Қурилиш тендерлари қачон шаффофликда ўтказилади?

Ҳар бир соҳада бўлгани каби қурилиш тизимида ҳам ўзига хос камчиликлар талайгина. Соҳадаги коррупцион ҳолатлаар ва тендерларнинг яширин тарзда ўтказилиши сир эмас. Ҳозирда соҳада бир қанча ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хўш, бундан кейин тизимда  қандай ишлар амалга оширилади? Шу хусусида мутахассисларга юзландик.

Янги тизимда иш бошланади

— Мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами йил сайин кенгаймоқда. Узоқни ўйлаб, ҳудудларда урбанизация жараёни амалга ошириляпти, - дейди Қурилиш вазирлиги вазири Ботир Зокиров. -  Қишлоқ жойларда ҳам қурилиш ишлари жадал. Булар, албатта, соҳани такомиллаштириш, шаффофликни таъминлаш, ипотека бозорини ривожлантиришни тақозо этади. Охирги уч йилда шу масалалар бўйича Президентнинг қирққа яқин қарори қабул қилинди. Юртбошимиз соҳада коррупция ва “хуфиёна иқтисодиёт” ҳолатларини кескин танқид қилиб, қурилиш тендерларини ўтказиш ва пудрат ташкилотларини танлаш жараёнларини рақамлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтганди. Таҳлилларга кўра, сўнгги икки йилда давлат дастурлари доирасида 3 мингдан зиёд қурилишдан атиги 182 тасида тендер ўтказилган. Чунки тендер жараёнлари мураккаб ва унда нарх арзонлиги бирламчи. Қурилиш ташкилотининг малакаси, сифат масаласи паст ўринларда қолиб кетган. Шу боис кейинги йилдан бошлаб, янги ахборот тизимига киритилган ва рейтинги юритиладиган қурилиш-пудрат корхоналарига маблағ ажратилиши белгиланди.

Сифатни назорат қилиш кучайтирилади

— Айни пайтда ижтимоий объектлар — мактабгача таълим ташкилоти, мактаб, соғлиқни сақлаш объектларининг сифатини ошириш ва замонавий кўринишга олиб келиш бугуннинг долзарб вазифасига айланди, - дейди Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов. -  Шу билан биргаликда, ўн олти қават ва ундан юқори бўлган биноларни қуришда ҳозирда ер юзидаги ресурсларнинг чекланганлигини ҳисобга олиб, уларда газдан фойдаланишга руҳсат бериш каби жиҳатларни қурилиш нормаларига киритиш, илғор чет давлатларининг тажрибаси асосида қуришга эътибор бериш керак.

Тан олиш керак, қурилиш соҳасини рақамлаштиришда камчиликлар кўзга ташланди. Бу жараёнда, биринчи галда, қурилиш объектларининг сифатини назорат қилишга эътибор қаратишимиз зарур. Бу борада бир жараённи пойтахтда эксперимент қиляпмиз. Яъни  ҳар бир инспекторнинг қўлига планшет берилди. Сифатни назорат қилувчи инспектор қурилиш объектига боради ва жараённи шу қурилма орқали фото ёки видеотасвирга олиб, базага жўнатади. База орқали уни бошқа мутахассислар ҳам кўриб, фикр билдиришлари, шу объектнинг сифатини яхшилаш борасида маслаҳат беришлари мумкин бўлади. Агар бу тизим ўзининг самарасини берса, бутун республика бўйлаб оммалаштирилади. Тендер — жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган тизимлардан бири. Бу жараёнда вақтни икки баробар тежашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Топшириладиган ҳужжатлар сони 14 тадан 6 тага қисқартирилди. Барча босқичларда инсон омили максимал даражада камайтирилиб, жараён рақамлаштирилди. Бунда рейтинг тизими ишлаб чиқилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Яъни ҳар бир корхонанинг ойлик қилган ишлари ҳажми, айланма маблағлари, моддий техник базаси кабилар тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда рейтинг тизимига келиб тушади. Шу маълумотлар асосида рейтинг шакллантирилади. Пудратчиларнинг рейтингдаги олган баҳолари тендерда ютиш ёки ютмаслигини белгилайди. Бир сўз билан айтганда, тендер жараёнларида инсон омилининг йўқотилиши тизимда шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши керак.

Хулоса ўрнида

Қурилиш соҳасида муаллифлик, техник ва давлат назоратини такомиллаштириш борасида алоҳида қарор қабул қилиб, барча шароитлар яратиб берилган. Эндиги вазифа – назоратни ҳозиргидек қўлда эмас, балки IT-технологияларни жорий қилган ҳолда амалгга оширилади. Қурилиш корхоналари ва объектлари тўғрисидаги маълумотлар базаси яратиляпти. Жорий йил 1 августдан бошлаб Тошкент шаҳрида, кейинги йил бошидан бошқа ҳудудларда қурилишда аниқланган барча камчиликлар фотосуратлари билан тизимга онлайн киритилади ва назорат жараёнлари автоматлаштирилади. Қурувчи ташкилот ёки фуқароларга қурилиш жараёни тартиблари ва шартлари ҳақида тўлиқ маълумотларни исталган вақтда олиш имкониятини берувчи онлайн тизим ишга туширилади.

Барча шаҳарсозлик қоида ва нормалари интерактив кўринишга ўтказилиши, лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича барча жараёнларни рақамлаштириш ҳамда экспертиза хулосаларини ягона базада сақлашни йўлга қўйилади.

Бу чоралар мамлакатимизда қурилишга рухсат бериш жараёнини 254 кундан 84 кунга қисқартириш, ушбу жараёнлардаги тартиб-таомилларни 17 тадан 5 тага камайтириш, тадбиркорлар ва фуқароларнинг бу ишларга сарфланадиган вақтини 67 фоизгача қисқартириш имконини беради.

Нилуфар Юнусова

 

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш