Амир Темур Бувайдада қандай мақбара қурдирган?

Юртимизда тари­хий қишлоқлар, кўҳна обидалар, зиёратгоҳлар кўп. Улар халқлар тур­муш тарзи, мада­нияти, анъаналари ҳақида кўплаб маълумотлар бе­рувчи қутлуғ мас­кан, қадамжолар сифатида эътироф этиб келинади. Фарғона вилояти­нинг қадимги ҳу­дудларидан бири бўлган Бувайда туманидаги меъ­морий обида ва зиёратгоҳлар ўлка­миз тарихига оид қизиқарли маълу­мотларни ўзида мужассам қилгани билан ажралиб туради.

Бувайда олис ўтмишда Буюк Ипак йўлининг қўналғаси сифа­тида Қорахонийлар, Амир Темур ва Темурийлар даври ҳамда Қўқон хонлиги ҳукмдорлиги замони­да ҳам муҳим ҳудудлардан бири бўлган. Халқ тилида Пошшопирим зиёратгоҳи сифатида танилган Шоҳ Жарир тарихий обидаси деворла­рига ишланган дастлабки безак­лар VIII-IX асрга тааллуқли бўлиб, биргина шу жиҳатининг ўзи ҳам бу қишлоқ нечоғли қадимий экани­дан далолат. Пошшопирим қиш­лоғининг ўзига хос рамзи бўлган зиёратгоҳнинг кириш қисмида Темурийлар сулоласи қурдирган мақбара сақланиб қолган. Тарихий маскан ичкарисида ХIХ асрга оид бинолар бор. Йигирма бир метр­ли минора эса бир неча юз йил­лар мобайнида эътиқодда собит бувайдаликлар учун пок иймон рамзи бўлиб келмоқда.

Тадқиқотлар сири...

1939 йилда мазкур зиёратгоҳни кўздан кечирган академик Яҳё Ғуло­мов у ҳақда шундай ёзади: «Пошшо пир мозори. Бу катта қабристон, ушбу ном афсонавий инсон Пош­шо пир мақбараси номидан келиб чиққан. Мақбара қабр турган хона ва зиёратгоҳдан иборат. Мақба­ра пештоқи ғарбга қаратилган. Зиёратхона гумбазининг қурилиш услуби ўн саккизинчи асрдаги мадрасани эслатади. Қабр жой­лашган хона икки чиқиш йўлидан иборат; бири зиёратхона орқали, бошқа бири – жанубга қаратилган алоҳида пастаккина хона орқали. Кўринишидан мазкур мақбарага кириш йўли зиёратхона қурили­ши даврида беркитиб юборилган. Маҳаллий аҳоли мақбара қурили­шини Амир Темурга боғлайдилар. Қабристоннинг катта майдонининг устки қатлами қаттиқ шўрхок ердан иборат бўлиб, унда Ўрта Осиёда мўғуллар ҳукмронлиги даврига хос 54х54х6 сантиметрли пишиқ ғишт парчалари учрайди».

Санъатшунос олим И.Азимов­нинг таърифлашича, ҳозирга қадар сақланиб қолинган икки хонали Шоҳ Жарир ва Бастом бува ҳамда Биби Бувайда комплекси, асосан, тўртбурчакли ҳовлидаги ўн бе­шинчи асрда қурилган пештоқли- гумбазли дарвозахона ҳамда унинг ён томонига йигирманчи асрда қурилган очиқ масжиддан ва кўп­қиррали ҳовлидаги XV-XVI асрларга оид қабр ва дахмалардан иборат бўлган. Масжид тархи тўғри бур­чакли хонақоҳ ҳамда шифти маҳал­лий услубда ишланган уч томонли айвондан иборат бўлиб, уни 44 та устун кўтариб туради. У Фарғонага хос диний иншоотлар услубида қу­рилган, ўз даврининг улкан меъмо­рий обидаларидан бири сифатида баҳоланади.

Зиёратгоҳ тарихини ўрганиш бўйича мустақил изланишлар олиб борган бувайдалик журналист Собиржон Отабоевнинг хулосала­рига кўра, бу тарихий масканнинг Пошшопирим деб номланиши Биби Убайда билан боғлиқ. Му­ҳаммад ибн Жарирнинг катта онаси (бувиси) бўлган Биби Убайда набирасини ҳамиша Пошшопирим дея эркалатган. Эзгу дуо ижобат бў­либ, унинг зиёратига узоқ-яқин юрт подшолари келиб турган. Қўқон хони Худоёрхон ҳам ушбу табаррук маскан зиёратгоҳига тез-тез келиб тургани ҳақида жуда кўп хотиралар сақланиб қолганини баён қилиб, бу тарихий обида Амир Темур авлод­ларидан қолган бебаҳо ёдгорлик эканини билдиради.

– Халқ орасида юрган ривоят­ларда Фарғона вилоятидаги бир қатор зиёратгоҳларнинг (Пашшо пирим, Бастом бува, Галдирбобо) бунёд этилиши ва таъмирланиши Амир Темур ва Темурийлар номи билан боғланади, – дейди Фарғона давлат университети доценти, тарих фанлари доктори Баҳрид­дин Усмонов. – Гарчи бу ҳақда ёзма манбаларда аниқ маълумот бўлмаса-да, Фарғона водийсининг ғарбий чегарасида жойлашган Хўжанд шаҳридаги Шайх Маслаҳат мақбарасининг Амир Темур томо­нидан қайта қурилиши, водийнинг шимолий чегарасида жойлашган Сафедбулон қишлоғидаги Шоҳ Фазл мақбарасининг Темурийлар даврида қайта тиклангани, қола­верса, Пошшо пирим, Бастом бува зиёратгоҳларида Амир Темур ва Темурийлар даврига оид қурилиш­ларнинг сақлангани ҳамда Сафед­булон зиёратгоҳи ва Бувайда тума­нидаги бир қатор ёдгорликларнинг ўзаро боғлиқлиги ушбу ривоят­ларда асос борлигини кўрсатади. Этнограф олим Н.Абдулаҳатовнинг таъкидлашича, Пошшо пирим зиёратгоҳида пештоқли-гумбазли дарвозахона, Бастом бува зиёрат­гоҳидаги мақбара XIV-XVI асрларда қурилгани ҳақида асослар бор.

Айнан Амир Темурнинг саъй ҳаракатлари билан водийдан кўчманчилар ҳайдаб чиқарилиб, уларнинг янги босқинларига чек қўйилгани ҳамда бир қатор зиё­ратгоҳларнинг қайтадан қурил­гани Фарғона водийси аҳолиси ўртасида Амир Темур билан боғ­лиқ қатор ривоятларнинг ҳозирги кунга қадар яшаб келаётганига сабаб бўлгандир.

Юқорида келтирилган маълу­мотлар Темурийлар даврида Фар­ғона водийсида ҳарбий мудофаа иншоотларининг бунёд этилгани­ни ва уларнинг доимий таъмирлаб борилганини кўрсатади. Темурий­лар даврида ижтимоий-иқтисо­дий ҳаётнинг ривожланиб бориши кўплаб ижтимоий объектларнинг қурилишида ҳам ўз аксини топга­ни катта аҳамиятга эга.

Зиёратгоҳнинг янги даври

Мустақиллик йиллари зиёратгоҳ­га иккинчи умр бахш этди, унинг ҳудуди ҳар жиҳатдан кенгайти­рилиб, шарқона услубдаги янги бинолар, хизмат кўрсатиш ва севис шохобчалари қурилди. Зиёратгоҳ атрофида ўнлаб савдо дўконлари, ҳунармандчилик расталари фао­лияти йўлга қўйилди.

Маълум бўлишича, Банди кушод бува, Биби Убайда, Пошшопирим, Бастон бува ҳаётини ислом дини ривожига бахшида этган яқин қариндошлардир. Болаликдан Қуръ­онни ёд олган, урушларда саркарда сифатида қатнашган бу амакивач­чалар туманнинг бир-бирига қўшни қишлоқларида мангу қўним топган.

– Бувайда туманида хоки ётган авлиёлар деҳқончилик ва ҳунар­мандчилик соҳаси пири бўлган, – дейди «Пошшопирим» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хурсан­бой Саминов. –Асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб, сайқал­ланиб келаётган ривоят ва афсо­налар замирида шу юрт аҳлининг бунёдкорлик, ижтимоий-иқтисо­дий жабҳалардаги ҳар жиҳатдан фаол бўлгани кўриниб турибди. Пошшопирим зиёратгоҳига йўл мўъжаз кутубхонадан бошланади. Бу ерда диний қўлланмалар билан бирга, мумтоз ва жаҳон адабиё­тининг сара асарлари, зиёратгоҳ ҳақида қизиқарли қўлёзмалар, осори-атиқаларга алоҳида ўрин ажратилган.

Таъкидлаш жоизки, Фарғона водийсида соҳибқирон Амир Те­мур давлатчилик фаолияти билан боғлиқ ривоятлар ҳозирги кунга қадар сақланиб қолган. Бу ри­воятлар аксар ҳолларда муқаддас зиёратгоҳлар, қадамжолар тарихи, меъморий ечимлари билан боғла­нади. Лекин ҳали уларнинг очил­маган сир-синоатлари кўп. Уларни тадқиқ этиш, илмий асосда ху­лосалар чиқариш кўҳна халқнинг маданий ҳаёт тарзи, бунёдкорлик қобилиятлари ҳақида ишончли маълумотлар беришга асос бўла олади.

Расул КАМОЛ

«Маhalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш