Коррупцияга қарши кураш агентлиги коррупцияни йўқота оладими?

Ахборот технологиялари ривожланган бугунги даврда ижтимоий тармоқларда турли масалаларда фаол муҳокамаларга гувоҳ бўламиз. Хусусан, коррупция ҳолатларига нисбатан очиқ ва кескин фикрлар билдирилади. Лекин шундан бирон фойда бўлаяптими? Рости, баъзан бу "тош"лар ҳавога отилаётгандай бўлиб туюлади. Чунки ҳамон бу борада жамоатчилик томонидан қўйилаётган кўплаб саволларга асосли жавоб берилгани йўқ. Фақат кўнгилга таскин берадигани, давлат миқёсида соҳага оид бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиняпти, янги тузилмалар ташкил этилаётир. Шуниси муҳимки, уларда кўзда тутилган вазифаларда коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини оширишга алоҳида урғу берилмоқда. Аслида бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Дунё тажрибасида бу борада жамоатчилик иштироки муҳим ўрин тутиши барчага маълум. Фақат гап шундаки, ҳолва деган билан оғиз чучимайди, деганларидек, оддий одамларнинг, халқнинг фикри давлат идораларида мустаҳкам ўрнашган бир гала ўғрию талон-торожчиларга зарба бера оладими, у билан биров ҳисоблашадими ўзи? Уни таъсирчан кучга айлантириш учун нималар қилиш керак ва шунда қандай натижага эришилади? Умуман олганда, таъсирчан жамоатчилик назорати коррупцияга қарши курашишда қай даражада муҳим?

Асосий вазифа — биргаликда фаолият самарадорлигига эришиш

Мамлакатимиз дунёдаги коррупция даражасини ўрганувчи Transparency International халқаро ташкилоти индексида охирги уч йилда 12 поғонага кўтарилган бўлса-да, бу иллатдан қутулиш учун ҳали анча-мунча иш қилиш кераклиги сир эмас. Юртдошларимизнинг фикрича, соғлиқни сақлаш, таълим, банк, божхона, суд, прокуратура, ички ишлар, коммунал хизмат соҳаларида, шунингдек, фуқароларни ишга қабул қилишда коррупция кенг тарқалган. Мисол учун, таҳлилларга кўра, соғлиқни сақлаш тизимидаги харажатларнинг 25-30 фоизи самарасиз сарфланмоқда. Кўплаб соҳаларда давлат харидларини амалга ошириш тизими очиқ-ошкора эмас.

— Давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида «кўприк» вазифасини бажарувчи жамоатчилик назорати коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим омилга айланмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси коррупцияга қарши курашиш илмий таълим маркази бошлиғи Баҳодир Исмоилов. — Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида биринчи маротаба коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратиш ишларига фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакилларини ҳам кенг жалб этиш зарурлиги асослантирилди. Фармонга асосан ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш Агентлигининг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири вазирлик ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини ташкил этиш этиб белгиланди. Янги ташкил этилган Агентлик фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда турли соҳалар кесимида коррупциянинг даражасини баҳоловчи Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузиш амалиётини йўлга қўйиши кутилмоқда.

Барча ҳолатлар оммага ошкор қилинади

— Кутилаётган энг катта ўзгаришлардан бири агентлигимиз жамоатчилик билан иш олиб боради, — дейди Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурҳонов. — Фуқаролар билан алоқа ўрнатиш имконини берувчи платформа ишга туширилади. Коррупция билан боғлиқ қандай ҳолатлар бўлса, бизга мурожаат қилишлари мумкин, биз тезкор чораларни кўрамиз. Яъни фаолиятимиз фақатгина жиноий таъқиб билан шуғулланишдан иборат эмас. Мақсадимиз – катта бўладими, кичикми, ҳар қандай даражадаги коррупцияни аниқлаш. Даромадларни декларациялаш, ҳокимларнинг хатти-ҳаракатлари, давлат харидлари бўйича назорат юритилади.

Афсуски, ҳозиргача давлат бюджетидан пул ўзлаштириш ҳолатлари ҳатто коррупция дейилмаган. Охирги олти ой-бир йилда катта масштабдаги давлат харидлари ёки давлат томонидан молиялаштирилган объектлар бўйича ҳолатларни кўрдик. Бу ишлар жамоатчиликка ошкор қилиниши керак. Энг кичик ишларгина ОАВ орқали кўрсатилиб, катта жиноятлар кўрсатилмаган. Биз жиноятни катта-кичиклигидан қатъи назар процессуал тартиб-қоидаларга амал қилган ҳолда оммага ошкор қилинишини таъминлаймиз.

Очиқлик ва шаффофлик — муҳим мезон

— Хорижий давлатларда коррупцияга қарши кураш соҳасида жамоатчилик назорати асосан очиқ ҳукумат доктринасига таянади, — дейди Баҳодир Исмоилов. — Мазкур доктринанинг муҳим шарти бошқарувдаги шаффофликнинг зарурлигини эълон қилиш ва уни асослаш, жамоатчилик назоратининг жамият ҳаётининг энг долзарб масалалари, шу жумладан оммавий ҳамда хусусий ҳуқуқда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш имконини берувчи тартиб-таомилларни ишлаб чиқиш ва фойдаланишни таъминлаш мажбуриятидир.

Сўнгги ўн йилликда хорижий мамлакатларда ҳам коррупцияга қарши кураш мақсадида очиқ ҳукумат институтларни жорий этиш нуқтаи назаридан аҳоли томонидан амалга ошириладиган турли жамоатчилик назорати шакллари ишлаб чиқилди. Жумладан, давлат органларининг йиғилишларида қатнашиш ҳуқуқи, турли даражадаги норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар лойиҳалари бўйича давлат органларига таклифлар киритиш ҳуқуқи, жамоатчилик эшитувлари, жамоатчилик фикрини ўрганиш, маҳаллий референдумларда иштирок этиш ҳуқуқи ва петициялар орқали мурожаат қилиш ҳуқуқи шаклида мустаҳкамланган.

Маълумки, ижро ҳокимияти органлари томонидан очиқ мажлисларни ўтказиш амалиёти янгилик эмас. Хусусан, АҚШда 1976 йилдаёқ «Қуёш нуридаги ҳукумат тўғрисида» (“Government in the Sunshine Act”) номланган Қонун қабул қилинган. Қонун давлат органларида янада шаффофликни таъминлаш мақсадини эълон қилиб, федерал ҳукумат, Конгресс, федерал комиссиялар ва бошқа қонун билан тузилган федерал органлар (агентликлар)га жамоатчилик иштирок этиши мумкин бўлган очиқ мажлисларни ўтказиш мажбуриятини мустаҳкамлаган.

Умуман олганда, ривожланган демократик давлатларда очиқ ҳукумат институтлари турли шаклларда ўз ифодасини топган.

ННТлар расмиятчиликдан ортмаяпти

Маълумки, жамоатчилик назорати ҳақида гап кетганда, мамлакатимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари чиройли сўзларни қалаштириб, ўзларини бу борада фаол қилиб кўрсатишга уринишади. Аслида ҳукумат топшириқларини "лаббай" деб бажаришга одатланган мазкур тузилмалар чинданам жамоатчилик фикрини ифода этишяптими? Афсуски, бу саволга "ҳа" деб жавоб беролмаймиз. Бугунги кунда юртимизда фаолият юритаётган 10 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва фаоллиги сезилмаяпти. Чунки бу ташкилотлар манфаатларини ифода этувчи, давлат билан кўприк вазифасини бажарувчи яхлит тизим йўқ.

Ҳозирда жамоатчилик билан ишлаш тизими жойларда ва соҳаларда халқимизни қийнаётган масалаларни давлат миқёсига олиб чиқиб, ҳал қилишда натижа кўрсата олмаяпти. Кўп нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти расмиятчиликдан иборат бўлиб қолмоқда. Демак, бу бўшлиқни бартараф этиш хусусида чуқурроқ ўйлаб кўришга тўғри келади.

Кўриниб турибдики, коррупцияга қарши курашда давлат ўз ҳолича, жамоатчилик вакиллари ўз ҳолича ҳаракат қилиб кутилган натижага эришиши мушкул. Бунинг учун, энг аввало, мамлакат раҳбариятининг мазкур масалада қатъий иродаси талаб этилади. Соҳада қўйилаётган қадамлар эса жиддий ўзгаришларга умид уйғотяпти. Шундай бўлганда, жамоатчилик назорати коррупцияни енгишда таъсирчан ва ҳал қилувчи кучга айланишига шубҳа йўқ.

Тўлқин ШЕРНАЕВ

"Mahalla"

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш