Карантин шароитида қандай қурбонлик қилишимиз мумкин?

Карантинда қурбонлик қилишда баъзи қийинчиликлар бўлмоқда. Бундай вазиятда қурбонлик қилишни қандай қулай йўллари бор?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳозир юртимизда карантин давом этаётгани ва айни қурбонлик кунларида транспорт ҳаракати чеклангани сабабли қурбонлик қилишда баъзи қийинчиликлар бўлиши табиий.

    Қурбонлик вожиб бўлган юртдошларимиз имкон қадар қўй сотиб олиб, қурбонлик қиладилар. Бунинг иложи бўлмаса, қўй топа оладиган бирор кишини топиб, уни сотиб олиш ва қурбонлик қилишга вакил қиладилар. Чунки Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ўринбосар қилиш жоиздир. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил қурбонликни ният қилиши кифоя қилади. Сотиб олишда нархи келишилса кифоя, пулини насия ҳам қилиш мумкин. Телефон ёки бирор восита орқали бирор кишини “мени номимдан қурбонлик қилгин” деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади.

    Ҳанафий мазҳабига кўра бой (яъни, нисоб миқдорига эга) кишиларнинг қурбонлик қилиши вожибдир. Бунинг устига қурбонлик ибодати қон оқизишга боғланган бўлиб, қийматни садақа қилиш билан адо бўлмайди. Бу ҳақда аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

«Бир киши қурбонлик кунларида қўйнинг ўзини ёки қийматини садақа қилса, қурбонлик ўрнига ўтмайди. Чунки қурбонликнинг вожиблиги қон оқизишга боғлиқдир. Асл қоида шуки, агар вожиблик айни бир ишга боғлиқ бўлса, унинг ўрнига бошқаси ўтмайди...» (“Бадоеъус саноеъ” китоби).

     Қурбонлик қилиши вожиб бўлган, бой киши қурбонлик кунларида жонлиқ сўя олмаса-ю, қурбонлик кунлари ўтиб кетса, қазоси учун ўртача қўйни қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Аммо фақир киши қурбонлик учун жонлиқ сотиб олиб, уни қурбонлик кунларида сўёлмаган бўлса, қазоси учун жонлиқни тирик ҳолида садақа қилади. Лекин, бундай садақа қилиш билан ўз вақтида сўйилган қурбонликка ваъда қилинган савобга эришилмайди.

     Қурбонлик гўштини тақсимлаш ва тарқатишга келсак, ушбу амал шариатимизда мустаҳаб амал ҳисобланади. Бугунги эпидемиологик талаблар қатъий белгиланган бир пайтда вазиятдан келиб чиқиб, гўштни тарқатиш айнан ҳайит кунларида бўлиши шарт эмас. Балки, кейинчалик ҳам тарқатилиши мумкин. Вакил орқали узоқроқ жойда қурбонлик қилдирганлар, хоҳласалар ўша жойда тарқатишлари ҳам жоиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво ҳайъати.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш