Янги ўқув йилида таълим қандай шаклда давом этади?

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда муҳим саволларга жавоб қайтарилди:

Янги ўқув йилида таълим қандай шаклда давом этади?

 Халқ таълими вазирлиги ўз ваколатидан келиб чиқиб ўқув йилини бошлаш бўйича учта сценарий таклиф қилмоқда: 

 Пандемия ҳолати барқарорлашиб, мактаблар одатий тартибда ўз фаолиятини бошлайди. Халқаро тажриба мактаб ёшидаги болаларга касаллик кам ҳолатда юқишини, болалардан катталарга юқиш хавфи ҳам камлигини кўрсатмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистонда болаларда вирус кечиши бўйича хулосаси ижобий бўлмаган тақдирда таълим онлайн тартибда давом эттирилади.
Гибрид сценарий бўлиб, мактаблар очилади. Фаолият маълум бир ҳудуд ва мактабдаги карантин ҳолатидан келиб чиқиб олиб борилади. Бунда, дастлабки босқичда фарзанди саломатлигидан ҳавотир олган ота-оналарга болани уйда онлайн ўқитишга имкон берилиши кўзда тутилган, яъни боланинг мактабга давомати эркин бўлади.

Якуний хулосани эса Республика махсус комиссияси ҳал қилади. 


Халқ таълими бошқармаси карантин вақтида мактаб ҳужжатларини текшириши мумкинми?

 Вазирлик томонидан мактабларни ҳужжатларини текшириш юзасидан ҳеч қандай топшириқ берилмаган. Бу каби ҳолатлар юзага келса вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали мурожаат қолдириш мумкин.

Она тили ва адабиёти фани ўқитувчисиман,  янги чиққан “Тарбия” фанидан дарс беришим мумкинми?

 Йўқ. “Тарбия” фанини умумтаълим мактабларининг “Бошланғич таълим”, “Миллий ғоя ва ҳуқуқ”, “Тарих”, “Диншунослик” мутахассислигига эга фан ўқитувчилари ўтишлари мумкин. 


Октябрдан яна ўқитувчиларга устамалар берилиши бошланадими?

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра бюджет ташкилотларида ишлайдиган айрим тоифадаги ходимларга директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар 1 октябрга қадар тўхтатилган, мазкур тўловлар ушбу муддат тугагандан сўнг давом эттирилиши кўзда тутилган.


Директор мени ишга чақиряпти, карантин даврида ўқитувчининг ишга чақирилиши қанчалик тўғри?

 Бугун барча мактабларда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари, хусусан 1-синфга қабул жараёни ҳам давом этмоқда. Мактаблар ҳам карантинга ёпилмаган.

 Шу боис агар иш берувчингиз, яъни мактаб раҳбарияти билан масофадан ишлаш бўйича келишувга кела олсангиз ишингизни масофадан ташкил қилишингиз мумкин. Агар фаолиятингиз мактабга бориб ишлашни талаб қилса, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда фаолиятингизни давом эттиришингиз мумкин бўлади.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш