Қувонч ўрнини хавотир эгаллади: бажарилган ишлардан бажарилмагани кўпроқ...

«Обод қишлоқ» дастури кўплаб ҳудудларнинг янгича қиёфа касб этишига хизмат қилаётгани сир эмас. Аммо айрим жойлардаги мутасаддиларнинг бефарқлиги, халқ дарди қолиб, ўз ташвишига ўралашиб қолгани боис, дастур ижросида баъзи сусткашликлар ҳам кўзга ташланмоқда.

Жумладан, 2018-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош туманидаги Найманкўл, Кенегес, Сарайкўл овул фуқаролар йиғинларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Овулининг обод ҳудудга айланишидан хабар топган аҳоли бундан қувонди. Аммо уларнинг бу севинчи узоққа чўзилмади.

«Тадбиркорга кредит берилмади, ишлар эса чала қолди»

Таъкидлаш керакки, ушбу ҳудудларда бир неча йиллардан буён бунёдкорлик ишлари амалга оширилмагани оқибатида маҳаллий аҳолининг турмуш тарзида кўплаб муаммолар йиғилиб қолганди. Жумладан, овуллардаги маъмурий бинолар эскириб, боғча ва мактаблар таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Ёшлар учун спорт майдончалари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этишга эътибор қаратилмаган.

Яна бир жиҳат: айрим фуқароларнинг ўзбошимчалик билан турли иморатларни қуриб олгани ҳам ҳудуд юзидаги доғ эди. Ички йўлларнинг аҳволи ҳақида-ку, айтмаса ҳам бўлади.

— 2018 йилда Кенегес, 2019 йилда эса Муқумий овулларида «Обод қишлоқ» дастури асосида кенг кўламли ишлар олиб борилди, — дейди Кенегес овул фуқаролар йиғини раиси Фарҳод Дошанов. — Бунинг натижасида овулимиздаги талай муаммолар — газ, сув, электр таъминоти бутунлай яхшиланди. Кўчаларга шағал тўшалди. Маҳалла идораси қайта таъмирланиб, замонавий кўринишга эга бўлди. Аҳоли томорқа ерларидан унумли фойдаланиши учун ариқ ва зовурлар қайта қазилиб, оқова сув келиши таъминланди.

Шу билан бирга, дастур доирасида баъзи чала қолиб кетган ишлар ҳам йўқ эмас. Масалан, йиғин раисининг айтишича, овулда дастур бўйича болалар боғчаси, марказий кўча бўйида замонавий савдо дўкони қурилишига тадбиркорлар жалб қилинган. Ишбилармонлар қайта таъмирлаш ва қурилиш ишларини зўр иштиёқ билан бошладию, бироқ кўп ўтмай, ишлар тўхтаб қолди. Бунга сабаб — банклар кредит беришни пайсалга солишган.

Орадан шунча вақт ўтганига қарамай, чала қолган ишларда бирон ўзгариш бўлмаган. Бугунги кунда ушбу ҳудуд аҳолиси учун болалар боғчаси жуда зарур. Овулдаги коллекторга кўприк бунёд этилиб, икки ёндан пиёдалар йўлакчаси қурилиши керак. Афсуски, бу ишларга умуман қўл урилмаган. Шунингдек, режага киритилган бўлса-да, кўчаларга тунги чироқлар ўрнатилмаган, 400 метрга яқин йўл таъмирсиз қолиб кетган.

Маданият масканида пилла боқилмоқда

Худди шундай манзарани Муқумий овулида ҳам кўриш мумкин. Дастур асосида 2018 йилда ҳудудда 250 ўринли янги мактаб қурилди. Лекин бу бунёдкорлик ишлари ҳам қўл учида бажарилган. Негаки, бугун янги мактабда 450 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади. Таълим даргоҳини қуришда нафақат ўқувчилар миқдори ўрганилмаган, балки мактаб учун зарур бўлган спорт зали, кутубхона ҳам ҳисобга олинмаган.

Ҳудудни ўрганиш чоғида олд томондан обод кўринса-да, ён-атрофида ташландиқ жойлар кўп бўлган бино эътиборимизни тортди.

— Аввал бу ер «клуб» бўлган, — дейди шу ерда яшовчи Муратбой Қурбонбаев. — Унинг ички жиҳозлари талон-торож қилиниб, ўзи қаровсиз аҳволга келиб қолган. Ҳозирги кунда эски «клуб»да пилла қурти боқилмоқда. Ушбу бино қайта таъмирланиб, маҳалламиз болалари учун тўгараклар ташкил қилинса, кутубхонага айлантирилса, яхши бўлар эди. Атрофидаги бўш ётган ерлар эса обод қилиниб, боғ-роғ қилинса, спорт ва болалар майдончалари, пиёдалар йўлакчалари қурилса, аҳоли дам оладиган ажойиб маскан пайдо бўлар эди.

Дастур ижроси режалигича қолиб кетди

2019 йилда Сарайкўл овул фуқаролар йиғинидаги Шеге жап овулида ҳам «Обод қишлоқ» дастури асосида қатор ишлар амалга оширилиб. кўплаб муаммолар бартараф этилди. Бироқ...

— Дастурга киритилган бўлса-да, 1,2 километрлик пиёдалар йўлакчаси, 500 метр оралиқдаги асфальт йўл, 1 километрга яқин масофага электр симларини изоляциялаш ишлари бажарилмади, — дейди Сарайкўл овул фуқаролар йиғини раиси Назарбай Мамедов. — Режа бўйича ҳаммом, сартарошхона қурилиши керак эди, лекин улар ҳам режалигича қолиб кетди. Негадир аҳоли учун жуда зарур бўлган боғча, болалар майдончаси, газонли спорт майдонлари дастур режасига киритилмаган.

Саволлар кўп, жўяли жавоб бера оладиган масъуллар йўқ

Ҳудудни кўздан кечирар экансиз, бу ерда дастур ижроси номигагина бажарилганига гувоҳ бўласиз. Кишини ташвишга соладиган жиҳати шундаки, туман ҳокимлиги тақдим этган маълумотларда «Обод қишлоқ» дастури ижроси доирасида ҳудуддаги барча муаммолар ечимини топган!

Бизни ва аҳолини қийнаётган саволларга жавоб олиш мақсадида Тахиатош тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Фарҳод Бекжанов билан телефон орқали боғландик. Аммо саволларимизга жўяли жавоб олиш имкони бўлмади.

— Кенегес овули ҳудудида дўкон қуриш учун тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган фуқароларга ер майдонлари ажратиб берилган, — дейди Ф.Бекжанов. — Боғча қуришни зиммасига олган тадбиркоримиз эса реконструкция ишларини бошладию, маблағ муаммоси сабаб ишлар тўхтаб қолди.

Бош мутахассис «Обод қишлоқ» дастурига киритилган ҳудудлардаги қурилиш ишларининг нега чала қолиб кетгани ҳақидаги сўровимизга умуман жавоб бера олмади. Хўш, қурилишни бошлаб, ишини охирига етказа олмаган тадбиркорга ким мададкор бўлиши керак эди? Туман мутасаддилари қайси асосга кўра, дастур ижроси тўла бажарилган деб ҳисоблайди? Бундай кўзбўямачилик билан кимни алдаяпмиз? Хуллас, саволларнинг адоғи кўринмайди, уларга жўяли жавоб бера оладиган масъуллар эса йўқ!

* * *

Дастурлар инсонлар оғирини енгил қилиш, уларга қулай шарт-шароит яратиб бериш мақсадида ишлаб чиқилади. Шу боис ҳар бир ҳудуднинг имконияти ва шарт-шароитидан келиб чиқиб, муҳими, аҳолининг эҳтиёжини ўрганиш талаб этилади. Аммо Тахиатош туманига сафаримиз чоғида бундай жиҳатларга эътибор қаратилмаганига гувоҳ бўлдик. Тўғри, газ, сув, электр таъминоти каби долзарб муаммолар ечимини топмоқда. Агар маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, кутубхона, спорт майдонлари каби ижтимоий аҳамиятга эга масканлар қурилишига ҳам эътибор қаратилса, юқорида номлари қайд этилган овуллар чин маънода обод ҳудудга айланган бўларди. Туман ҳокимлиги ушбу масалани атрофлича ўрганиб чиқади, деган умиддамиз. Биз эса бу мавзуга яна қайтамиз. 

Омирбай ЕСБЕРГЕНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш