ЭНДИ НАФАҚА ТАЙИНЛАШДА ҲУЖЖАТ ЙИҒИШДЕК САНСАЛОРЛИККА ЧЕК ҚЎЙИЛАДИМИ?

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири саналади. Хусусан, ана шу ғамхўрлик намунаси сифатида 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар тўлаб келинмоқда. Афсуски, ушбу ижтимоий нафақаларни тайинлаш жараёнида ҳам расмиятчилик, сансалорлик ва бюрократия авж олган, десак хато бўлмайди.

Бугунгача соҳада зарур идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғозда иш юритишдан воз кечиш, ижтимоий ёрдамни тақдим этиш вақтини қисқартириш имкониятини бермаётганди. Натижада одамлар идорама-идора сарсон бўлиб, бир дунё ҳужжат йиғишга мажбур эди. Кўринадики, ёрдамга муҳтож бўлган оилаларни турли маълумотнома ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни йиғишдан озод этишнинг аллақачон вақти келган.

Айни жиҳатлар ҳисобга олиниб, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 августдаги «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими жорий этилди. Хўш, унинг асосий вазифалари нималардан иборат? У қандай ишлайди? Амалдаги бюрократик, таниш-билишчилик ҳолатларини қай даражада бартараф этади?

Тизимнинг афзаллиги нималарда кўринади?

Қарор билан 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб, ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими воситасида амалга оширилади. Мазкур тизим автоматик равишда бошланғич босқичда ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун инсон омилисиз оиланинг муҳтожлигини аниқлайди, нафақаларни тайинлаб, тўловларни амалга оширади ва назорат қилади, харажатлар ҳисобини юритади.

Кейинги босқичларда бу тизим ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро ва оилаларга давлат томонидан кўрсатиладиган пул ёки маҳсулот кўринишидаги барча ёрдам турларини (болаларнинг бепул боғчага қатнаши, ўқувчиларни бепул дарсликлар тўплами билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул ёки имтиёзли тиббиёт хизматларини кўрсатиш, ипотека кредитлари учун бошланғич бадални тўлаш ва бошқа) қамраб олади.

— Тизимнинг афзаллиги шундаки, биринчидан, тақдим этиладиган маълумотларга зарурат бўлмаслиги ҳисобига ижтимоий нафақаларга муҳтож оилалар учун ариза бериш жараёни кескин енгиллашади ва ушбу оилалар учун маълумотларни йиғиш каби сарсонгарчиликларга барҳам берилади, — дейди Молия вазирлиги департамент директори Нодир Муслиддинов. — Иккинчидан, кам таъминланганликни эътироф этиш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ёки рад этиш жараёни максимал даражада шаффофлашади. Нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор фақат мазкур тизим томонидан (унга киритилган мезонлар асосида) қабул қилинади, бунда ҳеч қандай инсон омили мавжуд бўлмайди.

Учинчидан, ҳозирги кунда кам таъминланган оилаларга давлат томонидан турли хил ёрдамлар (болаларнинг бепул боғчага қатнаши, мактабда бепул дарсликлар ва қишки кийим-бош билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул даволаниш ва бошқалар) кўрсатилмоқда. Бироқ ушбу ёрдамларга муҳтож оилаларни аниқлаш тартиби ҳеч қандай қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган ва давлат томонидан қайси оилага қандай ҳамда неча пуллик ёрдам кўрсатилгани тўғрисида маълумотлар базаси мавжуд эмас. Демак, янги тизим мана шундай маълумотлар базасига айланади ва ушбу база орқали автоматик тарзда барча ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш имконини беради.

Инсон омилига чек қўйиладими?

Қарор билан 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишда фуқаролардан талаб этилмайдиган ҳужжатлар ва маълумотлар рўйхати, кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган оилаларга бепул ёки имтиёзли шартларда кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар рўйхати тасдиқланди. Янги тизим орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлик тўғрисида маълумотнома Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади ва 12 ой давомида амал қилади.

— Бугунги кунда ижтимоий нафақа тайинлашда керакли ҳужжатларни йиғиш жараёни анча вақт ва сабр талаб этади, — дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари Шуҳрат Давронов. — Янги тизим учун эса муҳтож оила аъзоларининг бор-йўғи паспорти, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (болалар учун) ва никоҳни қайд этиш тўғрисида гувоҳнома (мавжуд бўлганда) нусхалари талаб этилади. Ушбу ҳужжатлар маҳалла фуқаролар органларига ҳар ойнинг 15-санасигача тақдим этилади ва бунда ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинмаслигига йўл қўйилмайди. Ҳужжатлар Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этилгандан сўнг ариза ва унинг оила аъзолари шахсини тасдиқловчи ҳужжатлардаги маълумотлар тизимга киритилади. Оиланинг муҳтожлигини аниқлаш учун зарур бўладиган бошқа маълумотлар тизим орқали солиқ, кадастр, ички ишлар, меҳнат ва бошқа идоралардан автоматик равишда электрон тарзда олинади.

Ариза қандай ҳолларда рад этилиши мумкин?

Қонунчиликда белгиланган мезон ва меъёрлардан келиб чиқиб, турли идоралардан олинган маълумотлар асосида тизим, ҳеч қандай инсон омилисиз, аризачилар оиласига ижтимоий нафақаларни тайинлайди ёки тайинлашни рад этади. Бу бўйича қабул қилинган қарор аризачи ёки унинг оила аъзоларига SMS-хабарлар орқали етказилади.

Шу ўринда қайд этиш керакки, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача бир ойлик даромаднинг юқори чегараси 358 минг сўм этиб ўрнатилди. У мурожаат қилинган ойдан олдинги охирги уч ой учун ҳисобланади ва оила аъзолари сонига бўлиш орқали аниқланади.

Аризалар оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган даромад 358 минг сўм, оила таркибида меҳнатга лаёқатли ва меҳнат органларида «ишсиз» сифатида рўйхатда турмаган аъзоси бўлганда, оила аъзоларининг номида охирги 7 йил давомида ишлаб чиқарилган транспорт воситаси, икки ёки ундан ортиқ транспорт воситаси ва кўчмас мулк мавжуд бўлганда рад этилади.

Нафақа олувчилар сони 1,5 млн.га етказилади

Қарор билан ижтимоий нафақа олувчилар сони ҳозирги 600 мингдан жорий йил охиригача 1 миллион 200 минг, 2021 йилда эса 1 миллион 500 минггача етказилиши белгиланган. Бу борада янги тизим орқали барча ижтимоий ёрдам бир хил мезон ва бир хил ҳужжат асосида берилиши кўзда тутилган. Энг муҳими, келгуси йил 1 январдан бошлаб, кам таъминланган оила мақомини олиш учун фуқаролардан ҳозиргидек 12 та идорадан 30 дан зиёд маълумотлар талаб қилинмайди. Эҳтиёжманд оилаларга 30 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматлар осон ва қулай тарзда тақдим этилади.

Таъкидлаш керакки, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилояти ҳудудида 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб шу кунга қадар ишлатиб келинмоқда. Ушбу янгилик 2020 йил якунига қадар босқичма-босқич республиканинг қолган 13 та ҳудудида татбиқ этилади. Мазкур тизимнинг эгаси ва фойдаланувчиси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобланади.

Мухтасар айтганда, эндиликда давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини олиш жараёнида барча маълумотлар электрон шаклда тақдим этилиши эвазига ортиқча қоғозбозлик йўқолади ва бюро­кратик тўсиқлар бартараф этилади. Хизматлар ва ёрдам олишнинг шаффофлиги, манзиллилиги таъминланиб, жараён тезлашади. Оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражасини ва белгиланган мезонларга мувофиқлиги реал вақт режимида баҳолаб борилади. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг келгуси сиёсатини ишлаб чиқишда ижтимоий ҳимояга доир аниқ статистик маълумотлар базаси яратилади.

Санжар ИСМАТОВ

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш