Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги

Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар,

Бугун Сизнинг эътиборингизга яна Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятига дахлдор саволларнинг айримларига жавобларни ҳавола этамиз.

1-савол: Сергели туманида юзага келган вазият, “Ҳумо” маҳалласига киритилмаган аҳоли ҳудудларида янги маҳаллалар ташкил этиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳар бир жараён муҳтарам Президентимизнинг шахсан назоратларига экани, аҳолини, айниқса, иқтисодий имкониятлари чекланган оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳаммамизга яхши маълум.

Жумладан, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлаётган Сергели туманидаги аҳолига бир марталик моддий ёрдам тарқатиш билан боғлиқ вазият Давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида назоратга олинган бўлиб, мазкур ҳудуд аҳолисининг мавжуд муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича тегишли масъул ходимларга зарур кўрсатмалар берилди.

Муҳтарам Президентимиз топшириқларига асосан, Президент маслаҳатчиси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ва вазир ўринбосарлари Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда Сергели тумани ҳокимияти билан биргаликда тумандаги “Ҳумо” маҳалласи ҳудудини оптималлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

“Ҳумо” маҳалла фуқаролар йиғини 2019 йил 5 июлда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда ҳудудда 204 та кўп қаватли ва 270 та ҳовлили хонадон, жами 474 та уйда умумий ҳисобда 39 998 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Маҳалла ҳудудининг катталиги ва аҳоли сонининг кўплигидан келиб чиқиб, “Ҳумо” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қуйидаги номдаги 6 та маҳаллани ташкил этиш белгиланди:

Биринчиси, “Ҳумо” маҳалла фуқаролар йиғини. Мазкур маҳаллада 8 та кўп қаватли ва 160 та ҳовлили уй, жами 178 та уй киритилган. Махкур хонадонларда 8024 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Иккинчиси, “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини. Мазкур маҳаллага 131 та уй киритилган бўлиб, уларда 5256 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Учинчиси, “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини. Мазкур маҳаллада 40 та уй киритилган бўлиб,  уларда 8790 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Тўртинчиси, “Орият” маҳалла фуқаролар йиғини. Мазкур маҳаллада 47 та кўп қаватли уй киритилган бўлиб, уларда 4028 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Бешинчиси, “Марҳамат” маҳалла фуқаролар йиғини. Мазкур маҳаллада 45 та кўп қаватли уй киритилган бўлиб, уларда 9450 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Олтинчиси, “Гулшанобод” маҳалла фуқаролар йиғини. Мазкур маҳаллада 33 та кўп қаватли уй киритилган бўлиб, уларда 4450 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Янги тузиладиган мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раислари лавозимлари учун номзодлар билан суҳбатлар ўтказилиб, ушбу лавозимларга зарурат туфайли, навбатдаги маҳалла раислари сайлови ўтказилгунига қадар вақтинча тайинланадиган раислар рўйхати шакллантирилди.

Шунингдек, ички ишлар  органлари ходимлари билан суҳбатлар ўтказилди ва улар ичидан янги маҳаллалар раисларининг ҳуқуқ-тартибот бўйича ўринбосарлари (профилактика инспекторлари) саралаб олинди, Ички ишлар вазирлиги томонидан уларнинг штат бирликлари ҳал этилди.

Шунингдек, янги тузиладиган маҳаллаларнинг хизмат биноси қурилгунга қадар вақтинча фаолият юритадиган бинолар белгилаб олинди.

Шунинг билан бир қаторда “Янги ҳаёт”, “Орият”, “Марҳамат”, “Гулшанобод”, “Янги турмуш” маҳаллалари раисларини вақтинча тайинлаш бўйича кўп қаватли уйлар бошлиқлари (кўчабошилар) ҳамда аҳоли вакилларининг карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда умумий йиғилишлари ўтказилди.

Айни вақтда Вазирлик раҳбарияти томонидан янги тайинланган маҳалла раислари ва маҳалла раисларининг 3 нафар ўринбосарларини тайинлаш ва уларни маҳалла фаолларига таништириш жараёнлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Давлатимиз раҳбари томонидан юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг давлатимиздан, ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун барча зарур чоралар кўрилмоқда ва катта ишонч билан айта оламизки, бу амалий ишлар мунтазам давом этиб боради.

2-савол: Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали “темир дафтар” ҳақида жуда кўп эшитяпмиз, ўқияпмиз.  Мана шу ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

Жавоб: Барчамиз биламизки, Давлатимиз раҳбари юртимиз тарихида илк бор камабағаллик, камбағал оилалар ҳақида айтиб ўтгандан сўнг мамлакат миқёсида камбағалчиликни камайтириш бўйича аниқ чоралар белгилаб берган эди.

“Темир дафтар” ана шундай ташаббуслардан биридир. Яъни ҳар бир маҳалла, қишлоқ, шаҳарча ва овул фуқаролар йиғинида аҳоли ва оилалар ҳисобини юритишни назарда тутувчи “Темир дафтар” тизими жорий этилиб, унда маҳаллаларда якка тартибдаги хонадонларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати акс эттириб борилмоқда.

Темир дафтари ўз навбатида фуқаролар йиғинлари раисини сектор ва ҳудуд раҳбари билан ҳамкорликдаги фаолиятини мустаҳкамлайди. Ҳудуд раҳбари аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир режасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга оширишда “темир дафтар” фундаментал вазифани бажаради. Шу боис, ушбу ҳужжат мамлакатнинг ижтимоий ҳолатини тасвирлашга ҳам хизмат қилади.

 “Темир дафтар” аҳолини камбағалликдан чиқариш, бунинг учун улар билан манзилли ва мақсадли иш олиб бориш йўлида муҳим манба ҳисобланади.

“Темир дафтар” ни юритишдан асосий мақсад эҳтиёжманд оилалар 7 тоифаси, яъни 1) кам таъминланган, 2) ногиронлиги бўлган, 3) ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, 4) якка-ёлғиз кексалар, 5) доимий ишсиз фуқаролар, 6) карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар, 7) оғир эпидомологик ҳудудлардан қайтариб келинган фуқароларни камбағалликдан чиқариш ҳисобланади.

         Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 апрель куни карантин даврида аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳар бир сектор раҳбари томонидан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш дафтари — “темир дафтар” юритилиши йўлга қўйилди. Бунда масъул ходимлар ўзининг кунлик амалга оширган ишлари юзасидан “темир дафтар”идаги маълумотларни saxovat.argos.uz сайтига рақамли имзо калити орқали электрон шаклда киритиб боради.

“Темир дафтар” - бу карантин шароитида ишсиз, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларнинг маҳаллада шакллантирилган шаффоф рўйхатидир.

Мазкур рўйхатга киритилган аҳолига доимий равишда зарур ёрдамлар кўрсатилади. Камбағал аҳоли қатламини эҳтиёжмандликдан чиқариш учун мазкур оилаларга моддий ва ижтимоий кўмак берилади.

Мазкур ташаббуснинг яна бир асосий мақсадларидан бири, “темир дафтар”га тушган оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини жорий йилда иш билан таъминлаб, шу орқали уларни муҳтожликдан чиқаришдир.  

3-САВОЛ: Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали “маҳалла раислари ва ходимлари халқни эмас, аввало, ўзини ўйлайди. Маҳалла бизга керакми ўзи?” мазмунидаги жуда кўп саволлар келиб тушмоқда, турфа фикрлар билдирилмоқда?

Вазирликнинг муносабати қандай?

ЖАВОБ: Энг аввало, шуни таъкидлашим керакки, баъзи масъулиятсиз ходимларни деб бутун маҳалла тизимига тош отиш, унинг ҳаётимиздаги катта аҳамиятини инкор этиш адолатдан эмас!

Сабаби маҳалла институтининг ҳаётимизда тутган ўрни ва роли нақадар беқиёс эканлиги эл бошига иш тушган бугунги синовли кунларда яққол намоён бўлмоқда.

Юртимизда карантин қоидалари ўрнатилган илк кунлардан бошлаб мазкур тизим ходимлари кечани кеча, кундузни кундуз демай, юрт тинчлиги, халқ осойишталиги йўлида ўз саломатлиги ва хотиржамлигидан воз кечиб, сидқидилдан меҳнат қилаётганлигини кўпчилигимиз яхши англаймиз. Уларнинг фидойи меҳнатлари, халқ розилиги йўлидаги беминнат саъй-ҳаракатларини кўриб-билиб турибмиз.

Демоқчимизки, маҳалла тизими том маънода фидойиликни талаб қилади. Бу тизимни одил, халқ учун энг яқин тузилмага айлантириш учун эса ҳаммамиз биргалашиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилишимиз керак.

Тан олиш керак, ҳаммамиз маҳаллада яшаймиз, яхши ва ёмон кунларимиз маҳалла билан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, бу тузилманинг аҳоли манфаатларига мувофиқ самарали фаолият юритиши, тизимдаги муаммоларни ҳал этиш ва уларга ечим топишда соҳа ходимларига кўмак бериш, фаолиятида хатога йўл қўяётган ходимларнинг юзига ойна тутиш барчамизнинг фуқаролик бурчимиз деб ўйлаймиз.

Шу ўринда таъкидлашни истардимки, аслида маҳалла институти мазмун-моҳияти бўйича жамоавийлик, умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат тамойилларига таянади. Яъни, бу тушунчаларсиз маҳалла тизимининг ҳеч бир ишида унум ва самара бўлмайди, фаолияти олға юрмайди.

Кези келганда бир реал ҳолатни сизларга айтишни истардим. Кўпчиликда фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга берилаётган ижтимоий нафақа пулларини тўғридан-тўғри маҳалла тўлаб беради, деган нотўғри тасаввур шаклланиб қолган.

Аммо ҳақиқат шуки, маҳалла фуқаролар йиғинининг ўзида, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақа бериш учун ҳеч қандай пул маблағи йўқ. Яъни маҳалла давлат ва ҳомийлар томонидан бериладиган пул ва бошқа ижтимоий ёрдамларни тарқатишда кўприк вазифасини ўтайди, холос. Фуқароларимиздан мана шу нарсани тўғри тушуниб олишларини жуда-жуда илтимос қилардик.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири томонидан ташкил этилган, аҳоли мурожаатларини қабул қилишга мўлжалланган 71 код билан 203 01 21 ишонч телефон рақами доимий ишлаб турибди. Ҳар бир юртдошимиз мурожаатлар билан бир қаторда, ўзларининг асосли таклиф ва тавсияларини билдиришлари мумкин.

Биз сизларнинг маҳалла тизими фаолиятини жонлантириш, маҳаллани аҳолига энг яқин, унинг дарди, ташвишу муаммолари билан ишлайдиган тузилмаган айлантиришга қаратилган ҳар қандай таклифларни қабул қиламиз. Ҳамда ушбу жараёнда бефарқ бўлмаган юртдошларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Эътиборингиз учун рахмат!

 

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш