Ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларидан кимлар ёрдам олиши мумкин?

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари қошида ташкил этилган Ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари фаолияти ҳамда соҳага оид бошқа

САВОЛЛАРГА ЖАВОБЛАР

 

Савол: Ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари республикамизнинг қайси ҳудудларида ташкил этилган ҳамда мазкур марказларнинг иш фаолияти қандай йўлга қўйилган?

 

Жавоб: Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 10 июлдаги 35-сон йиғилиш баёни 5-бандига асосан, жорий йилнинг 13 июль кунидан бошлаб Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида мамлакатимиздаги барча ҳудудлар — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва улар таркибидаги туман (шаҳар)лар ҳамда Тошкент шаҳрида жами 203 та Ҳомийлик хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари ташкил этилди.

Мазкур марказлар барча зурур техник жиҳозлар ва алоқа тизимлари билан таъминланган махсус биноларга жойлаштирилган. Шунингдек, аҳоли манзилларига ижтимоий ёрдам маҳсулотларини етказиб бериш учун марказларга зарур автотранспорт воситалари ажратилган. Кўнгиллилардан иборат волонтёрлар гуруҳларининг фаолият олиб боришлари учун керакли ҳимоя воситалари – тиббий комбинезон, тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплар билан тўлиқ таъминланган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармаларида Ишчи штаблари ташкил этилган бўлиб, уларнинг вазифаси ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларига келиб тушган мурожаатларнинг таҳлилини юритиш, амалга оширилган ишларни умумлаштириш ва  мониторингини юритишдан иборат.

Аниқроқ айтганда, келиб тушаётган мурожаатлардаги маълумотлар асосида қайси маҳалладаги нечта оилага озиқ-овқат маҳсулоти етказиш, қайси оилага яна қандай қўшимча ёки бошқа турдаги маҳсулот зарурлиги, ҳудуддаги барча эҳтиёжманд аҳоли манзилларини бирдек қамраб олиш каби муҳим жараёнларни таҳлилий мониторингини олиб боради ҳамда бу ҳақида ҳар кунлик ҳисоботларни вазирликка тақдим этади.

 

Савол: Озиқ-овқат маҳсулотлари асосан кимларга берилади? Юртимиздаги ҳар бир оила бу марказларга мурожаат қилиб ёрдам олиши мумкинми?

 

Жавоб: Бу ҳақида аввалги учрашувларимизда батафсил маълумот бериб ўтган бўлсакда, яна қайта тўхталиб ўтишимиз мумкин.

Республика махсус комиссиясининг юқорида келтириб ўтилган 35-сонли йиғилиш баёнида қуйидаги эҳтиёжманд аҳоли тоифаларига ижтимоий ёрдам маҳсулотлари етказиб бериш назарда тутилган:

— таъминот манбаи бўлмаган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, боқувчисидан ажралган, оғир касаллари бор, кўп болали оилалар;

— ижтимоий нафақаси реал эҳтиёжларни қопламайдиган ва ундан бошқа даромад манбаи бўлмаган оилалар;

— ота-онасининг иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган оилалар;

— ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;

— 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар ёки бева эрлар;

— ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар;

— меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган, бироқ улар ҳеч қаерда ишламайдиган ёки пандемия туфайли даромадидан вақтинча маҳрум бўлган мавсумий ишчи ва зарур ёрдамга муҳтож оилалар.

 

Мазкур тоифага кирувчи ҳар бир юртдошимиз озиқ-овқат ёки дори-дармон маҳсулотлари олиш учун мурожаат қилишлари мумкин. Бу мурожаатларга асосан, уларга ўз вақтида зарур ижтимоий ёрдамлар етказиб берилади.

 

Савол: Фуқаролар томонидан қилинаётган мурожаатларнинг аниқ таҳлили мавжудми? Уларнинг барчасига зарур маҳсулотлар етказиб берилдими?  

 

Жавоб: Бугунги кунга қадар 1197 қисқа рақам ҳамда Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар, туман ва шаҳарлар марказларида иш олиб бораётган “CALL CENTER” марказлари телефон рақамлари орқали 81 357 та аҳоли мурожаатлари қабул қилинди. Уларнинг 78 808 таси озиқ овқат, 1 030 таси дори-дармон ҳамда 1 519 таси бошқа тур маҳсулотлар бўйича қилинган мурожаатлардир.

 

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 71-203-01-21 ишонч телефони орқали эса жорий йилнинг 14 июлидан 27 июлига қадар юртдошларимиз томонидан қилинган 1 183 та  мурожаат қабул қилинди.

Мазкур мурожаатларнинг барчаси рўйхатга олиниб, ҳомийлик марказларига юборилди.

Жорий йилнинг 14 июлидан 27 июлига қадар қабул қилинган мурожаатлар, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинларида шакллантирилган эҳтиёжманд оилалар рўйхати асосида 194 542 та оилага 20 млрд 684 млн 409 минг сўм миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, 267 млн 544 минг сўм миқдордаги дори-дармонлар тарқатилди.

 

Савол: Ҳозирга қадар ҳомийлар томонидан қанча маҳсулотлар олиб келинди? Ҳар бир оилага берилиши лозим бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг аниқ миқдори борми?

 

Жавоб: Ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларининг мамлакатимиздаги барча филиалларига доимий равишда ҳомийлик маҳсулотлари келиб тушмоқда.

Жорий йилнинг 14 июлидан 27 июлига қадар ҳомийлар томонидан:

- 334 448 литр ўсимлик ёғи;

- 1 136 906 кг. ун;

- 259 062 кг. шакар;

- 297 414 кг. макарон;

- 37 831 кг. мол ва қўй гўшти;

- 57 742 дона товуқ гўшти;

- 517 227 кг. картошка;

- 314 350 кг. пиёз;

- 165 143 кг. сабзи;

- 390 552 кг. гуруч;

- 42 461 кг. қуруқ чой;

- 16 529 кг. дуккакли маҳсулотлар;

- 146 449 решётка тухум;

- 220 736 дона тиббий ниқоб;

- 90 869 жуфт тиббий қўлқоп;

- 21 882 дона антисептик;

- 62 006 дона гигиеник ҳамда

- 90 327 та бошқа турдаги воситалар тақдим этилди. Маҳсулотларга белгиланган санитария қоидалари асосида ишлов берилиб, эҳтиёжманд оилаларга тақсимланмоқда.

 

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан қабул қилинган тегишли буйруққа асосан, бир оилага зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлар жамланмасига 3 кг ун, 3 кг гуруч, 2 кг макарон, 2 литр ўсимлик ёғи, 4 кг картошка, 3 кг пиёз, 2 кг шакар, 1 дона товуқ, 30 дона тухум, 0,5 кг қуруқ чой ва 1 дона кир совуни бўлиши тавсия этилган.

Ушбу озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмасининг ўртача нархи 165 000 сўмни ташкил этади.

 

Савол: Биз 1 августга қадар ўрнатилган карантин чекловларини инобатга олиб ўғлимни уйлантириш учун 8 август куни 30 кишилик тўй қилишни режалаштириб қўйган эдик. Карантин чекловлари муддати энди яна узайтирилди.

Саволим шуки, биз белгиланган тўйни ўз уйимизда 10 кишидан иборат маросим тарзида ўтказишимиз мумкинми?    

 

Жавоб: Республика махсус комиссиянинг жорий йил 26 июлдаги тегишли қарорига асосан, мамлакатимиз бўйлаб карантин чекловлари 15 августга қадар узайтирилди.

Шу муносабат билан бир қатор чекловлар қатори тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказмаслик бўйича ўрнатилган чекловлар ҳам ўз кучида қолдирилди.

Хулоса шуки, сиз тўй ва шунга ўхшаш бошқа маросимларни ҳар қандай шаклда бўлсин ўтказишингиз мумкин эмас.

Шу ўринда карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўрилишини эслатиб ўтамиз.

Хайрулло Абдураҳмонов тайёрлади

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш