Пандемия туризм соҳасига қақшатқич зарба берди(ми?)

Глобаллашув даврида дунёнинг исталган нуқтаси бир қадамдек бўлди, гуё. Бу эса туризм соҳасинининг ривожланиши учун қулай имкониятга айланди.  Афсуски, инсоният турмуш тарзи ўзанини ўзгартириб юборган, ер юзи халқлари ҳаётига ўз таъсирини кўрсатган пандемия туризм соҳасига ҳам дахл қилмай қолмади. Жаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, 2020 йил якунларигача халқаро саёҳатлар сони 89 % га, иш ўринлари 74 миллионтага қисқариши, соҳадаги жами йўқотишлар 800 миллиард долларни ташкил этиши мумкин. Жумладан, юртимизда ҳам 16 март санасидан карантин тартиби ўрнатилиб, натижада ташқи ва ички туристлар учун барча эшиклар ёпилди.  Оқибатда республика бўйича 1,5 мингдан ортиқ туроператор, 1,2 минг меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатди. Пандемия даврида барча соҳа каби туризм соҳасида ҳам карантин тартиб қоидаларини босқичма-босқич юмшатиш мақсадида жорий йилнинг 28 майида Ўзбекистон Республикаси Президенти “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармонга кўра Республикамизда 2020 йилнинг 1 июнидан “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ички туризмга рухсат берилиши билан биргатуроператор ва турагентликлар, шунингдек, маданият ва маданий мерос объектлари ўзфаолиятини давом эттиришга киришди. Айни пайтда вазият тақозоси билан карантин чекловлари қайта кучайтирилган бўлса-да, тадбиркорларимиз томонидан келажакни ўйлаган ҳолда юртимиз туристик салоҳияни янада ошириш чоралари кўрилмоқда.

                      Ўтган йилда 19 миллион АҚШ долларидан зиёд даромад, бу йил эса...

Навоий вилояти иқтисодий салоҳияти билан бирга ўзига хос табиати, қадимий обида ва зиёратгоҳлари билан ҳамиша сайёҳлар эътиборини тортиб келади. Айниқса, Нурота, Навбаҳор, Кармана, Учқудуқ, ва Хатирчи туманлари  туризмнинг  экотуризм йўналишини ривожлантириш учун қулай ҳудудлар ҳисобланади.

Ҳудудимизда айни пайтда 36 та меҳмонхона, 33 та меҳмон уйлари, 15 та хостел, 4 та ўтовли лагер ва 5 та дам олиш масканлари мавжуд, - дейди Навоий вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бюошқармаси бош мутахассиси Суҳроб Иззатилллаев. - Ўтган йили вилоятимизга 53 та хорижий давлатдан 57 минг 400 нафардан зиёд сайёҳлар ташриф буюришган  эди ва туристик хизматлар экспорти  қарийб 19 миллион 279 минг АҚШ долларини ташкил этганди. Жорий йилда эса карантин туфайли туристик хизматлар экспортидан даромад кўришнинг имконияти бўлмаяпти. Аммо, вилоятда экотуризмни янада ривожлантириш, соҳага замонавий ва халқаро тажрибаларни татбиқ этиш ҳаракати асло тўхтагани йўқ. 2019-2020 йилларда воҳада соҳага оид 27 та инвестиция лойиҳалари амалга ошириш кўзда тутилган эди. Шундан 13 та лойиҳа ишга тушди,  14 тасининг устида иш олиб борилмоқда. Жумладан,  20 2 та экотуризм маркази, 2 та дам олиш маскани барпо қилинди,  3 та туризм соҳасидаги логистика хизматлари ташкил этилди. Жорий йилда 14 та  лойиҳанинг ишга тушиши натижасида 278 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Карантин талабларидан келиб чиқиб, бу лойиҳалар ишга тушмаган бўлса-да, фаолият бошлашга тайёр ҳолатга келтирилган. Яқин орада карантин чекловлари юмшаса, 278 киши айнан туризм соҳасида иш билан таъминланади.

Дарҳақиқат, экотуризм жаҳон миқёсида сайёҳликнинг энг жозибадор турига айланиб бормоқда.  Экосайёҳлар оқимининг кўпайиши қишлоқ ҳудудлари аҳолиси фаровонлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айнан шу жиҳат ҳисобга олиниб, вилоятда 2017-2021 йилларда туризмни ривожлантириш дастурида замонавий экотуризм инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Сўлим Сентоб сокин бугун...

 Сентоб қишлоғи Нурота тумани марказидан 120 километр олисда жойлашган бўлиб, баланд тоғлар қўнидаги мазкур ҳудудда азалдан сайёҳлик яхши ривожланган. Сабаби, мўъжазгина мазкур қишлоқнинг шифобахш булоқ суви, табиий тоғ ҳавоси ва атрофдаги гўзал манзаралар киши баҳри дилини яйратади. Сўнгги йилларда Нурота туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳудудда экотуризмни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада олис тоғ ҳудудларида ҳам замонавий меҳмонхоналар барпо этилиб, сервис хизматлари яхши йўлга қўйилмоқда.

Меҳмон уйимизга ўтган йил 60 дан зиёд хорижий сайёҳлар, 400 га яқин юртдошларимиз ташриф буюришган эди, - дейди тадбиркор Гулмурод Зарифуллаев.  –  Бизда ҳаво анча салқинлиги боис туристлар оқими ёз ойларида кўпаяп эди. Пандемия туфайли ҳозир меҳмонлар ташрифи кузатилмаяпти. Аммо, биз 40 ўринли меҳмон уйимизни кенгайтириб, яна қўйшимча 20 ўрин ташкил қилдик. Ҳозиргача меҳмон уйимизда 4 киши фаолият кўрсатган бўлса, яна 2 киши иш билан таъминланади.

Бетакрор қишлоқдаги қоя тошларга ишланган V-VI асрларга оид петроглифлар, баланд тоғдаги кўҳна қўрғон қолдиқлари, XI-XVIII асрларга оид тошга ўйилган ёзувлар ҳамда қишлоқнинг энг юқори нуқтасидаги Фозилмон кўли манзаралари, Акко булоғининг шифобахш суви ҳудуднинг туристик жозибадорлигини янада оширади. Сентобликлар эса сўлим қишлоғи билан ҳақли равишда фахрланадилар.

Кейинги йилларда туристлар оқими кўпайганлиги сабабли янги меҳмон уйлари қуриб битказилди ва уларда ёшларимиз иш билан таъминланди, - дейди “Сентоб” маҳалласи фаоли Музаффар Султонов. – Сентобни “Ўзбекистоннинг Швецарияси” дейишади. Хорижлик туристлар келишганда “сотиладиган дала ҳовлилар йўқми?” дея сўраб, бу жойларда кўпроқ қолишни исташади. Ҳозирги карантин даврида меҳмон уйларининг фаолияти тўхтади, уларда ишлаётган ёшларимиз ишсиз қолишди. Чет эллардан меҳмонлар келиши қишлоғимизда маданиятнинг ривожланишига ҳам хизмат қилаётганди, ёшларимиз улар билан мулоқот қилиш, меҳмон уйларида ишлаш мақсадида тил ўрганишга ҳаракат қилаяпти. Албатта, бу синовли кунлар ўтади, бугун сокинликка бурканган Сентоб меҳмонларни яна ўз бағрига олади.

Очиқ осмон остидаги музей

Навбаҳор туманидаги Сармишсой дараси ҳам етти иқлимга машҳур.7 минг йиллик тарихни ўз бағрида асраб келаётган  мазкур маскан тахминан 5 мингдан зиёд ноёб қоятош битикларини бизнинг замонамизгача етказиб берган очиқ осмон остидаги музейдир. Кейинги йилларда  ҳудудда туристик инфратузилмани ривожлантириш мақсадида янги йўналишлар йўлга қўйилди. Жумладан, Сармишсой кенгликларида оилавий дам олиш марказлари барпо этилди. Ушбу марказлардаги ўтов, коттеж, ресторан ва чўмилиш ҳавзаларида сайёҳларнинг мароқли дам олиши ва табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиши учун барча имкониятлар яратилган. Сайёҳлар бу ерда дара бўйлаб саёҳат қилишлари,  маҳорат дарслари асосида ўзбек миллий таомлари қандай тайёрланишини кузатишлари ва ўрганишлари мумкин. Ўтган йили бу ерга 200 га яқин хорижлик сайёҳ ва 500 дан зиёд маҳаллий аҳоли ташрф буюрди.  Сайёҳлар эътиборини аввало “Сармишсой” музей-қўриқхонаси ўзига жалб этди.

Пандемия туфайли энг катта зарар кўрган соҳалардан бири бу туризмдир, - дейди “Сармишсой” музей-қўриқхонаси директори Рамазон Эгамов. – 2019 йилда вилоятда туристик хизматлар экспорти 2018 йилдагидан 109 фоизга ошган эди. 2020 йилда бу кўрсаткич янада ортарди.  Пандемия бўлмаганида йил бошидан буён вилоят иқтисодиётига айнан туризм соҳаси орқали 20 миллион АҚШ долларидан ортиқ даромад қўшиларди.

Экотуризм маркази туристик харитага киритилмаган

Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди, дея таърифланган Қизилқум саҳроси ҳам ўзига хос табиати, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига эга.   Ўтган йили Конимех туманида  “Конимех-Қизилқум-Шубат” МЧЖ томонидан экотуризм маркази ишга туширилди. Бу ерда маҳаллий ва хорижий фуқароларга меҳмонхона ва туризм хизмати кўрсатилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 14 миллиард сўм бўлиб, марказ ресторан, қозоқ миллий ўтовлари, мусиқали фаввора, туя сутини соғиб шу ернинг ўзида истъемол қилиш каби бир қанча қулайликларни ўз ичига олган.

Экотуризм марказида сайёҳларга халқаро андозалар даражасида хизмат кўрсатилади. Фақат бу жойни Ўзбекистоннинг туристик харитасига киритиш лозим, - дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ақчагул Тўлегенова – Навоий вилояти Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ўртасида жойлашган. Агар Конимех туманида ушбу экотуризм маркази туристик харитага киритилса, Самарқанддан Бухорога ўтувчи сайёғлар албатта бу манзилга ҳам кириб ўтишади.

Айни пайтда вилоятдаги  туристик хизмат кўрсатувчи барча нуқталарда карантин чоралари юмшатилиши билан ҳеч йўқса, ички туризм фаолият бошлашини назарда тутган ҳолда сайёҳлар учун дизенфекция ва ҳимоя воситалари заҳираси яратилган. Қисқаси, маҳаллий ҳокимликлар томонидан маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва меҳнат жамоаларининг саёҳатларини ташкил этиш бўйича   тасдиқланган режа-жадвал асосида вилоятга 55 минг нафардан зиёд ички турислар ташриф буюриши учун барча шароитлар муҳайё. Демак, пандемия турзимга асло қақшатқич зарба бера олмайди. 

      Холбиби Сафарова

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш