Коронавирусга қарши маҳалла ходимлари ҳам олдинги сафларда курашади

Бугунги синовли кунлар каттаю кичикка бирдай залворли хулосалар билан бирга, қимматли сабоқлар ҳам бериб улгурди. Ҳаммамиз икки улуғ неъмат — саломатлик ва хотиржамликнинг қадрини юрак-юракдан ҳис этдик.  Авваллари соғлиғига бирмунча бепарво бўлганлар энди ҳар он ўзини кузатадиган, саломатлигини тафтиш ва таҳлил қиладиган кишиларга айланишди. Умуман олганда, коронавирус пандемияси нафақат инсонлар дунёқарашини, балки бутун дунё иқтисодиёти, саноати, турмуш тарзини ўзгартиргани айни ҳақиқат.

Мамлакатимизда ҳам охирги бир ҳафта давомида беш мингдан ортиқ янги бемор аниқланиб, жами вирус юқтирганлар сони 27 мингдан ошди. Энг ёмони, коронавирусга қўшимча тарзда асорати оғирроқ бўлган пневмония ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Ушбу ҳолатни инобатга олиб, юртимизда қўшимча чоралар кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбари раислигида 4 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилишича, охирги йигирма кунда коронавирусни даволаш ўринлари 3,5 баробарга кўпайтирилиб, қарийб 65 мингтага етказилди. Жойларга қўшимча қарийб 800 та тез тиббий ёрдам машинаси етказиб берилди. Қўшимча 4 мингта нафас бериш ускуналари олиб келиниб, уларнинг сони 6,5 мингтага етди.

Раҳбарлар масъулияти янада оширилади

Очиқ айтиш керак, ҳозирги кунда бутун дунё коронавирусга қарши уруш ҳолатида турибди. Бу вазиятда ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ ўз юртини, ўз аҳолисини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўради. Энг аввало, хавф-хатарнинг йўлини беркитади, темир интизом ўрнатади. Қатъий сафарбарлик шароитида яшаш ва ишлашга ўтади. Бугун биз ҳам айни шундай ҳолатдамиз.

Афсуски, ўтган давр мобайнида жойлардаги айрим масъуллар, хусусан, сектор раҳбарлари томонидан ушбу жараёнларга панжа ортидан қараш ҳолатлари ҳам кузатилди. Гўёки бу муаммо фақат соғлиқни сақлаш вакилларига тегишли. Шу фикрда ҳудудлардаги шифохоналарга ташриф буюрмаган, беморлар учун шароитлар билан танишмаган, уларнинг дори-дармон, зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлангани, ўз секторида нечта касал аниқлангани, нечтаси уйда даволанаётгани билан умуман қизиқиб кўрмаган раҳбарлар ҳам борлиги аччиқ ҳақиқатдир.

Айни ҳолатдан келиб чиқиб, эндиликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари коронавирус ва пневмонияни даволаш бўйича ҳар томонлама тайёр бўлиши, ҳар бир беморга керакли тиббий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг ҳолатидан келиб чиқиб шифохонага ётқизилиши ва даволаниши учун шахсан жавобгар бўлиши белгилангани айрим масъулиятсиз раҳбарлар масъулиятини янада оширади, деб ўйлаймиз.

«Тошкент шаҳри тажрибаси» оммалаштириладими?

Жойлардаги бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизими ишини янада жонлантириш ҳам кун тартибидаги долзарб масалалардан. Боиси уйда даволанаётган беморларни даволаш, касаллик хавфи бор чақириқларга махсус гуруҳни жўнатиш масаласи барча ҳудудларда ҳам тўлиқ ечимини топган, дея олмаймиз.

Қайд этилишича, пойтахтимизда «оилавий поликлиника – мобиль бригадалар – махсус поликлиникалар – «103» тез ёрдам хизмати» тизимининг узвий ишлашини таъминлаш ҳисобига бир ҳафтада соғайганлар улушини 45 фоиздан 58 фоизга оширишга эришилди. Шу муносабат билан, бир ҳафта муддатда мазкур тажриба негизида ҳудудларда симптомсиз беморларни ўз уйида мобиль тиббий гуруҳлар ёрдамида уларнинг кўмак ва тавсиялари асосида даволаш тизими жорий этилади.

Яна бир муҳим масала: бугун аксарият шифохоналар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан тўлган. Бу эса айрим ҳолларда бошқа хасталиклар билан оғриган касалларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш имконини бермаяпти. Шу боис йиғилишда ҳудудларда COVID-19га чалинганларни қабул қилиш ва саралаш бўйича марказларни ташкил этган ҳолда, кичик шифохоналарни ўз профилига мувофиқ бошқа турдаги ва сурункали касалларни даволашга қайтариш лозимлиги айтиб ўтилди.

Маълумки, Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Россия фармацевтика компаниялари яқин вақт ичида вакцина ишлаб чиқаришни бошлаши ҳақида хабар қилиняпти. Шу боис Бош вазир ўринбосарига бир ҳафта муддатда етакчи олимлар ва тажрибали шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда вакцинани харид қилиш ва мамлакатимиз аҳолиси вакцинациясини амалга ошириш йўлларини пухта ўрганиб чиқиш топшириғи берилди.

Одамлар ҳолатини маҳалладан яхши биладиган бошқа одамнинг ўзи йўқ

Бугун ёрдамга муҳтож оилаларга озиқ-овқат, уйда даволанишга тавсия қилинган беморларга дори-дармон етказиб бериш ишларида маҳалла ходимлари фаол иштирок этмоқда. Касалликнинг олдини олиш, коронавирусга шубҳа бўлган фуқароларни шифохоналарга етказиш, карантин талабларини тушунтириш ва бу жараёнда жамоатчилик назоратини амалга оширишда ҳам уларнинг ўрни беқиёс. Чунки халқимиз турли хил масалаларда, биринчи навбатда, маҳаллага мурожаат қилишга ўрганган.

Аслида ҳам, ўз аҳолисининг аҳволидан яхши хабардор бўлган, қайси хонадонда қандай бемор борлигини, кимнинг яшаш шароити қандайлигини, ким ёрдамга, ким врачга муҳтожлигини улардан яхши биладиган бошқа одамнинг ўзи йўқ. Айни жиҳат ҳисобга олиниб, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ҳар бир маҳаллада йиғин раислари, профилактика инспектори ва бошқа ходимлар, маҳалла фаоллари ва нуронийлар, тиббиёт муассасалари ходимларини бирлаштириб, ўз ҳудудидаги аҳоли, айниқса, кексалар ҳолидан кунига хабар олиш, коронавирусга шубҳа бўлган ва касалликка чалинганларни тез тиббий ёрдам хизмати ва шифокорлар билан боғлашни ташкил этишга бош-қош бўлишади.

Шунингдек, маҳалла фаоллари ҳудудда аҳолининг зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслиги ва тўпланмаслиги, тиббий ниқоб тақиб юриши ва ижтимоий масофани сақлаши, тўй ва тадбирларни вақтинча ўтказмаслиги каби мажбурий талабларни доимий тушунтириши ва жамоатчилик назоратини амалга оширишлари талаб этилади.

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш