Нега маҳаллага келганда пул топилмайди?

Биносиз, бошпанасиз йиғинлар, эътиборсиз уйлар, кам таъминланган оилалар муаммоси турли даражадаги минбарлар, матбуот нашрларида чоп этилаётган қатор танқидий-таҳлилий мақолаларга қарамай, Самарқанд вилоятининг айрим туманларида ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Жумладан, шу кунларда Оқдарё туманидаги «Бозоржой» йиғини фаоллари хусусий тадбиркорга тегишли бинонинг битта хонасида, «Даҳбед» маҳалласи идораси эса собиқ Оқдарё агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи биносида ижарада фаолият кўрсатяпти. «Пахтаобод» маҳалласи ходимлари эса бир пайтлар Ўзбекистон пахтачилик илмий-текшириш институтига қарашли бўлган 3 қаватли бинонинг учинчи қаватидаги битта хонада ишламоқда.

— Ҳозир туман бўйича 13 та маҳалла фуқаролар йиғини ўз бошпанасига эга эмас, — дейди Оқдарё тумани ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Юлдуз Ўроқова. — Яқинда «Ойтамғали» йиғини учун янги бино қуриб берилди. Айни кунларда эса «Кумушкент» маҳалласи учун давлат-хусусий шерикчилик асосида янги бино бунёд этиляпти. Жорий йил охиригача яна 3 та йиғин учун давлат-хусусий шерикчилик асосида янги бино қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Сершовқин муҳит маҳаллага қанчалик мос тушади?

Жомбой туманидаги «Кўкгумбаз» йиғини илгари Жомбой ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи сифатида фаолият кўрсатган 35-умумтаълим мактаби биносида жойлашган.

— Тўғри, бу ерда болаларнинг шовқини остида ишлаш жуда қийин, аммо бошқа иложимиз йўқ, — дейди йиғин раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулнора Эшбекова. — Яқин орада маҳалламиз учун янги бино қуриб берилиши айтилмоқда. Ҳозир раисимиз шу ташвишлар билан юрибди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бундан 5-10 йил илгари, маҳалла тизимига жиддий эътибор берила бошлаганида жойларда юзлаб йиғинларнинг биноси йўқлиги маълум бўлиб қолди. Шунда кимлар ҳомийлар ҳисобидан, кимлар эса маҳаллий бюджет маблағи эвазига йиғинлар учун бино қуришга киришди. 2017 йилнинг охирларига келиб, касб-ҳунар коллежлари тугатилиши муносабати билан ҳудудларда уларнинг ҳайҳотдай бинолари бўшаб қолди. Масъуллар қайси ташкилот ёки фуқаролар йиғинининг биноси бўлмаса, уларни бўшаб қолган коллежларга жойлаштира бошладилар.

Балки бу тадбирнинг вақтинчалик вазиятдан чиқиш учун ёмон жиҳати йўқдир. Аммо ҳар бир ташкилот, муассасанинг ўзига хос «яшаш тарзи» мавжуд. Айтайлик, мактабнинг сершовқин, болалар қий-чувига тўла ҳаёти фуқаролар йиғинининг фаолиятига нечоғли мос тушади? Яна бир ғалати томони шундаки, бундай сершовқин жойларга нима учундир адлия, молия идораларига ўхшаш «нуфузлироқ» ташкилотлар ёки маҳаллий ҳокимликнинг бирорта бўлими кўчирилмайди? Уларнинг янги биноси учун дарҳол маблағ ҳам, қурувчи ҳам топилади. Фуқаролик жамиятининг муҳим бўғинига айланиб улгурган маҳаллага қолганида эса...

Кутубхонани китоб билан ким таъминлаши керак?

Ҳудудда бўлганимизда ғалати бир ҳолатга дуч келдик. Илгари «Оқ олтин» жамоа хўжалиги бошқаруви жойлашган бино капитал таъмирдан чиқарилиб, маҳалла маданият марказига айлантирилибди. Бу — жуда яхши. Маҳалла ёшлари учун катта қулайлик яратилган. Аммо мазкур марказда кутубхона учун ажратилган иккита хона турли газета ва китоблар тартибсиз сочилган ҳолда бўш турибди. Хўш, нимага?

Маданият маркази ходими Дилҳумор Эшхўжаеванинг таъкидлашича, марказга 3 та қоровул, 2 та фаррош штатлари берилгани ҳолда, биттагина кутубхоначи штати ажратилмаган. Ана холос! Бошқа маҳаллалар ҳавас қилса, арзийдиган данғиллама маданият марказида кутубхоначи йўқ, аммо 3 нафар қоровул фаолият кўрсатаяпти. Бу нима? Китобга муносабатнинг «Жомбойча усули»ми?

— Йўқ, ундай эмас, норматив меъёрий ҳужжатларда кутубхонадаги китоблар сонига қараб муассасага штат ажратилиши белгилаб қўйилган, — дейди туман молия бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Саломов. — Сиз айтган маданият марказидаги кутубхонада эса 200 га яқин адабиёт бор. Улар ҳам 35-умумтаълим мактаби кутубхонасидан вақтинча келтириб қўйилган. Ваҳоланки, амалдаги қоидага кўра, битта кутубхоначи штати ажратилиши учун зиё масканидаги китоблар сони 2 мингтадан юқори бўлиши керак. Шу боис «Кўкгумбаз» маҳалласидаги маданият марказига кутубхоначи штати ажратилмаган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, аслида, китоб сотиб олиш учун молия бўлими маблағ ажратиши керак эмасми? С.Саломовнинг айтишича, молия бўлими айнан китоб олиш учун эмас, маданият муассасасининг умумий харажатлари учун маблағ ажратади. Масалан, ўтган йили муассаса учун 100 миллион сўм ажратилган. Бу пулга улар мусиқа асбоблари, овоз кучайтиргич аппарати, микрофон каби турли жиҳозларни харид қилишгану, нимагадир китоб олишмаган.

Қоғозбозлигу қуруқ ҳисоботнинг аччиқ меваси қандай бўлади?

Самарқанд вилоятидаги 40 мингдан ортиқ камбағал оилалардан бири бўлмиш Рустам Ашуров оиласи Тайлоқ туманидаги «Ғулба» йиғинида истиқомат қилади. Оила бошлиғи ва катта фарзанд касалманд, кичигининг топгани эса рўзғорга аранг етади. Оиланинг яшаш жойи ҳам бир аҳволда.

— Дарҳақиқат, қатор йиллардан буён бу оилага эътибор берилмаган, — дейди «Ғулба» йиғини раиси Моҳигул Давронова. — Мана, энди туман ҳокими ёрдамида шу хонадонга янги уй қуриш учун 4 тонна цемент, шифер ва бошқа қурилиш материаллари етказиб берилди. Бундан ташқари, мазкур хонадонга маҳалла томонидан ҳар ойда 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам бериляпти.

Шунингдек, субсидия асосида мазкур хонадонга 1 сотихли иссиқхона қуриб бериш режалаштирилмоқда. Худди шундай, йиғиндаги кимнингдир моддий ва маънавий кўмаги, йўл-йўриғига муҳтож 60 дан ортиқ оилага ҳам юқоридаги каби субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилмоқда.

Шу ўринда гарчи аччиқ бўлса-да, бир ҳақиқатни очиқ айтиш жоиз. Бу каби хонадонларнинг ўта камбағал ҳолатга тушиб, эътибордан мутлақо четда қолишига, аввало, жойлардаги мутасаддилар, кейин эса хонадон соҳибларининг ўзлари сабабчи. Негаки, сўнгги йилларда «хонадонма-хонадон юриб оилаларни ўрганяпмиз» шиори остида фуқаролар йиғинларида қанча-қанча қоғозлар тўлдирилиб, папка-папка ҳисоботлар ёзилди. Уларнинг деярли барчасида бир хил хулоса қилинди, яъники, «фалон оилани ўргандик, оила аъзолари билан суҳбатлашдик, уларга зарур амалий ёрдам кўрсатилди» ва ҳоказо...

Гўёки шу билан барча муаммо ҳал бўлиб қолгану олам гулистон бўлган. Аслида эса аҳвол мутлақо бошқача эди. Биз бугун жойларда дуч келаётган бундай ҳолатлар ана шу қоғозбозлигу қуруқ ҳисоботларнинг аччиқ меваси эмасмикан? Сиз бунга нима дейсиз, азиз маҳалладош?

Ёрмамат РУСТАМОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш