Хиванинг сўнгги хони Саид Абдуллахон тақдири қандай якун топган?

Ўтган 2019 йилнинг декабрь ойида Киевдаги «Ярослав Вал» нашриётида келиб чиқиши озарбайжонлик бўлган украин ёзувчиси Григорий Гусейновнинг «Шарқдан эсган шамол» номли китоби нашр этилди. Биз учун муҳим томони, китобда сўнгги Хива хони Саид Абдуллахон ва унинг оиласининг Украинадаги ҳаёти тўғрисида қимматли маълумотлар тақдим этилган. Зеро, ушбу оила 1920 йилда Москвага олиб кетилганидан кейинги тақдири ҳақида ишончли маълумот шу пайтгача йўқ эди.

Абдурасул Мадиёров ким?

Григорий Гусейновнинг сўзларига кўра, ўтган асрнинг 80-йилларида у Хива хони Саид Абдуллахоннинг жияни — Украинанинг Кривой Рог шаҳрида яшаган Абдурасул Мадиёров билан тасодифан учрашган. «Уч йил давомида Абдурасул билан тез-тез учрашиб турдик, ундан кўп сўрар эдим. У яхши хотира ва ўткир ақлга эга паст бўйли кекса одам эди, қизиқарли ҳикоячи эди», дейди ёзувчи. Абдурасул Мадиёров 91 йил умр кўрган, умрининг охиригача отбоқар бўлиб ишлаган. Ўз кучи билан кичикроқ уй қурган. Уруш пайтида немислар уни ва катта қизини Германияга ишлаш учун олиб кетишган. Урушдан сўнг қайтиб келиб, конда ишлашни давом эттирган.

Роппа-роса юз йил олдин...

Хоразм хонлигининг пойтахти Хивада XVIII асрдан бошлаб, ўзбекларнинг Қўнғирот сулоласи ҳукмронлик қилган. XIX аср охирида Хоразм Россия империяси протекторатлиги остига тушади ва Хива хонлиги деб номланади. Россия империяси қулаганидан сўнг мустақил Хоразмни қайта тиклашга уринишлар бошланди. Хоразмнинг сўнгги ҳукмдори Саид Абдуллахон ҳарбий тўнтаришдан кейин тахтга ўтирди, лекин ҳақиқий ҳокимиятга эга эмаслиги учун узоқ вақт ҳукмронлик қилмади. Чунки бошқарув вазир Жунайдхон бошчилигидаги ҳарбийлар қўлида бўлган. Эҳтимол, кейинчалик айнан шу жиҳат Саид Абдуллахоннинг ҳаётини сақлаб қолгандир.

1919 йилнинг кузида Москвада советлар ҳукумати томонидан Хива хонини ағдариш ҳақида қарор қабул қилинган ва Хоразмга Қизил армия қисмлари юборилган. 1920 йил январь ойида Жунаидхон лашкарлари советлар томонидан яксон қилинади. Унинг ўзи Афғонистонга қочиб кетади. Хива хони Саид Абдуллахон ва унинг оиласи Бутунроссия фавқулодда комиссияси (Всероссийская чрезвичайная комиссия — ВЧК) томонидан ҳибсга олинади. 2 февраль куни совет ҳукумати босими остида у расман тахтдан воз кечган.

Хон ва унинг оиласи устидан қисқа суд жараёни 1920 йил ёзида бўлиб ўтади. Ҳукмга кўра, Саид Абдуллахон ва унинг тахтига ворислик қилиш ҳуқуқига эга бўлган эркак қариндошлари Хоразм Халқ Совет Республикасидан бадарға қилинади. Барча мол-мулки — пуллари, қимматбаҳо буюмлари, уйлари, ерлари мусодара қилинади. Саид Абдуллахон билан унинг уч ўғли (кенжа Саид Абдулла, Раҳматулла, Ёқуб Юсуф), акаси Муҳаммадёр ва 4 жияни (Абдурасул, Мадёр, Носир, Ибодулла) ҳам сургун қилинганлар.

Хон қандай ўлим топган?

Хон ва қариндошларининг кейинги ҳаёти ҳақидаги тарихий маълумотлар жуда кам. «Шарқдан эсган шамол» китоби муаллифи маълумотига кўра, бадарға қилинганлар дастлаб Хивадан Тошкентга келтирилади. Кейин Россиянинг Самара шаҳрига, у ердан Москва областидаги тутқунлар лагерига ўтказилишади. 1922 йил 12 февралда Саид Абдуллахон ва унинг қариндошлари кутилмаганда озод қилинади. Улар Украинанинг Днепропетровск вилоятидаги Верховцево қишлоғидан қўним топишади. Маҳаллий совхозда ишлаб, отбоқарлик қилишади. 1924 йили Абдурасул Мадиёров милиция мактабига ўқишга киради. Қолганлар эса Кривой Рог шаҳридаги темир рудаси конига жўнатилади. Қўлида на бир ҳунари бор ва на маҳаллий тилни билган хиваликлар энг оддий ишларга қўйилади. Хусусан, Саид Абдуллахон шахтага қоровул бўлиб ишга киради, қолганлар отбоқарлик қилишади.

1925 йили Хоразмдан собиқ хон оиласининг қолган аъзолари қашшоқликда, тиланчилик қилиб яшаётгани ҳақида нохуш хабарлар келади. Шундан сўнг, бадарға қилинганлар Хивага қайтишни сўраб, Давлат сиёсий бошқармасига (ГПУ) мурожаат қилишади. Аммо совет ҳукумати «аҳоли қатламларига таъсир қилиши мумкин» деган сабабни кўрсатиб, хон оиласи ватанига қайтишига рухсат бермайди. 1926 йили Абдурасул Мадиёров милиция мактабини ташлаб, қариндошлари олдига қайтиб келади.

1930-йилларда собиқ иттифоқнинг барча ҳудудларида, жумладан, Украинада ҳам мисли кўрилмаган қаҳатчилик ва оммавий очарчилик бўлиб ўтади. Бундай оғир синовларни кўтара олмаган кекса Саид Абдуллахон дизентерия билан касалланиб, кончилар шифохонасига ётқизилади ва бир ойдан сўнг ҳаётдан кўз юмган. Хоразмнинг собиқ ҳукмдори 62 ёшида кончиларнинг қабристонига кўмилади. Унинг қабри вақт ўтиши билан йўқолиб кетган ва ҳозирда ҳам қаердалиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Тиланчилик, хорлик, тақиқ

Хоннинг яқин қариндошлари ҳаёти бундан ҳам фожиали кечди. Унинг акаси Муҳаммадёр сургун қилинган пайтда 70 ёшли кекса эди. У ишлай олмади ва оммавий очлик бошланганидан кейин тиланчилик қилишга мажбур бўлди. Унинг ўғли Ибодулла болалигидан кар эди. Кон атрофидаги маҳаллий бозорда тиланчилик қилиб юрганида тасодифан юк машинаси босиб кетиб ҳалок бўлган.

1933 йилда, хон вафот этганидан сўнг унинг қариндошларига Ўзбекистонга қайтишга ижозат берилади. Саид Абдуллахоннинг ўғиллари — Раҳматулла ва Юсуф Ёқуб Тошкентга кўчиб боришади. Акаси Муҳаммадёр 1936 йилда Тошкентда вафот этди. Хоннинг яна бир ўғли Саид Абдулла украиналик рафиқаси билан урушдан олдин Ўзбекистонга кўчиб ўтиб, бу ерда таржимон бўлиб, кейинчалик эса геолог-разведкачи бўлиб ишлаган. 1941 йилда у бир кишини машинада уриб юбориб, беш йилга сургунга ҳукм қилинган. 1960 йилларнинг бошларида вафот этган.

Қайд этиш жоизки, хон авлодига совет иттифоқининг исталган жойида яшашга рухсат берилган, аммо Хивага қайтиш тақиқланган. Хоннинг Украинада оилали, бола-чақали бўлган бошқа қариндошлари Кривой Рог шаҳрида қолиб кетишган.

Григорий Гусейновнинг ёзишича, Абдурасул Мадиёров умрининг охирида, 1990 йили қисқа муддатга Хивага саёҳат қилиб, машҳур аждодларининг қабрларини зиёрат қилади. 70 йилдан кейинги бу зиёрат охиргиси бўлиб қолди. Абдурасул Мадиёровнинг авлодлари ҳозирги вақтда ҳам Украинада яшамоқдалар.

Қудрат МАШАРИПОВ,

Урганч давлат университети тарих кафедраси доценти.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш