Карантин режими вақтида

Карантин режими вақтида фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан келиб тушаётган савол ва мурожаатларларга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири матбуот котиби, Вазирнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Саодат Боймирзаева  жавоби:

1. Савол: Мен бир нафар фарзандимга 2 ёшгача бериладиган нафақа ҳамда яна бир нафар фарзандимга 14 ёшгача бериладиган нафақа пуллари олиб келмоқдаман. Аммо шу йилнинг июн ойида нафақа бериладиган муддат тугади. Карантин сабабли кейинги муддат учун зарур ҳужжатларни қайта топшира олмадим. Энди менга нафақа берилмайдими?

Жавоб: Юртимиз бўйлаб жорий қилинган карантин муносабати билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш учун давлатимиз томонидан қатор чоралар кўриб келинмоқда. Жумладан, сиз таъкидлаб ўтган нафақалар бериш бўйича ҳам аҳолига қатор қулайликлар жорий этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978-сонли Фармонининг тегишли бандларга кўра, жорий йилнинг март — июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаш уларни тўлашни янги муддатда давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга танаффуссиз давом эттирилади.

Бу ҳолатни сизни мисолингизда шарҳлайдиган бўлсак, агар фарзандларингиз учун олаётган нафақа пулларини бериш муддати жорий йилнинг июнь ойида тугаган бўлса, сиз фуқаролар йиғинига ҳеч қандай ҳужжат топширмайсиз. Аввал топширган ҳамда шу вақтга қадар ҳуқуқий асос бўлиб келган ҳужжатларингизнинг амал қилиш муддати танаффуссиз яна 6 ойга чўзилади.

Бу ўринда шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, агар фарзандларингиз шу муддат давомида нафақа бериш учун белгиланган ёш чегараси, яъни 2 ва 14 ёшга тўлган тақдирда, бу нафақалар бериш тўхтатилади.

2. Савол: Мен Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманида яшайман. Яқинда бир бахтсиз ҳодиса туфайли турмуш ўртоғим вафот этди. Шу вақтга қадар турмуш ўртоғимнинг кунлик даромади ҳисобидан яшаб келаётган эдик.

Қўшниларимнинг айтишига қараганда, қорақалпоғистонлик ёлғиз аёлларга маҳалла томонидан пул берилар экан. Шу ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?

Жавоб: Албатта, давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик тамойилларидан бири сифатида амалиётга жорий этилган мазкур ғамхўрликдан нафақат қорақалпоғистонлик, балки Хоразм вилоятида яшаётган юртдошларимиз ҳам фойдаланишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 мартдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 165-сонли қарор билан тасдиқланган Низомда бу борадаги барча зарур ҳуқуқий асослар келтириб ўтилган. Аввало, шуни айтиб ўтиш жоизки, мазкур қарор Оролбўйи минтақасида яшайдиган кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган бўлиб, бир марталик моддий ёрдам фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида яшовчи фуқароларга берилиши назарда тутилган.

Хўш, бу бир марталик моддий ёрдам қайси аҳоли тоифаларига берилади?

— ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз фуқаролар ва пенсионерларга, боқувчиси ногирон бўлган оилалар ва бошқа кам таъминланган аҳоли тоифаларига ва оилаларга;

— I гуруҳ ногирони бўлган ёки оғир касалга чалинган фуқароларга;

— ўлим оқибатида ягона боқувчисини йўқотган оилаларга;

— ногирон бола ёки I ёки II гуруҳ ногирони бўлган, молиявий харажатларни талаб этадиган жарроҳлик аралашуви ёки беш ойдан кўпроқ вақт давомида амбулаторияда даволаниши зарур бўлган оғир касалликка чалинган бошқа оила аъзосига қараб турган тўлиқ бўлмаган оиланинг ота-оналарига;

— ота-оналардан бири I ёки II гуруҳ ногирони бўлган, иккинчиси эса иш фаолиятини тўхтатган ҳолда беморга қарашга мажбур бўлган ёки иккала ота-она ҳам I ёки II гуруҳ ногирони бўлган икки нафар ва ундан кўп фарзандли тўлиқ оилаларга.

Сиз мазкур турдаги ижтимоий ёрдамни олиш учун ўзингиз яшаб турган фуқаролар йиғинига ўрнатилган тартибда мурожаат қилишингиз зарур. Фуқаролар йиғини қошидаги ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссияси мазкур мурожаатингизга асосан, сизга бир марта бериладиган моддий ёрдамни тайинлаш ҳамда оилангиз тушган ҳаётий вазиятнинг мураккаблигини инобатга олган ҳолда унинг аниқ миқдори ҳақида  қарор қабул қилади ёки тегишли хулоса беради.

Низомда ижтимоий ёрдам кўрсатиладиган бошқа аҳоли тоифаларидан фарқли ўлароқ, ўлим оқибатида ягона боқувчисини йўқотган оилаларга уч ой муддат мобайнида моддий ёрдам кўрсатиш лозимлиги белгилаб қўйилган.

3. Савол: “Фахрий мураббий” ордени ҳақида маълумот бериб ўтсангиз: у кимларга берилади, ҳозирга қадар нечта одам бу мукофотга лойиқ кўрилди?

Жавоб: “Фахрий мураббий” ордени Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 9 июндаги “Фахрий мураббий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонунига кўра таъсис этилган.

Мазкур Қонун билан тасдиқланган “Фахрий мураббий” ордени тўғрисида”ги Низом талабларига кўра:

— ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларни ёт ғоялардан асраш, адашганларни тўғри йўлга қайтариш, ёш авлод вакилларида фаол фуқаролик позицияси ва мафкуравий иммунитетни, ташаббускорлик, фидойилик ва ахлоқий фазилатларни шакллантиришга муносиб ҳисса қўшган;

— ўзининг чуқур билими ва бой ҳаётий тажрибаси билан ёрдамга муҳтож ҳамда оғир аҳволга тушиб қолган ёшлар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш ҳамда тадбиркорликка ўргатиш, бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида барчага шахсий намуна кўрсатиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мазкур орден билан мукофотланади.

«Фахрий мураббий» ордени билан мукофотланган юртдошларимиз базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, қонун ҳужжатларида белгилаб ўтилган бошқа имтиёзлардан ҳам ўрнатилган тартибда фойдаланади.

“Фахрий мураббий” орденини таъсис этиш тўғрисидаги Қонун талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2020 йил 10 июндаги тегишли кўрсатмасига мувофиқ, ҳозирда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Ички ишлар вазирликларининг масъул ходимларидан таркиб топган Ишчи гуруҳ мукофотга номзодларни аниқлаш ва топшириш борасида иш олиб бормоқда.

Давлатимиз Раҳбарининг 2020 йил 28 февраль куни Тошкент шаҳрининг Яшнабод ва Мирзо Улуғбек туманларига ташрифи давомида билдирган таклифларига мувофиқ, “Фахрий мураббий” ордени билан мукофотланганларни тақдирлаш ҳар йили “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” байрами арафасида ўтказилиши режалаштирилган.

4. Савол: Хотин-қизларни моддий томондан қўллаб-қувватлаш борасида Вазирлик томонидан қандай аниқ амалий ишлар олиб борилмоқда, қандай ташаббуслар режалаштирилган?

  Жавоб: Хотин-қизларни моддий қўллаб-қувватлаш борасидаги барча ташаббуслар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги таркибидаги Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бу жараёнларни шартли равишда 3 қисмга бўлишимиз мумкин. Булар:

  • Хотин-қизлар тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;
  • Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни арзон-уй-жойлар билан таъминлашга кўмаклашиш;
  • Ногиронлиги бор хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш.

Хотин-қизлар тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4235-сонли қарорига асосан, уларга 6 ойлик имтиёзли даврни ўз ичига олган 3 йилдан кам бўлмаган муддатга кредитлар ажратилиши йўлга қўйилган. Бунинг учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 100 миллиард сўм миқдоридаги кредит ресурс маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.

Ҳозирги кунда мазкур мақсадлар учун Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат “Халқ банки”га 42 млрд ҳамда “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкига 25 млрд сўм маблағлар Жамғарма томонидан кредит ресурслари учун ажратиб берилди.

Бу каби кредитлар кимларга берилади?

Бунинг учун Маҳалла ва оила қўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган хотин-қизларга ёзма тавсияномалар берилади ҳамда мазкур тавсияномалар орқали банклар томонидан ўрнатилган тартибда кредитлар ажаратилади.  

Кредитнинг энг кўп миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан ошиб кетмаслиги керак.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида йўналтириладиган мазкур кредит маблағларни қуйидаги мақсадлар учун ажратиш кўзда тутилмаган:

 — илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;

— алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

— чорвачиликни ривожлантириш;

— шахсий автомобил сотиб олиш;

— маъмурий харажатларни тўлаш, жумладан, хизмат автомобиллари таъминоти, мебель, алоқа хизматлари тўлови ва уяли телефон сотиб олиш, шунингдек, амалдаги қонунчилик ва Марказий банк томонидан ўрнатилган қоидаларга кўра тақиқланган фаолият турлари.

Энди бевосита хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш борасида ишларга ўтсак.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сонли қарорига кўра, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари қошидаги махсус комиссия ҳудуддаги оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ҳамда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларнинг аризасига мувофиқ, уларнинг манзилли рўйхатини шакллантиради ҳамда уларга зарур ёрдам кўрсатиш бўйича ўрнатилган тартибда иш олиб боради.

Жорий йил туман (шаҳар)лардаги махсус комиссия танловидан ўтган 1586 нафар хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди ҳамда уларга ажратилган арзон-уй-жойларнинг 10 фоиз миқдоридаги бошланғич бадалини тўлаб бериш учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан 34 млрд 225 млн ажратилган.

Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикасидаги 96 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг арзон уй-жойлар олиши учун Жамғарма томонидан 1 млрд 500 млн сўм миқдорида бошланғич бадаллар тўлаб берилди. Шунингдек, қолган ҳудудлар бўйича белгиланган ишлар босқичма босқич амалга оширилмоқда.

Жорий йил мамлакатимиздаги 5 579 нафар ногиронлиги бор хотин-қизларни 3 млрд 600 млн сўмлик 2 250 та ногиронлик аравачаси, 2 млрд 171 млн 200 минг сўмлик 1 357 та эшитиш мосламаси, 2 млрд 70 млн 600 минг сўмлик 1 972 та реабилитация воситалари билан таъминлаш кўзда тутилган.

Мазкур мақсадлар учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумий ҳисобда 7 млрд 841 млн 800 минг сўм ажратиш режалаштирилмоқда.

Хайрулло Абдураҳмонов тайёрлади

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш