Ўзбекистонда тарихий обидаларни моделлаштириш қачон амалга ошади?

Асрлар давомида тарихдан гувоҳлик берувчи кўплаб бинолар, иншоотлар урушлар, ёнғинлар ва вайронагарчиликлар сабаб ер юзидан йўқолиб кетди. Ҳозир уларнинг қандай кўринишда бўлгани, нималарни ўз ичига олгани ҳақида фақат тахмин қиламиз. Шу ҳақда сўз кетар экан, бугунгача етиб келган маданий ёдгорликлар ҳам кун келиб йўқликка юз тутадими, деган шубҳа уйғонади.

Кутилмаган офатлар хавфини қўйиб турайлик, вақт синовининг ўзиёқ уларнинг абадий сақланиб қолмаслигидан далолат беради. Аммо эндиликда замонавий технологиялар ҳар қандай иншоотнинг нафақат тарихдан буткул ўчиб кетишининг олдини олиш, балки айни пайтдаги кўринишини сақлаб қолишга ҳам имкон беради. Гап йил сайин такомиллашиб бораётган 3D-моделлаштириш ва сканерлаш соҳасидаги технологиялар имконияти ҳақида кетаётганини сезган бўлсангиз керак. Албатта, бу рақамли технология вайронага айланган кўҳна обиданинг асл қиёфаси, яъни ташқи ва ички кўринишидан тортиб, энг кичик элементларигача бевосита танишиш ва уни қайта тиклашга ёрдам беради. Аҳамиятлиси, сайёҳлар ёдгорликни манзилига бормасдан туриб 3D-модели орқали уни гўё жонлидек томоша қилишлари мумкин бўлади.

Шу маънода бой ва шонли ўтмишга эга юртимизда жойлашган тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш, келажак авлодларга етказиш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Аждодларимиздан мерос бебаҳо обидаларимизнинг табиий умри ҳақида сўз юритилар экан, уларнинг аксарияти тупроқ-лойдан тикланганини ҳисобга олишимиз керак. Бу эса обидаларнинг қанчаси 200-300 йилгача етиб боришини савол остига қўяди. Қолаверса, ҳар йили юз бераётган табиий ва техноген ҳодисалар ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Мисол учун, ўтган йили Самарқандга сел келганида тарихий обидалар хавф остида қолганди. Ёки пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказида чиққан ёнғин ҳудуддаги меъморий ёдгорликка зарар етказганди. Умуман олганда, шусиз ҳам ушбу иншоотларнинг бугунги ҳолати беш-ўн йил ичида маълум даражада ўзгаришга учрашини инкор этиб бўлмайди.

Шундай экан, соҳага замонавий технологиялар жорий этил­яптими? Айтайлик, биз қачон Регистоннинг 3D-модели билан танишиш имконига эга бўламиз? Дунёда бу борада қандай тажриба тўпланган?

Бу ишларга ҳали навбат етмаган(ми?)

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти бош меъмори Баҳодир Матчоновнинг айтишича, бугунги кунда юртимиздаги тарихий ёдгорликларни таъмирлаш ва реставрация қилиш бўйича қизғин ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда шу йўналишда йиғилиб қолган қатор муаммоларни ечиш ҳам кун тартибида турибди ва бу борада иш олиб борилмоқда. Аммо маданий мерос объектларининг 3D-моделларини яратишга ҳали қўл урилмаган. Ҳозирча мамлакатимизда бу йўналишда қилинаётган ишлар музейларни қамраб оляпти, холос.

Дунёда Ўзбекистон каби тарихий обидаларга бой мамлакат бармоқ билан санарли. Бошқача айтганда, маданий ёдгорликлар — ўзлигимиз кўзгуси, миллатимизнинг асл бойлиги. Аммо уларни асраб-авайлаш, тарғиб қилишда замонавий технологияларни қўллашга кечикаётганимиз афсусланарли.

Жаҳон тажрибаси қандай?

— Маданий мерос объектларини рақамли технологияларга кўчириш бугун ёки кеча пайдо бўлгани йўқ, — дейди ТАТУ тадқиқотчиси Дилшод Халилов. — Бундай ҳаракатлар анча олдин бошланган. Улардан энг машҳури 2003 йилда яратилган CyArk лойиҳасидир. Лойиҳа муаллифлари ишни ЮНЕСКО умумжаҳон мероси объектларининг рақамли нусхаларини лазерли сканерлаш ёрдамида яратишдан бошлашган. Кейинчалик CyArk ва Google тарихий ёдгорликларга виртуал ташриф буюриш имконини берадиган Очиқ мерос лойиҳасини яратдилар.

Дарҳақиқат, технологик ечимлар тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаши ёки қисман вайрон бўлган иншоотларнинг кўринишини тирилтириши мумкин. Мисол учун, 2019 йил 16 апрель куни Париждаги Нотр-Дам собори ёнғин ичида қолиб, бино томи қулаб тушди. Узоқ тарихга эга бўлган бу собор саноқли соатлар ичида юзлаб одамлар кўз ўнгида деярли йўқликка юз тутди. Аммо 3D-модели орқали уни қайта тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

Бунга фақат ривожланган мамлакатлардагина эришилаётгани йўқ. Айтайлик, Украинада Киевдаги қайта тикланишга муҳтож ва йўқолиб кетиш хавфи бўлган тарихий биноларнинг интерактив харитасини тузишга киришилган. Бунда Нотр-Дамда ишлатилган технологиялардан фойдаланиб, уларнинг 3D нусхалари яратилади.

Ёки Қозоғистонда ҳам тарихий ёдгорликларнинг 3D-моделини яратиш бошлаб юборилди. Унга кўра, энг ноёб китоблар, қўлёзмалар, картина ва фоторасмлар, шунингдек, архив ҳужжатларининг рақамли форматда сақланиши кўзда тутилган. Археологик ёдгорликларнинг 3D формати ишлаб чиқилади. Эътиборлиси, бу ишларни 2021 йилгача якунлаш режалаштирилган.

Тараққиёт билан уйғунлашолмаяпмиз

Нега биз бу масалада шошилмаяпмиз? Музейларимиз 3D форматга кўчирилибди-ку, ҳаммаси аста-секинлик билан-да, дерсиз. Аммо музейлар борасида тўпланган «тажриба» кишини илҳомлантириш ўрнига қизиқишини сўндиради. Жумладан, Ўзбекистон тарихи, Темурийлар тарихи давлат музейларининг 3D-моделларини олиб кўрайлик. 3D формат деганда аниқлик, объектни яқиндан кўриш, ўзингни жараённинг ичида ҳис қилиш имконияти тушунилади. Ушбу моделлар эса объектнинг жонсиз макетини кўргандек ҳис уйғотади. Унинг ўрнида видеотасвирини томоша қилсангиз ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Демак, мазкур йўналишда айтарли тажрибамиз ҳам йўқ.

Жаҳон амалиётида йўқолиб кетган обидаларни илғор технологиялар ёрдамида қайта тирилтириш устида иш олиб борилмоқда. Бизда эса борларини моделлаштиришга ҳам киришилгани йўқ. Бу нимадан далолат беради? Албатта, маданий ёдгорликларимизга бефарқмиз, десак адолатдан бўлмайди. Давлатимиз томонидан ҳам, соҳа мутасаддилари томонидан ҳам уларни сақлаб қолиш, умрини узайтириш борасида муайян ишлар қилиняпти. Аммо мазкур ишларни тараққиёт нафаси, фан-техника имкониятлари билан уйғунлаштиришда сусткашлик кузатилаётгани ачинарли. Бу эса замондан орқада қолишимизга, энг ёмони, бора-бора тарихий обидаларнинг бугунги ҳолатини йўқотиб қўйишимизга олиб келади. Номланишида рақамлаштириш соҳасини ривожлантиришга урғу берилган ушбу йилда бу масала эътибордан четда қолаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

Тўлқин ШЕРНАЕВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш