Ҳокимликлар диққатига: танқидга қачон тўғри муносабатда бўламиз?

Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, уни ўйлантираётган муаммолар ётади, албатта. Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда халқ дарди билан яшаш, хусусан, уларни қийнаётган муаммоларга тезкор ечим топиш учун мурожаатлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда эса ОАВнинг ҳам ўз ўрни бор. Газетамиз орқали ҳам Қорақалпоғистон Республикасининг айрим ҳудудларида кўп вақтдан буён тўпланиб қолган муаммолар бўйича бир қатор танқидий мақолалар чоп этилди. Хўш, мақолаларда сўз юритилган муаммоларга ечим топилдими?

Сув муаммоси ҳал бўлди...(ми?)

Газетамизнинг 20-сонида «Узумбоғ қачон ўз номига муно­сиб бўлади» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда Кегейли тумани Узумбоғ овул фуқаролар йиғинидаги Тентек арна овули аҳолисининг томорқа ерлари учун сув етиб келмаётгани, шу боис экинларнинг қувраш арафасида экани танқид қилинган эди. Мақо­ла чоп этилгач, кўп ўтмай, туман ҳокимлиги томонидан муаммо атрофлича ўрганилди.

— «Mahalla» газетасида сув би­лан боғлиқ муаммо баён этилгач, туман ҳокимлигидан мутахассис­лар келиб, шарт-шароитимизни ўрганиб кетишди, — дейди му­рожаатчилардан бири Арзибай Бекбаулиев. — Уч-тўрт кун ичида бир нечта экскаватор олиб кели­ниб, овул ариқ ва каналларини қазиб, кўтарма насоссиз сув чиқа­диган қилиб беришди ва сув билан боғлиқ муаммо барҳам топди. Бунинг учун таҳририят ходимлари ва туман ҳокимлигига миннатдор­лик билдирамиз.

Газетанинг 22-сонида чоп этилган «Дастур доирасидаги ишлар нега хўжакўрсинга бажа­рилмоқда?» номли мақолада Ну­кус шаҳридаги бир қатор фуқаро­лар йиғинларида «Обод маҳалла» дастури асосида олиб борилган ишларнинг чала қолиб кетгани танқид остига олинган эди. «Ҳаво йўллари» маҳалласи раиси Уснат­дин Холмуродовнинг таъкидла­шича, шу кунларда томини шамол учириб кетган уйларга шифер қоқиш, чала қолган чиқиндихона, маиший хизмат кўрсатиш шохоб­чалари қурилиши бошланган.

«Шикоят қилиб, туманимиз обрўсини туширяпсиз»

Албатта, газета танқидий мақо­ласидан кейин мутасаддиларнинг муаммони ҳал этишга уриниши қувонарли. Лекин афсуски, тан­қидни ҳамма ҳам бирдек қабул қилмайди. Жумладан, газета­мизнинг 26-сонида Қонликўл тумани «Наврўз» маҳалласи ҳудудидаги Ахун овули, Қора хўжа, Сақу овулларидаги анча йиллардан буён тўпланиб қолган муаммолар ҳақида «Мурожаатга масъулларнинг ҳанузгача жаво­би йўқ» сарлавҳали мақоласи чоп этилган эди. Мутасаддилар ушбу масалани ҳал этишнинг янгича усулини танлашибди.

— Газетада маҳалламиздаги муаммолар ёритилгач, мута­саддилар аҳоли билан учрашиб, муаммони ҳал қилиш ўрнига ҳокимлик амалдорларидан бири шахсан ўзимга: «Нима қилардинг мурожаат қилиб, интервью бериб, туманимизнинг обрўсига путур етказдинг», деб гина қилганига тушунмадим, — дейди Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, «Жасорат» медали со­ҳиби, биринчи гуруҳ ногирони Нурлибой Даулетбаев. — Туман обрўсини ўйлаган раҳбар жойлар­даги муаммолар ечимини излаши керак эмасми?! Умид қиламизки, туманимиз ҳокими ушбу масала­ларга бефарқ бўлмасдан ўз ташаб­буси билан муаммоларимизни ҳал қилиб беради.

Ҳокимлик доим ҳақ...(ми)?!

Танқид ҳеч кимга ёқмаслиги аниқ. Аммо уни ҳар ким ўзича қабул қилади. Кимдир бошқалар олдида уятли бўлмаслик учун кам­чилигини тузатишга ўтади, бошқа­си хатосини англаб етгани ҳолда муаммони ҳал қилади. Яна бир гуруҳ одамлар эса танқид қилув­чини айбдор қилиш орқали ўзини оқлаш йўлини танлайди.

Газетамизнинг 25-сонида эълон қилинган «Ҳоким маҳалла раисларини ишдан олди. Нега?» сарлавҳали мақолага туман ҳо­кимлиги зудлик билан муносабат билдиргани қувонарли ҳол. Аммо мақолада ёритилган масалани атрофлича ўрганган туман ҳоким­лиги матбуот хизмати бизни айб­лашга уринди. Жумладан, ҳоким­лик муносабатида: «...Гўёки «ушбу мақолани ёзиб интернетда чоп этсам, ишга тикланишинг аниқ» деган олдиндан ваъда бериш каби буюртмачини ишонтиришга қаратилган маъно ва мазмунлар сезилмоқда» дейилади. Шунинг­дек, мухбир масалани бир ёқлама ўргангани иддао қилинади.

Аслида эса, вазиятни ёритиш учун туман ҳокимлигига мурожаат қилганмиз ва мутасаддининг фик­ри ҳам берилган. Бу эса мақолага бир ёқлама ёндашилган, деган қа­рашга мос келмайди. Шунингдек, жавоб хатида ёзилишича, йиғин раисларини ишдан бўшатишда ту­ман ҳокими аралашмаган, уларга мажбурий равишда ариза ёзди­рилмаган.

— Бизга мажбурий ариза ёздир­ганини юзма-юз учрашиб, тасдиқ­лаб беришим мумкин, — дейди мурожаатчи Х.Жанназаров. — Бир вақтда етти кишидан ариза ёзганидан ҳам мажбурий экани яққол кўриниб турибди-ку?

Жавоб хатида ҳеч қандай қо­нунбузарликка йўл қўйилмаганини исботлашга уринилган. Шу билан бирга, қонунга зид равишда нима учун маҳаллага бошқа ҳудудда яшайдиган фуқаролар раис этиб тайинланишига (!) карантин сабаб қилиб кўрсатилган. Тўғри, каран­тиннинг ўша вақтдаги талабларига кўра, сайлов ўтказиш мумкин эмас эди. Аммо савол туғилади: маҳал­ла раислигига шу маҳалланинг ўзидан бошқа муносиб номзод топилмас эдими?!

Бундай баҳсталаб мавзуда ишга қонуний баҳони фақат суд бера олишини яхши биламиз. Аммо ҳо­кимлик муносабатида «Сари шун­гил» маҳалласи раиси Н.Капанов, Жана жап овули раиси Б.Байжа­новлар судга ариза беришгач, Фуқаролик ишлари бўйича Ну­кус туманлараро судининг очиқ мажлисида кўриб чиқилиб, ноқонуний ишдан бўшатилга­ни, ишга қайта тиклаш бўйича ажрим қилингани ҳақида ҳеч нима демаган.

Нима ҳам дердик, ОАВнинг вазифаси ҳукм чиқариш эмас, балки ҳолатни атрофлича ўрганиб, уни ўқувчилар эъ­тиборига ҳавола қилишдир. Умид қиламизки, буни тўғри тушунган Хўжайли тумани ҳо­кимлиги мутасаддилари таҳдидли тавсиялар ўрнига газета ўқишни ва шу орқали ҳокимликларнинг танқидий мақолаларга билдираёт­ган илиқ мунсабатларини ўзлаш­тиради.

Омирбай ЕСБЕРГЕНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш