Янги қурилаётган уйлар халқ учун эмасми?

Бундан бир неча йил илгариги уй-жой етишмовчилиги ҳолатлари ҳали кўпчиликнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. Ҳокимликлар идораларида янги қурилаётган уйлардан кредитлар эвазига харид қилиш учун коррупцион схемалар асосида шакллантириладиган навбатларнинг чеки кўринмасди. Бу вазиятдан, айниқса, турли монополчи «инвест»лар катта фойда кўрди. Боз устига, гўёки жамиятнинг бошқа қатламлари — ногиронлар, ёлғиз аёллар, хуллас, нотўлиқ оилалар, шунчаки, ёши 30 дан ошганлар кўчада яшаши керакдек, уй-жойга даъвогарлик учун мантиқсиз шартлар ҳам қўйилди.

Масалан, харидорлар ёш оила, Зулфиячими, «камолотчи»ми, қўшиқчими, шубҳали танловлардан бирининг ғолибими ва ҳоказо бўлиши керак эди. Юқоридагиларнинг асосий сабабларидан бири сифатида тураржойларнинг жуда кам миқдорда қурилгани, томорқа учун ер ажратилмай қўйилганини келтириш мумкин. Аслида эса, ўша пайтда ҳам, уй қуриб сотиш, сердаромад соҳадан даромад кўриш иштиёқидаги тадбиркор, инвесторни кўплаб топиш мумкин эди. Шу йўл билан бинолар қийматининг дефицит ва монополия эвазига кўтарилган қисмини пасайтириш, коррупцияни чеклаш мумкин бўлган. Аммо бундай қилинмади. Сабаблари эса кўпчиликка маълум...

Хўш, уй-жой бозорида бугунги вазият қандай? Мавзу юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мутахассиси Манижа Баҳриеванинг фикрлари билан қизиқдик.

Банклар қандай таклиф бермоқда?

— Албатта, ҳамма ҳам сифатли, ташқи ҳамда ички кўриниши чиройли уйларда яшашни орзу қилади, — дейди М. Баҳриева. — Аммо бугунги шароитда талаб даражасидаги хонадонга эга бўлиш бироз мураккаб. Бунинг асосий сабаби аҳолининг катта қисми ойига ўртача 2 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача маош олишида. Харидни ипотека кредитлари асосида амалга оширмоқчи бўлганлар учун кредитларнинг фоизи ҳамон юқорилигича қолмоқда. Президентимизнинг жорий йил 1 майда «Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Қарор аслида ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш, хусусий пудрат ташкилотларини уй-жойлар қурилишига кенг жалб қилиш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш, шу орқали рақобат муҳитини шакллантириб, уй-жойлар қийматини пасайтириш мақсадида қабул қилинди. Унга кўра, банклар бирламчи ва иккиламчи уй-жойлар учун 15 йилдан 20 йилгача ипотека кредити ажратиши тўғрисидаги таклиф жамоатчиликка маълум қилинди. Биз турли банкларнинг бу борадаги таклифларини ўргандик. Кузатувлар натижаси шуни кўрсатдики, масалан, «Ipoteka bank»нинг таклифига кўра бугунги кунда янги қурилган бирламчи уйлардан харид қилмоқчи бўлсангиз, бошланғич тўловнинг 20 фоизини тўлаганингизда 15 йилдан 20 йилгача йилига 22 ёки 23 фоиздан тўлаб боришингизга тўғри келади. Иккиламчи бозордан, яъни эски қурилган уйлардан сотиб олмоқчи бўлсангиз, бошланғич бадалнинг 25 фоизи тўланса, қолган қисми 15-20 йилга 26 фоиздан тўланади. «Ipak yo‘li banki» мутахассисининг берган маълумотига кўра, ипотека кредити фақат бирламчи уйларга берилар экан. Шундан харид қилинадиган уйнинг 20 фоизи бошланғич тўлов сифатида тўланса, қолган қисми 20 йилга 21 фоиздан тўлаб борилади. Мазкур банк мижозларга 2 хонали уй учун 224 миллион сўмгача, 3 хонали уйлар учун 352 миллион сўмгача ипотека кредитини ажратади. «Sanoat qurilish bank» эса ипотека кредитларини фақат бирламчи бозордаги уйлар учун бермоқчи. Бошланғич тўлов 20 фоиз. Йиллик тўлов 20 фоиздан 20 йилга бўлиб тўланади.

Ўзи уйнинг нархи қанча?

«Мurat Buildings» номи остида сотуви амалга оширилаётган ярим тайёр уйларнинг ҳар квадрат метри ўртача 6,5 миллион сўмдан бошланиб, 14 миллион сўмгача сотилмоқда.

Мазкур уйларнинг бирига соҳиб бўлиш учун томонларнинг келишув шартномаси асосида исталган банкдан ипотека кредитларини олиш имконияти мавжуд. «Bizning uylar» қурилиш компанияси тавсия этаётган яшаш учун тайёр уйларнинг ҳар квадрат метрига 6,2 миллион сўмдан 6,7 миллион сўмгача нарх белгиланган. «Huvaydo» мажмуаси томонидан қурилган ярим тайёр уйларнинг бир квадрат метри 8,2 миллион сўмни ташкил этяпти.

Умуман, таъмирланган уйларнинг 1 квадрат метрини минимал 6 миллион сўм деб ҳисоблаш мумкин.  Дейлик, 2 хонали 54 квадрат метрли уй. Умумий қиймати 324 миллион сўмга етади. Аввал бошида 20 фоизлик бадал пулини тўлаб қўйиш шарт. Шунда уйнинг қолдиқ таннархи 259 миллион 200 минг сўм бўлади. 15 йилга 259,2 миллион сўмнинг 20 банк фоизи билан 777 миллион 600 минг сўмни ташкил этмоқда.

Қанча ойлик олиш керак?

Демак, истеъмолчи 15 йил мобайнида 777 миллион 600 минг сўмни тўлашига тўғри келади. Банклар таклиф этаётган ипотека кредитларининг энг юқори суммаси 352 миллион сўмни ташкил этганда, ойига 5,8 миллион сўмдан тўлаб боришига тўғри келади. Энди ҳақли саволлар юзага келади? Агар оилада 1 нафар киши ишласа, борингки, икки нафари ҳам меҳнат қилсин, уларнинг топаётгани ана борингки, 6 миллион сўм бўлсин. Бу пул уй-рўзғорга етадими ёки ипотека кредитини тўлашгами? Аслида банклар кам ойлик оладиган истеъмолчига ипотека кредитини бермайди. Йиллик даромад тўғрисидаги маълумотнома олиб борганингизда, «...ҳурматли мижоз, сиз бир ойда камида 8 миллион сўм маош олишингиз керак, акс ҳолда Сиз билан ишлай олмаймиз», деган жавобни эшитасиз.

Ўйлаб қаралса, истеъмолчи ишлаб топган ойлик даромадини 15 ёки 20 йил давомида кредитга тўласинми, фарзандини боқсинми, коммунал тўловларни амалга оширсинми? Улар шу вақт давомида еб-ичишдан, кийинишдан ўзини тийсинми? Болаларнинг таълимига сармоя-чи?

Кредит олган хонавайрон бўладими?

Эътибор берилиши шарт бўлган яна бир жиҳат бор. Бу – кўтарилаётган умумий кредитнинг 20 ёки 25 фоизини олдиндан тўлаш шарти. Бундай бадалнинг мавжудлиги нафақат бозор қонунларига зид, балки кредит олувчини хонавайрон қилишга қаратилгандир. Кўпчилик ушбу миқдордаги суммани йиға олмаётгани учун ҳам кредит ололмай қолмоқда. Эътибор берилса, хорижий давлатларда бошланғич тўлов ўртача 5 фоиздан 10 фоизгачани ташкил этади. Масалан, Россия Федерацияси ёш болали оилалар учун бошланғич тўлови 5 фоиз, 30 йилга 20 фоиздан бўлиб тўлаш шарти билан аҳолини уй-жой билан таъминламоқда. АҚШда 10 йилдан 30 йилгача, йилига 5 фоиздан тўлаш шарти билан ипотека кредитлари ажратилмоқда... Бизда қайси мезонлар асосида ипотека кредитларининг фоиз ставкалари белгиланяпти?

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бугунги кунда қабул қилинаётган ҳар қандай қонун инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қилиши лозимлиги такрор-такрор айтилади. Аммо биргина ипотека кредитларининг берилиш тартибига тўхталадиган бўлсак, бунда истеъмолчиларнинг ҳеч қандай манфаати устунлик қилмаяпти. Фақат банк ва қурилиш ташкилотлари мўмай даромад топиш илинжида.

Улуғбек ИБОДИНОВ тайёрлади.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш