Пандемия даврида ноқонуний ишдан бўшатишлар бўляптими?

Пандемия туфайли Ўзбекистонда ишсизлик даражаси қарийб 2 миллион кишига етди. Чегаралар ёпилгани боис 550 мингга яқин меҳнат муҳожирлари бошқа давлатларга ишлаш учун кета олишмаган. Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан 76 минг нафарининг иш билан таъминланишига кўмаклашилган. Аммо ишсизлик ёки ноқонуний ишдан бўшатилиши ҳолатлари йўқ эмас. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шу хусусда мутахассисларга юзландик.

Вақтинчалик бўлсада иш билан таъминлаш керак

-Афсуски пандемия даврида асоссиз ишдан бўшатишлар, ойлик иш ҳаққи, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлашдан бош тортишлар сони ортмоқда, - дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов. - Бугунги кунда бундай ҳолатлар ўрганилиб уларга қарши кескин чоралар қўлланилмоқда. Халқаро Меҳнат Ташкилоти кўмагида вазирлик COVID-19 нинг меҳнат бозорига таъсирини ўрганиш устида иш олиб бормоқда ва ўтказилган сўров натижаларига кўра, инқироз иқтисодиётнинг бир қатор муҳим соҳаларида (хизмат кўрсатиш, қурилиш ва бошқалар) ишчиларни, айниқса, кичик бизнесда банд бўлган ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлашга жуда кучли салбий таъсир кўрсатди. Ўзбекистон томонидан қабул қилинган инқирозга қарши чоралар Халқаро Меҳнат Ташкилотининг пандемияга қарши курашининг тўртта асосий тамойилларига тўла мос келади, яъни у иқтисодиёт ва бандликни рағбатлантиришга, корхоналарни, иш ўринлари ва даромадларни қўллаб-қувватлашга, ишчиларни иш жойларида ҳимоя қилишга ва ижтимоий мулоқотга қаратилган. Президент ташаббуси билан 10 триллион сўм миқдорида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ва «Меҳр-саҳоват ва кўмак» кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилган.

Бундан ташқари, ҳукумат томонидан коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий ҳолати ва ҳаёт даражаси ёмонлашган оила аъзоларини иш билан таъминлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланган.

Вақтинча бандлик бўйича жамоат ишлари Фонди маблағлари ҳисобидан 230 мингга яқин ишсиз фуқаро, шахсий томорқаларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш учун субсидиялар бериш механизми орқали 33 мингдан ортиқ кам таъминланган оилалар ва аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун берилган субсидиялар ҳисобига 3 минг банд бўлмаган фуқаролар иш билан таъминланган.. Шундай қилиб, уч ой давомида 374 минг фуқаро банд бўлиб ва доимий даромад манбаига эга бўлган.

Бугунги кунга қадар меҳнат инспекторларининг мониторинг гуруҳлари 5757 корхонада бўлиб, уларнинг 892 тасида хавфсизлик ва меҳнат гигиенаси меъёрларининг бузилишини аниқлаганлар. Ҳар бир алоҳида ҳолат бўйича Инспекторлар томонидан мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилган. Коронавирус пандемияси амалдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди. Норматив меъёрлар ҳозирги шароит ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ишчиларни ҳимоя қилиш ва муносиб меҳнат шароитларини ташкил қилишни максимал даражада таъминлаши керак.

Шикоятлар ўрганиб чиқилди

Пандемия пайтида ноқонуний ишдан бўшатиш масалалари кун тартибида пайдо бўлди, иш ҳақини, ҳомиладорлик ҳамда туғуруқ нафақасини тўлашдан бош тортиш ҳоллари кўпайди, - дейди  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов. - COVID-2019 пандемияси даврида Давлат меҳнат инспекцияси фуқароларнинг меҳнат қонунлари бузилиши ва иш жойида ҳуқуқни чеклашга оид 8,2 мингта, шу жумладан, аёллар томонидан юборилган 3 мингта шикоятни кўриб чиқди. Текширувлар натижаларига кўра, 3,6 минг фуқаронинг, шу жумладан 1,2 минг аёлнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди..

Кўпгина корхона ва ташкилотлар карантин-чеклов чоралари шароитида ўз фаолиятларини масофавий ишлаш режимига мослаштирганлар. Бундай иш режимига ўтиш ва барча меъёрларга риоя қилишни таъминлаш мақсадида Меҳнат вазирлиги «Ходимларни масофавий иш усулига ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом»ни ишлаб чиқди ва жорий этган.

Ўзбекистонда қонун устуворлигини, гендер тенглигини, иқтисодий фаолиятнинг барча соҳаларида меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида халқаро меҳнат стандартларини мамлакатимиз қонунчилигига татбиқ этиш бўйича ишлар давом эттирилади.

Хулоса ўрнида

-Коронавирус пандемияси даврида ишсиз фуқаролар, камбағал оилаларнинг ишга муҳтож бўлган ишсиз аъзолари, меҳнат миграциясидан қайтган шахсларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ўндан ортиқ инструментлар киритганмиз, – дейди Н.Ҳусанов.- Улар жуда оддий, халқимизга тушунарли ва самарали. Мана шу инструментлар орқали пандемия вақтида 493 минг фуқаронинг бандлигини таъминладик. Шу жумладан, ‘темир дафтар’га кирган камбағал оилаларнинг 96 минг нафар аъзосини ишга жойладик.

Биз, асосан, бешта: ўзини банд қилишга ёрдамлашиш, тадбиркорликка кўмаклашиш, иш берувчиларга ишсиз фуқароларни ишга олишга рағбатлантириш, вақтинчалик бандликни таъминлаш ва ишсизларни ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишларида иш олиб боряпмиз.

Айтиш мумкинки, бошқа давлатлар ишсиз фуқароларга пул тарқатиб бериш йўлидан борди. Буни вертолёт пул дейишди, бошқа дейишди. Аммо бу кўп мамлакатда ўзини оқламади. Чунки ишсиз одам ўзининг психологик нуқтаи назаридан ишсиз бўлиб қолаверади. Пул келади, аммо у яна тушкунлик ҳолатида қолаверади.

Биз бу борада бошқача йўл тутдик. Халқимизнинг меҳнатсеварлиги, меҳнатга бўлган муносабатини билиб, уларнинг бандлигини таъминлаш учун инструмент яратяпмиз ҳамда шу орқали уларга моддий ёрдам беряпмиз.

Шунингдек, хорижда йиллаб ишлаб уйига қайтиб келган фуқароларимизнинг қўлида касби бор, улар кўп йиллар давомида бошқа давлатларда ишлаб келишган. Мана шу фуқароларимизни ички ресурсларидан фойдаланган ҳолда меҳнатга жалб қилиш устувор вазифаларимиздан бири. Мисол учун, ҳудудларда ижтимоий соҳа объектларини қурилишига Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 3,6 трлн сўм маблағ йўналтирилган. Бунинг натижасида ҳар битта вилоятда ўртача 50−60 та турли хил ижтимоий соҳа объектлари қурилиши бошланди. Мана шу объектларда биринчи навбатда меҳнат муҳожирлигига бора олмаган фуқароларимизни касблари бўйича мақсадли ўзининг ҳудудида қурилишларга банд қилиб келмоқдамиз.

Лекин ишсизларни вақтида иш билан таъминланишнинг иложи бўлмаса, уларга ишсизлик нафақаси ҳам тайинланяпти. Ҳозир бу осонлаштирилган енгил тартибда тўланмоқда. Шу кунгача 27 минг нафар ишсизга 20 миллиард сўм атрофида нафақа тўлаб берилган.

Нилуфар Юнусова

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш