан, тиббий тушунча сифатида ёндашилиб, бундай инсонларнинг жамиятга фаол мослашувини таъминлаш борасида ҳуқуқий асослар етарли даражада акс эттирилмаган.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглигини таъминлаш ва камситмаслик, шахсий ҳаётнинг дахлсизлик ҳуқуқи, ҳаракат эркинлиги ва фуқаролик ҳуқуқи, жисмоний муҳитнинг қулайлиги, уй-жойга бўлган ҳуқуқи каби бир қатор нормалар тўлиқ қамраб олинмаган.

Ҳақли савол туғилади: тақдир тақозоси ёки ҳаётнинг муаммолари сабаб ногиронлик ҳолатига тушганлар тиббий кўрикдан ўтиш, профессионал хизматларни олиш ёки ўзининг меҳнат фаолияти, таълим олиш ва бошқа ҳуқуқларини амалга оширишда нима учун муайян қийинчиликларга дуч келиши керак? Соҳада шаффофликни таъминлаш вақти келмадимикан?

Айни вазият ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини кенг қамровда ҳимоялай оладиган янги қонунни қабул қилиш заруратини юзага келтирди. Парламент қуйи палатасида кўриб чиқилаётган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасида ана шундай устувор вазифалар ўз ифодасини топган.

Янги қонунга қандай нормалар киритилмоқда?

Хўш, янги қонунда нималар акс эттирилмоқда? У амалдагисидан қандай фарқ қилади? Ва бу ногиронлиги бўлган инсонларга нима беради?

Таъкидлаш керакки, бундай тоифадаги шахслар муносиб ҳаёт кечириши учун кўчаларда, жамоат жойларида, бино ва ишоотларга кириш-чиқишда, жамоат транспортидан фойдаланишда ҳам муайян қулайликлар яратилиши лозим. Қонун лойиҳасида ана шу масалалар ҳам эътиборга олинган. Масалан, жамоат транспортларида бундай инсонлар бемалол ҳаракатланиши учун ахборот таблолари ўрнатиш, кўзи ожизлар учун бекатларни эълон қилиш мажбурийлиги белгиланмоқда.

Бундан ташқари, уларга яшаш жойини мустақил танлаш ва яшаш жойидан қатъи назар, ижтимоий ва бошқа турдаги хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланиши тўғрисида алоҳида моддалар киритилмоқда. Уй-жой, имтиёзли ипотека кредитларини олишда уларга устунлик бериш, имкониятига мос яшаш шароитларига эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш ҳам эътиборга олинган.

Энди ногиронлиги кўриниб турган шахс овора қилинмайди

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббий-ижтимоий ҳимояси ҳақида сўз юритганда, ногиронликни белгилаш, ногиронликни қайта-қайта тасдиқлаш каби муаммолар эътирозларга сабаб бўлаётгани бор ҳақиқат. Белгиланган муддатдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиладиган касалликлар рўйхати тасдиқланмагани сабабли айрим ҳолларда ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслардан ҳам ҳар олти ойда ёки йилига бир марта шифохоналарда даволаниш талаб қилинмоқда.

Бу муаммоларни бартараф этиш мақсадида янги қонун лойиҳасига қатор таклифлар киритилмоқда. Жумладан, эндиликда катталарда ногиронликни белгилаш тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари (ТИЭК) ва ўн саккиз ёшгача бўлган болаларда педиатрия ТИЭК томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, ногиронлик белгилари яққол кўриниб турган беморлар ортиқча ташхис-текширувлар ўтказилмасдан тўғридан-тўғри ТИЭКга юборилади.

Агар шахс соғлиғининг ҳолатига кўра, ТИЭКга бориш имконига эга бўлмаса ва бу фуқаро даволанишда бўлган тиббиёт ташкилотининг хулосаси билан тасдиқланса, тиббий-ижтимоий экспертиза уйда ўтказилиши мумкин.

Янги қонунга кўра, сурункали зўрайиб борувчи ва ҳаёт учун хавфли, камдан-кам учрайдиган (орфан) ҳамда бошқа ирсий-генетик касалликлари бўлган ўн саккиз ёшгача ногиронлиги бўлган болаларга ногиронлик белгиланиши шарт ҳамда нафақа тайинланади.

Мухтасар айтганда, ногиронлик масаласига нафақат тиббий, балки ижтимоий муаммо, деб қараш вақти келди. Келгусида мазкур ҳужжат жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланган ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг ҳаётда эмин-эркин яшаши ва ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиши, жамият ва давлат қурилишида ҳеч қандай тўсиқларсиз, имконияти етганича иштирок этишига хизмат қилади.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш