Республика махсус комиссияси АХБОРОТИ

Ўзбекистонда жорий этилган карантин чекловлари жорий йилнинг 15 августига қадар узайтирилди.

Карантин чекловлари амал қиладиган даврда қуйидагиларга қатъий этибор қаратиш белгиланди:

а) давлат органлари ва ташкилотларига:

ходимларини хатловдан ўтказган ҳолда, иш жойига фақатгина зарур бўлган мутахассисларни бевосита жалб этишга рухсат берилганини инобатга олиб, қолган ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқаришни ёхуд масофадан туриб (онлайн) ишлашини ташкил этишга тўлиқ риоя этилишини таъминлаш;

ходимларини вақтинчалик хизмат сафарига юборишни тўхтатиш;

йиғилишларни фақатгина онлайн тарзида ташкил этиш;

ходимлар орасида коронавирус билан касалланганлар мавжуд бўлган тақдирда, улардан хабар олиш, даволаниш мақсадида зарур дори воситалари ва буюмларни харид қилиш учун ходимнинг шароитини инобатга олган ҳолда, моддий ёрдам ажратиш;

б) фуқароларга:

тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказмаслик;

жамоат жойларида, кўча, майдон ва маҳаллаларда уч кишидан ортиқ тўпланмаслик, қатъий ижтимоий масофани сақлаш (2 метр), тиббий ниқоблар ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш;

 ёши катта ва муайян турдаги касаллиги (қандли диабет, метоболик синдромлари, аутоимун касалликлари, қон, юрак, томир касалликлари, онкологик касалликлар ва б.) мавжуд фуқароларга коронавирус касаллиги кучли таъсир кўрсатишини инобатга олиб, 65 ёшдан ошган фуқароларни “ўзини ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилди.

Қуйидаги фаолият турларини тўхтатиш бўйича чеклов жорий йилнинг 15 августига қадар узайтирилди:

парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар;

буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар;

спорт заллари, фитнес клуб, тренажер, бассейнлар;

умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона);

мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар;

санаторийлар (короновирус инфекциясидан даволанган ва реабилитация ўтаётган беморларга тиббий ёрдам ташкил этиладиган санаторийлардан ташқари), пансионатлар, болалар оромгоҳлари, хостеллар, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш масканлари;

сартарошхона ва гўзаллик салонлари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситалари, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно).

Шунингдек, жорий йил 31 июль, 1-2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати ТЎЛИҚ ТЎХТАТИЛАДИ.

Шу билан бирга, фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, тест ва қон топшириш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон соғлиғига ва ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун махсус рухсатномалар талаб этилмаслиги белгиланди ва шу муносабат билан мутасаддиларга мазкур ҳолатларда фуқароларнинг автотранспорт воситалари ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслик, зарур ҳолларда фуқароларни манзилига етказишда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан аниқ кўрсатма берилди.

Мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Мамлакатдаги эпидемиологик вазият оғирлашганлиги муносабати билан, шунингдек, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида ҳамда эпидемиологларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда, жорий йилнинг 31 июль, 1-2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари қуйидагилар тавсия этилади:

аҳолига — «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш;

давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга — ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш.

Шу билан бирга йирик тадбиркорлик субъектларига карантин чекловлари амал қилган даврда тегишли ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва савдо объектларида санитария-гигиена ва эпидемиологик талабларга риоя этилиши учун масъул бўлган ходим белгилаш тавсия этилади.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан Уй шароитида карантинни ташкиллаштириш тартиби тўғрисида услубий кўрсатма ҳам тасдиқланди.

Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда коронавирус инфекцияси енгил, ўртача оғир ва оғир ўтаётган беморларни даволаш стандартлари тасдиқланиши ҳамда фуқароларга тавсия этиладиган дори воситаларининг ягона рўйхати шакллантирилиши белгиланди.

Шу билан бирга коронавирус инфекциясига қарши кураш самарадорлигини ошириш мақсадида:

 республикадаги барча дорихоналарни зарур дори воситалари билан таъминлаш ҳамда дорихоналарда дори воситаларининг нархлари барқарорлигини таъминлаш;

коронавирус инфекциясини даволашга мўлжалланган шифохоналарни кислород билан таъминланган ҳолда шайлигини тайёрлаш;

коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни клиник белгиларига асосан тест жавобларини кутмасдан тиббий ёрдамни ташкил қилиш бўйича зарур чоралар белгиланди.

Мутасаддиларга коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни шифохонага жойлаштиришнинг аниқ ва шаффоф мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда беморларни шифохонага жойлаштиришда ушбу мезонларга қатъий амал қилиш устидан аниқ топшириқлар берилди. Бунда, қандли диабет, онкологик, юрак қон-томир, аутоиммунлик кассаликлари, метаболик синдроми мавжуд ҳамда 55 ва ундан юқори ёшдаги беморларни биринчи навбатда шифохонага жойлаштирилиши белгиланди.

Шу мақсадда коронавирус билан касалланганларни даволаниш учун жойлаштириш муассасаларининг захирасини тайёрлаш ҳамда фуқароларни тўғри тақсимлаган ҳолда жойлаштириш мақсадида барча ҳудудларда махсус тақсимлаш марказлари фаолияти ташкил этилмоқда.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда Тошкент шаҳри тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар ҳамда ушбу инфекция тасдиқланган беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларни амбулатор даволашга ихтисослашган «махсус поликлиникалар» фаолияти йўлга қўйилади.

Фуқароларга қулайлик яратиш, шунингдек, уларга малакали тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатишни таъминлаш мақсадида «махсус поликлиникалар» ва махсус тақсимлаш марказларининг туну кун фаолият кўрсатиши белгиланди. 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини коронавирус пандемияси даврида карантин талабларига мувофиқ ўтказиш тўғрисидаги баёноти маълумот учун қабул қилинди ва маҳаллий ҳокимликларга тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш топшириғи берилди.

Фуқароларга Қурбон ҳайитининг карантин талабларига мувофиқ, уй шароитида, оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона, тартибли ҳамда халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш тавсия этилди.

Юқоридагилардан ташқари Республика махсус комиссиясининг қарори билан ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларининг фаолиятини жадаллаштириш, шунингдек, таъминот манбаи бўлмаган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, боқувчисидан ажралган, оғир касаллари бор, кўп болали, ижтимоий нафақаси реал эҳтиёжларини қопламайдиган ва ундан бошқа даромад манбаи бўлмаган, ота-оналаридан бири ёки иккиси ҳам ногирон бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Коронавирус пандемияси даврида тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ходимлари ва бошқа ходимларга қонун ҳужжатларида тўланиши назарда тутилган қўшимча тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб берилишини таъминлаш ва назорат қилиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди ва унинг вазифалари белгилаб берилди.

Манба:@koronavirusinfouz

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш