Орамиздаги одамлар: Муаллима ўз маҳалласига минг доллар туҳфа қилди

Наманганда чоп этилаётган газета таҳририятларидан бирида Қурбон ҳайити арафасида масала кўтарилди. Журналист гепатит хуружидан озор чекаётган турмуш ўртоғига дори етказиб бериши керак. Ҳайитлик учун ойлик маошнинг 25 фоизи миқдорида пластикка тушириб берилган пул дорининг ярим баҳосига ҳам етмайди.

Ойлик маошларига қараб баҳоли қудрат рўзғор тебратаётган босма нашрдагилар бу ҳолни яхши тушунадилар. Бутун ижодий жамоа ҳайит арафасида изтиробли қолди.

Мингбулоқлик “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, “Дўстлик” ордени соҳибаси Раҳима Жўраева газетанинг яқин ҳамкори, жамоатчи мухбири сифатида ижодкорларни табриклаш учун телефон қилди. Икки ўғлонининг бири Германияда,  бири Японияда йирик компанияларда фаолият юритишидан кўпчилик хабардор. Раҳима Жўраева газета ижодкорларини табриклаш асносида кўнгил кўтариш учунми, миннатдорчилик ўрнидами табрик –тилаклари орасида таҳририятдан олган гонорари ҳақида тўхталди:

- Қаранг, газетадан олинадиган гонарар пули барибир хосиятли, баракали-да. Тунов куни таҳририятга борганимда олган гонорарим ярамга малҳамдай бўлганди. Тўғри гап пулим узилиб турган пайтга тўғри келгани учун россаям тотимли бўлувди.

Ўғилларимдан келган пулни Тошкентда қолдириб келганим учун карантин шароитида ё Тошкентга боролмайман, ё пул жўнатинглар, деб ўғилларимга айтолмайман.

Алағда бўлиб турганимда, кетма-кет ўғилларимнинг ўзлари телефон қилиб қолишди. Мавриди билан гонорарнинг баракаси ҳақида ўғилларимга кулиб-кулдириб гапириб бердим. Ақлли, фаросатли йигитлар-да, дарров пул жўнатишди. Уларнинг хоҳишлари билан минг доллар маҳалла фуқаролар йиғини раисига бердим. Кўчаларни обдонлаштиришга ўғилларимнинг ёрдами эканини айтдим.

Битта қўчқор олдириб келиб, қурбонликка атаб турибман. Агар карантин тартиблари бу қадар кучаймаганида қўчқор гўштидан сизларга ҳам етказардим. Айтганча, қулоғимга тушгандай бўлувди, бояги хотини бемор  ходимингизнинг ёрдамга муҳтожлиги йўқми, мабодо?!.

Хуллас, телефондаги суҳбатда ҳолат очиқ айтилди. Раҳима Жўраева дорига етадиган миқдордаги пулни йўловчи машинадан бериб юбордики, бу нафақат уйида бемори бор журналистни, айни вақтда унга гарчи ёрдам беролмасалар ҳам изтироб чекаётган бутун жамоа ижодкорларини қувонтириб юборди.

Қувончли воқеадан хабар топгач, Раҳима Жўраева яшайдиган Мингбулоқ туманининг “Мулкобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳасанбой Мамадалиев билан боғландик:

-Маҳалламиз тумандаги энг йирик ўзини ўзи бошқариш органи ҳисобланади. 5829 нафар аҳолиси бор.  Шундан 63  та оила “темир дафтар”га олинган. Яқинда, аниқроғи Наврўз байрами арафасида Раҳима Жўраеванинг ўғлонлари 17 та оила хонадонига электр линияси торттириб беришганди. Умуман бу намунали оиладан камтаъминланган маҳалладошларимиз ёрдам олиб туришади. Опанинг бир одатлари бор: “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг ҳам билмасин” деган ҳадисни айтиб, атрофга овоза қилишимизга изн бермайдилар. Лекин кўпчилик жуда миннатдор. Шунақа саховатли, оқибатли инсонлар кўпаяверсин...

Маҳалла оқсоқолининг бу сўзларидан сўнг жим туришни эп кўрмадик. Ахир Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир, деган ҳадису шариф ҳам бор-ку. Ижодкор муаллима Раҳима Жўраеванинг савобга доҳил яхшиликлари хусусида ёзишдан мурод битта:  атрофдагиларнинг сабоқ чиқариши ва кўнгилга ёруғлик солувчи туйғуларга ҳамюртларимизни  ошно этиш.

Бу каби савоб ишлар бугун, айнан кўринмас балодай келган коронавирус инфекциясини чекинтириш учун бутун бир халқ, олам эллари курашаётган синовли кунларда кўнгилни тозартиради.

Яхшилигингиз минг яхшиликлар бўлиб қайтсин, муҳтарама муаллима Раҳимахон Жўраева!

Носиржон Деҳқонов,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилояти раиси

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш