Уйсиз қолган одамлар дардини ким эшитади?

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Самарқанд шаҳридаги «Истиқбол» маҳалласида яшовчи Тоҳир Худойбердиевлар оиласи таҳририятимизга мактуб йўллаб, сел келиши оқибатида уйлари бузилиб, оила аъзолари бошпанасиз қолгани, мутасаддилар эса қанча мурожаат қилишига қарамай, бу борада амалий ёрдам бермаётганини айтишди. Вазият билан танишиш мақсадида ҳудудда бўлдик.

Маълум бўлишича, тошқин натижасида Чашмаи Хизр кўчасида жойлашган 33 та хонадондан 10 таси жиддий зарар кўрган. Устига-устак, сел тошқинига оқова сувлари ҳам қўшилиб, ҳовлиларга кириб кетган. Ҳаммадан ҳам бизга мурожаат қилган Худойбердиевлар хонадонига жиддий талафот етган.

— 21 йил бағрида яшаган уйимизнинг деворлари бирин-кетин қулашини чорасиз ҳолда кузатдик, — дейди Тоҳир Худойбердиев. — Табиий офат юз берган куннинг эртасига шаҳар ҳокимлиги ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасидан вакиллар келишди. Ҳаммасини суратга олишди, ҳамдардлик билдиришди, аммо бирорта маълумотнома беришмади. Ҳозирда 10 кишидан иборат оиламиз билан кўп қаватли уйнинг икки хонали квартирасида ижарада яшаяпмиз. Мутасаддилар янги қурилаётган уйлардаги хонадонлардан бирини кредит эвазига олиб беришни таклиф қилишяпти. Бироқ ўғилларимнинг муқим иш жойи бўлмаса, келинларим ёш болали бўлса, ўзим 400 минг сўм пенсия олсам, бу ҳолатда уйнинг кредитини қандай тўлайман?

Фото: Mahalladosh

— Карантин туфайли турмуш ўртоғим ишсиз қолди, у янги қурилган уйларга эшик ўрнатиш билан шуғулланарди, — дейди хонадон келини Мадина Мажидова. — Ҳатто овқатга ва боланинг таглигига ҳам пулимиз етмаяпти. Ҳозир карантин бироз юмшаганидан сўнг эримга ҳам буюртмалар тушяпти. Аммо унинг топгани барибир рўзғорга зўрға етади, чунки мен чақалоғим билан уйда ўтирибман.

Масъуллар нима дейди?

Аслида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2000 йил 20 январда тасдиқланган Низомга кўра, табиий офатдан сўнг, иншоот кимга тегишли бўлишидан қатъи назар, уйнинг техник ҳолатини аниқлаш учун махсус комиссия тузилиши, техник кўрик натижалари ҳақида далолатнома тузилиб, у хонадон эгасига берилиши лозим. Меъёрий ҳужжатга кўра, маҳаллий ҳокимликнинг қарори асосида яшаш учун яроқсиз деб топилган хоналар бузилади. Бу жараёнда офатдан зарар кўрган хонадон соҳибига давлат томонидан бепул яшаш жойи тақдим этилиши керак. Мазкур ҳолатда эса бу қоидаларга амал қилинмаган.

— Сел тошқини оқибатида кўпроқ зарар кўрган хонадонларнинг барчасига маҳалла ва шаҳар ҳокимлиги томонидан 500 минг сўмдан 900 минг сўмгача моддий ёрдам, озиқ-овқат ва кийим-бош тарқатилди, — дейди «Истиқбол» йиғини раиси Ўктам Ҳожиев. — Бундан ташқари, уйи деярли бутунлай вайронага айланган Тоҳир Худойбердиевга ҳар ойда шаҳар ҳокимлиги томонидан 900 минг сўм миқдорида ижара пули тўланяпти. Мазкур ҳудудда яшовчиларнинг аксариятини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида уларга жўжа боқиш ёки субсидия асосида иссиқхона қуриб беришни таклиф қилдик. Аммо уларнинг бирортаси бу таклифни қабул қилмади. Айтишларича, кўчада мардикорлик қилиб бундан кўпроқ даромад топиш мумкин экан.
— Дарҳақиқат, Чашмаи Хизр кўчаси анчагина чуқурликда жойлашгани боис бу ерда истиқомат қилувчи аҳолини сел келишидан ҳимоя қилиш анча мураккаб масала, — дейди Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Рустам Олимов. — Шунинг учун айни пайтда кўпроқ сел хавфи остида қолиши мумкин бўлган хонадонларни бошқа бир ҳудудга кўчириш масаласи кўриб чиқиляпти. Т.Худойбердиевнинг хонадони масаласига келсак, бу оила 2-3 ой ичида, албатта, тегишли тартибда уй-жой билан таъминланади.

Чироқсиз кунлар қачонгача давом этади?

Бугунги замонда электр энергиясиз турмушимизни тасаввур қилиш қийин. Аммо айрим маҳаллаларда одамлар ана шу қийин шароитга ҳам кўникишга мажбур. Жумладан, Жомбой туманидаги «Наймантепа» маҳалласининг Туркман қишлоғида яшовчи 600 га яқин хонадон айни кунларда электр таъминотидаги мунтазам узилишлардан азият чекмоқда.

— Муаммонинг бош сабаби — қишлоқ аҳолисига хизмат қилиб «чарчаган», ўтган асрнинг 70-йилларида ишлаб чиқилган ва таъмирланавериб, мутлақо яроқсиз ҳолга келиб қолган трансформаторда, — дейди меҳнат фахрийси Эркин Омонов. — Яқинда у кучли зўриқиш туфайли яна портлаб кетди. Очиғи, бу ҳақда масъулларга айтавериб чарчадик. Бундан икки йилча олдин ҳам шундай ҳолат рўй берганида, масъуллар «яқин кунларда қишлоғингизга янги трансформатор ўрнатиб берамиз, унга супача тайёрлаб қўйинглар» деб кетишган эди. Мана, икки йилдирки, супача трансформаторни кутиб ётибди. Айниқса, бу ҳолатдан ипак қурти парваришлаётган хонадонлар жуда қийналишяпти. Қора чироқ ёруғида сўриларни кўздан кечиришнинг ўзи бўладими?

Фото: Mahalladosh

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Жомбой тумани электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Шерзод Ҳасановга мурожаат қилдик.

— Бу қишлоқда мазкур муаммо анчадан бери мавжуд ва уни ечишга ваъда берган эдик, — дейди Ш.Ҳасанов. — Аммо юртимизнинг айрим вилоятларида юз берган табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш мақсадида бизга ажратилган янги трансформаторларнинг аксарияти ўша ҳудудларга юборилди. Шу боис кўпчилик қишлоқлардаги бу каби муаммолар ечилмай қолди. Ўйлайманки, жорий йилнинг охиригача мазкур масала ўз ечимини, албатта, топади.

* * *

Шу ўринда бир мулоҳаза. Кейинги кунларда маҳаллаларда аҳолини қийнаб келаётган қайси бир муаммо ҳақида гап кетса, айрим масъуллар сўнгги вақтларда юз берган табиат ҳодисаларини рўкач қилгани-қилган. Гўёки, режадаги барча маблағлар, асбоб-ускуналар ўша ҳудудларга жўнатилгандек.

Бизнингча, одамларни йиллар давомида қийнаётган муаммоларнинг ечилмаслигига табиий офатларнинг унчалик ҳам алоқаси бўлмаса керак. Ахир бу офатлар бор-йўғи 3-4 ой илгари рўй берди-ку! Туркман қишлоғидаги яроқсиз трансформатор масаласи эса қарийб 15 йилдан буён кун тартибидан тушмай келади.

Хуллас, Жомбойдаги Туркман қишлоғи аҳолиси янги трансформатор учун қуриб қўйган супача яна қанча вақт бўш туришини, Самарқанд шаҳридаги Чашмаи Хизр кўчасида яшовчи Тоҳир Худойбердиев ва бошқа жабрдийдаларнинг қачон бошпана билан таъминланишини ҳозирча ҳеч ким аниқ билмаяпти. Балки, бу масалага тегишли идоралардаги масъуллар тез орада ойдинлик киритишар? Биз эса бу мавзуга яна қайтамиз.

Ёрмамат РУСТАМОВ

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш