Коронавируснинг симптомсиз енгил тури ҳам ўпкани зарарлайдими?

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Рустам Икромов иштирокида бўлиб ўтган брифингда муҳим саволларга жавоб қайтарилди:

Брифингда коронавирус инфекцияси профилактикаси ва даволаш бўйича аҳоли саволларига жавоб қайтарилди:


Коронавируснинг симптомсиз енгил тури ҳам ўпкани зарарлайдими?

Ҳа, касалликнинг симптомсиз енгил тури ҳам 5 фоизгача ўпкани зарарлаши мумкинлиги тасдиқланган.

 Касаллик асорат қолдирмаслиги учун шифокор тавсияси билан ўз вақтида даволаниш муҳим.


Уҳан шаҳрида коронавирусдан соғайганларнинг 90 фоизида ҳозир ўпка яллиғланиши кузатилмоқда экан. Ўпка яллиғланишини кейинчалик даволаса бўладими?

 Барча ҳолатларда ҳам ўпка яллиғланиши коронавирус туфайли келиб чиқмайди.

 Пневмонияни даволашнинг самарали усуллари мавжуд ва бу касалликни даволаса бўлади.

 Коронавируснинг энг катта хавфи — ўпка фибрози, яъни ўпка чандиғига олиб келишидир. Бунда вирус ҳаво етиб бориш клапанларини ёпади. Натижада бемор кейинчалик юрак ва нафас етишмовчилигидан азият чекади.

 Ўпка чандиғи узоқ йилларда тикланади. Гоҳида бир умрлик ногиронликка ҳам олиб келиши мумкин.


Ўзэкспомарказда уйда даволаниш учун муолажа ёзиб беришди. Лекин дорихоналардан керакли дориларни тополмаяпман. Қон суюлтирадиган дорини тополмасак, қаерга мурожаат қилсак бўлади?

 Уй шароитида даволанишга шифокор кўрсатмасини ҳудудингиздаги оилавий поликлиникага маълум қилинг. 

 Поликлиникадаги мобил гуруҳ дастлабки ҳолатинингизни ўрганади ва ажратилиши қатъий белгиланган тегишли дори воситалари билан таъминлайди.

 Қўшимча дори воситаларини умумий тартибда харид қиласиз.


Чет элдан қайтарилаётган Ўзбекистон фуқаролари неча кун карантинда бўлишади?

 Чет давлатлардан чартер рейслар орқали олиб келинаётган фуқаролар уй шароитида ёки ўз хоҳишига кўра меҳмонхонада, алоҳида ташкил қилинган карантин масканида 10 кунлик карантинга олинади.

 Карантин якунида ПЗР тест таҳлили текширувида манфий натижага асосан карантиндан чиқарилади.


Қирғизистондан қайтаётганлар ҳам карантинга олиняптими?

 Қирғизистон ва бошқа МДҲ мамлакатларида узоқ вақт бўлиб қайтаётган фуқароларимиз ўрнатилган тартибга кўра, 10 кунлик карантин масканларида ёки хоҳишларига кўра мехмонхоналарнинг бирида маълум тўлов эвазига карантинга олинади.

Топширилган тест натижасини телеграм канал орқали ҳам кўрса бўладими?

Тест натижаларини кўриш учун махсус телеграм канал ташкил этилмаган.

 Лекин тест топширувчи фуқаро ўз хоҳишига кўра ва лаборатория масъулларининг келишуви билан ўзаро телеграм канал орқали жавобларини олишлари мумкин.


Бугунги пандемия шароитига мувофиқ Санитария- эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан қандай чоралар амалиётга татбиқ этилмоқда?

 Пандемия эълон қилинганидан буён Агентлик томонидан инфекция ўчоғини аниқлаш ва баратараф этиш ишлари ташкил этиб бориляпти. 

 Айнан касаллик манбаини алоҳидалаш ва мулоқотда бўлган шахсларни ўрнатилган тартибда карантинга олиш ишлари давом этмоқда. 

 Ҳозирги вақтга келиб, аҳоли ўртасида ушбу инфекцияга қарши иммун жавобни ўрганиш бошланган, шунингдек вакцинадан фойдаланиш юзасидан хулосалар йиғилмоқда.


Яқинларимиз қайси даволаш марказига тушгани тўғрисида маълумотни қаердан олиш мумкин?

 Карантинга олиш ва уларнинг қайси муассасада эканини аниқлаш учун фуқароларимиз Call-марказнинг 1003 рақамига мурожаат этишлари мумкин.


Ташкилотлар, тадбиркорлар ва бошқа иш берувчиларнинг ходимларида иш жараёнида касаллик юқтириб олинганда, улар томонидан ходим учун қандай шароит яратиб берилади?

 Тадбиркорлик субъектлари ходимларида иш жараёнида касалликни юқтириб олган бўлса, ходимни алоҳидалаш, беморни корхона ҳудудидан олиб кетилишини таъминлаш зарур.

 Ходимга бошқа усулларда моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш субъектнинг ички тартиблари ва жамоавий шартномада белгиланган тартибда амалга оширилади.


Ишлаб чиқарувчи, ташкилот, корхона ва бошқа берувчи муассасаларда ходимларнинг соғлиги учун кимлар жавобгар бўлади ва улар учун қандай талаблар жорий қилинган?

 Тадбиркорлик субъектларида ходимларнинг соғлиги учун иш берувчи жавобгар ҳисобланади ва тегишли назорат органлари томонидан назорат қилинади.

Иш берувчи ходим учун хавфсиз ва қулай меҳнат шароити яратиб бериши шарт.


Мен 14 кун давомида коронавирусга чалинган беморни даволашда иштирок этдим. Лекин менга 15 миллион сўм берилмади. Ишонч телефонига тушолмаяпман. Кимга арз қилсам бўлади?

Сиз кўрсатилган муассасага муайян муддатга хизматга юборилганингиз тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани тақдим қилган ҳолда, ССВ штабига мурожаат юборинг, муаммоингиз қисқа муддатларда ҳал қилиб берилади.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш