Мақсад аниқ, вазифалар тайин, бироқ нега фаоллик сезилмаяпти?

Агар ҳар куни республикамиз маҳаллаларидаги биттадан эҳтиёжманд оиланинг хонадони обод қилинса, бир кунда 9 мингдан ортиқ хонадан обод бўлади. Ё бўлмаса, шунча одамнинг муаммоси ҳал этилса, бандлиги таъминланса, камбағалликдан чиқарилса, тез орада катта самарага эришиш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида илгари сурилган «Обод хонадон», «Обод кўча», «Обод маҳалла» тамойили айни шу мақсадда ҳаётга татбиқ этилаётир. Ушбу вазифани бажариш учун масъул ташкилот — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар жорий йилнинг 9 июнидан ҳудудларда бўлиб, хонадон ва кўчаларни обод қилиш ишларини олиб бормоқда.

Жорий йилнинг 19 июнь куни Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигида бўлиб ўтган навбатдаги видеоселектор йиғилишида айни шу ишчи гуруҳлар фаолияти, жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ҳудудларни ободонлаштириш борасидаги ишлар самараси ҳақида сўз юритилди.

Масъуллар ҳужжатлар мазмунидан хабардорми?

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган видеоселекторда даставвал Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 июндаги баёни билан тасдиқланган «Обод хонадон», «Обод кўча», «Обод маҳалла» мезонлари, Ҳаракатлар режаси, чора-тадбирлар дастури ҳамда Нуронийлар жамоатчилик кенгашларининг хонадонлар ва кўчаларни обод ҳамда кўркам қилиш бўйича аҳолига Мурожаати мазмун-моҳияти билан жойлардаги масъулларнинг қай даражада хабардорлиги таҳлил қилинди. Шунингдек, юқоридаги тамойилнинг Тошкент, Навоий ва Наманган вилоятларида қай даражада олиб борилаётгани ўрганилди.

Очиғи, таҳлиллар натижаси йиғилганларни қувонтирмади. Чунки ҳужжатлар қабул қилинганига 10 кундан ошган бўлса-да, ҳудудларда ҳали-ҳануз уларнинг мазмунидан бехабар масъуллар бор экан. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 9 июндаги баёни ҳанузгача Бухоро вилоятининг Бухоро, Қоракўл, Ромитан, Пешку туманлари ва Бухоро шаҳрига етиб бормаган.

Нуронийлар жамоатчилик кенгашларининг аҳолига мурожаати Бухоро туманидаги «Шергарон», Қоракўл туманидаги «Хўжалар» ҳамда Ромитан туманидаги бирорта маҳаллага етказилмаган. Энди ўзингиз айтинг, ҳужжатлардан бехабар бу масканларда амалий иш қилинганини  кутиш мумкинми?

Ободонлаштириш ишлари суст кетяпти. Нега?

— «Обод хонадон», «Обод кўча», «Обод маҳалла» ташаббуси кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш, уй-жойларини таъмирлаш, ёрдамчи хўжалик биноларини қуришга кўмаклашиш мақсадида амалга оширилмоқда, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов. — Аммо жойларда бу ишлар талаб даражасида олиб борилмаяпти. Топшириқларга юзаки ёндашаётган ҳудудлар ҳам бор. Олинган маълумотларга кўра, шу вақтга қадар пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида 3 та, Яккасарой туманида 5 та, Самарқанд вилояти Пайариқ туманида 1 та хонадон таъмирланган.

Бошқа ҳудудларда ҳам бу борадаги ишларни самарали олиб бориляпти, деб айта олмаймиз. Масалан, Наманган вилояти Чуст тумани бўйича 1 минг 931 та хонадон камбағал оила сифатида рўйхатга олинган бўлса-да, ҳанузгача уларни камбағалликдан чиқариш бўйича аниқ чоралар кўрилмаган. Туманда мавжуд 78 та қабристондан фақат биттаси таъмирланган. Ё бўлмаса, Сурхондарёда 64 минг 890 та таъмирталаб хонадонлар мавжуд бўлса-да, жорий йилнинг 19 июнь ҳолатига 12 минг 342 таси ёки 19 фоизи таъмирланган.

Нега аниқ маълумотлар тўпланмаган?

— Мазкур ташаббус учун, аввало, ҳудудлардаги кам таъминланган, ишсиз аҳоли ва маҳаллалардаги хароб аҳволдаги кўча ва хонадонлар ҳақида аниқ маълумотлар тайёрланиши зарур, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев. — Куни кеча Тошкент вилоятида бу бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишдим. Аммо масъулларнинг Ҳаракатлар режасидаги вазифалардан тўла хабардор эмаслиги, ҳали-ҳануз аҳолининг ижтимоий аҳволи ва хонадон, кўчалар ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумоти йўқлигига гувоҳ бўлдим. Хусусан, шундай ишлаб чиқариш саноати юқори вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг сустлигидан ажабландим.

Йиғилишда қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида Чиноз, Оҳангарон туманларида 2 нафардан, Нурафшон шаҳри, Тошкент, Бекобод туманларида 3 нафардан, Бўстонлиқда 5 нафар, Оққўрғонда 6 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланган бўлса, Янгийўл шаҳрида бирорта ишсиз аҳоли бандлиги таъминланмаган. Айни масалада Навоий вилоятининг Хатирчи, Конимех, Томди туманларида амалга оширилган ишлар ҳам умуман талабга жавоб бермайди.

Мурожаатларга муносабат қандай бўляпти?

2020 йил 19 июнь ҳолатига вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан жами 72 минг 56 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг ҳар бирида халқимиз вакилининг дарди, муаммоси ўз аксини топган. Уларга панжа ортидан қарашга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Афсуски, айрим масъуллар ўз вазифаларини тўла адо этмай, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш ўрнига мурожаатчига тегишли жавоб қайтаришни ҳам кечиқтирмоқда. Масалан, Қашқадарё вилоятида 394 та, Тошкент вилоятида 250 та, Бухоро вилоятида 171 та, Хоразм вилояти мурожаатнинг кўриб чиқилиши асоссиз 30 кундан кечиктирилган.

Статистикага кўра, энг кўп мурожаат Қашқадарёдан (12 минг 10 та), Тошкент шаҳридан (7 минг 985 та), Сурходарёдан (7 минг 419 та) келиб тушган. Мурожаатларнинг кўплиги мазкур ҳудудларда тизимга оид муаммоларнинг урчиётгани ва улар ўз ечимини кутаётганидан далолат беради.

Йиғилишда аҳолини қийнаб келаётган ана шундай масалаларга алоҳида урғу берилди. Қилинган ишлар таҳлил қилиниб, аҳоли фаровонлигини ошириш, давлат ва жамиятни ривожлантириш йўлида яна қандай амалларни бажариш зарурлиги кўриб чиқилди. Таҳлиллардан чиқарилган хулосаларга кўра, бир қатор вазифа ва режалар белгилаб олинди.

Санжар ЭШМУРОДОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш