ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ: Самарадорлик ва тежамкорлик қандай таъминланади?

Кундалик яшаш тарзимиз ва иш фаолиятимизда энергияга катта эҳтиёж сезамиз. Демак, иқтисодиёт тармоқларини, ишлаб чиқариш субъектларини, хизмат кўрсатиш ва сервис жабҳаларини, миллионлаб аҳолини энергетика билан таъминлаш энг долзарб масалалардан биридир. Мутахассисларнинг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида икки йил давомида энергиядан фойдаланиш самарадорлигини кучайтириш ҳисобидан 3,3 млрд. кВт.с электр энергия ва 2,6 млрд. кубометр табиий газни тежаш режалаштирилмоқда.

Бу кўрсаткичларга эришиш Президентимизнинг жорий йил 10 июлда қабул қилинган “Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорида аниқ-тиниқ белгилаб берилган.

Хўш, “энергия самарадорлиги” деганда нима назарда тутилади? Бу иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш сектори рентабеллиги ва рақобатбардошлигини ошириш, уни тежашнинг муҳим омили бўлиб, бу хавфсизликни таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакатимизни ривожлантиришга жиддий таъсир кўрсатиш билан боғлиқ тушунчадир.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 1 августдан электр энергиясини янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станциялари, микро ва кичик гидроэлектрстанциялардан, шу жумладан, ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олиш бўйича тариф белгиланади. Қарорда саноат кўламидаги қайта тикланувчи энергия манбалари (гидроэлектрстанциялардан ташқари) соҳасидаги лойиҳаларни бажариш учун потенциал инвесторларни шаффоф аукцион (танлов) савдолари орқали аниқлаш вазифаси белгиланган.

Бундан ташқари, 2020 йил 15 июлдан 31 декабргача бўлган даврда учинчи (тунги) сменани ташкил этган маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга фойдаланилган электр энергияси бўйича ҳисоб-китобларда камайтириш коэффициенти қўлланади. Шунингдек, олдиндан тўлов киритиш тўғрисидаги мажбурий талабни 30 фоизгача камайтириш давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналарга татбиқ этилмайдиган бўлди. Қарорда 3,3 млрд. кВт соат электр энергияси, 2,6 млрд. м3 табиий газ ва 16,5 минг тонна нефть маҳсулотларини тежашни назарда тутувчи 2020-2022 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари тасдиқланган.

Қисқасини айтганда, давлатимиз раҳбарининг энергетика соҳасидаги янги қарори  муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу жараённи такомиллаштириш ва модернизациялаш пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Қонунни янгилаш – давр талаби

Яна бир жиҳат: ислоҳотларга қарамай, мамлакатимизда энергия самарадорлиги ва тежамкорлигига тўлиқ эришилаётгани йўқ. Аввало, ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари, кўп сонли истеъмолчилар – аҳолида энергия манбасидан меъёрий даражада ёки амалдаги қонун талаблари бўйича фойдаланиш малакаси шаклланмаган. Айниқса, катта қувват билан ишлайдиган саноат корхоналарида электр энергиясидан унумли фойдаланишнинг аниқ-тиниқ механизми мавжуд эмас. Кўрсатиб ўтилган бу муаммолар энергетика соҳасидаги қонун ҳужжатларини қайтадан кўриб чиқишни тақозо этарди.

“Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг Президентимиз томонидан имзоланишига ана шу зарурат сабаб бўлди. Қонуннинг асосий мақсади — энергетика тармоқларида ҳосил қилинаётган электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада яна ҳам оқилона ва самарали фойдаланишнинг, энергия ресурслари истеъмоли самарадорлиги ва замонавий энергия тежамкор технологияларни жорий этиш хизматларини кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришдан иборатдир. Бунда қайси жиҳатлар муҳим ҳисобланади?

Қонун билан Вазирлар Маҳкамаси ва Энергетика вазирлигининг ваколатлари аниқ белгилаб берилди. Жумладан, қўшимча энергия самарадорлиги кўрсаткичлари бўлиши шарт бўлган товар, иш, хизматлар таркибини белгилаш, энергия самарадорлиги паст бўлган маҳсулотлар мамлакатда ишлаб чиқарилишини ёки импортини чеклаш, давлат органлари ва ташкилотларига энергия ресурсларини иқтисод қилиш, даражасини белгилаш, ундан оқилона фойдаланиш ва самарадорлигини ошириш юзасидан қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича давлат назорати тартибини белгилаш каби нормалар қўшимча қилиб киритилди.

Бундан ташқари, “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун 11¹, 11², 11³-моддалар билан тўлдирилди. Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, Энергетика вазирлиги энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Шунингдек, қонун билан энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат текшируви ва назорати, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий ваколатлари белгилаб берилди. Тегишли манзил доирасида энергиядан оқилона фойдаланишни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, татбиқ этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юкланмоқда.

Хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди

Қонун лойиҳасини тайёрлашда дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибаси ва улардаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрганиб чиқилди. Уларнинг маҳсулот сарфини камайтириш бўйича саноат корхоналари билан ихтиёрий битим тузиш ва уни ҳамкорликда молиялаштириш тажрибаси кенг қўлланилади. Буюк Британия, Япония, Франция, Германия, Украина, Россия ва Қозоғистон давлатларида энергия тежаш ва энергиядан самарали фойдаланиш, энергия сарфини меъёрлаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа йўналишлари бўйича тегишли талаблар ишлаб чиқиш, уларнинг ижроси бўйича жавобгарлик масалаларидаги тўпланган тажрибаси ўрганиб чиқилди.

Ривожланган давлатларнинг тажрибасини Ўзбекистон энергетика тизимига татбиқ этиш мумкин бўлган жиҳатлари умумлаштирилди. Бунга кўра, янги қонун лойиҳасида энергия самарадорлик кўрсаткичларига товар(иш, хизмат)ларнинг мувофиқлиги бўйича мажбурий сертификатланиши тўғрисидаги норма белгиланмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ваколатларига иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш кўрсаткичларини аниқлаш методикаси ҳамда мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлаш, ундан оқилона фойдаланиш ва самарадорлигини ошириш юзасидан қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича давлат назорати тартибини белгилаш каби нормалар ҳам қўшимча қилиб киритилди.

Қонуннинг қабул қилиниши ва унда таклиф этилаётган нормалар мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини, хусусан давлатимизнинг халқаро имиджини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлашга, бизнесда барқарор фойдага эришиш, бюджет тушумларини кўпайтиришга, халқимизнинг реал даромадларини оширишга хизмат қилади.

Носиржон АМИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси.

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш